Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҚЛ-463-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан 2019 йил 11 февралда киритилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҚЛ-463-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси масъул этиб белгилансин.
2. Қонун лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишни ташкил этиш бўйича мувофиқлаштирувчи гуруҳ ушбу қонун лойиҳасини Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасига, сиёсий партиялар фракцияларига ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳига топширсин.
3. Юридик бўлим бир ҳафта муддатда мазкур қонун лойиҳасининг ҳуқуқий экспертизасини ташкил этсин ҳамда Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасига хулоса тақдим этсин.
4. Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси сиёсий партиялар фракциялари, Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг фикрлари ва таклифларини ҳамда Юридик бўлимнинг хулосасини ҳисобга олган ҳолда Қонунчилик палатаси Кенгашига мазкур қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш мумкинлиги тўғрисида хулоса тақдим этсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари С. ОТАМУРАТОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 12 февраль,
2344-III-сон