Жиззах вилояти Арносой тумани ҳокимининг
Қарори
Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни 2021 йилда ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш тўғрисида
Мазкур қарор Арнасой тумани ҳокимининг 2021 йил 7 октябрдаги 99-3-43-Q/21-сонли «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни 2022 йилда ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддаси асосида, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш тўғрисида»ги Низомга асосан Арнасой туманидаги корхона ва ташкилотларда 2021 йил мобайнида ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш мақсадида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддасига, «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш тўғрисида»ги Низомга асосан, 20 нафардан кўпни ташкил этадиган корхона, ташкилот ва муассасаларда ходимларнинг рўйхатдаги ўртача сонининг 10 фоиз миқдоригача, (шу жумладан, ногиронлар учун 3 фоиз) жами 57 та квота иш ўринлари белгилаш иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш тўғрисида»ги Низомга асосан Низомнинг 3-бандига мувофиқ, корхона ва ташкилотларда жорий йилда ишга жойлаштириб бўлинган шахслар иш ўринлари 2021 йил учун банд қилиб қўйиладиган иш ўринлари сонини белгилашда ҳисобга олинсин.
Шу жумладан:
а) ўн тўрт ёшгача болалари бўлган ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ва кўп болали, кичик ёшли ишламаган ота-оналар учун 7 фоиз (8 киши);
б) умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшлар, шунингдек, олий таълим муассасаларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари 10 фоиз (39 киши);
в) сафарбарлик чақируви захирасида хизматни ўтаган ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар 7 фоиз (3 киши);
г) ногиронлар учун 3 фоиз (1 киши);
д) пенсияолди ёшидаги шахслар учун 7 фоиз (3 киши);
е) жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суднинг қарорига кўра тиббий тусдаги мажбурлов чоралари қўлланилишидан озод қилинган шахслар, 7 фоиз (2 киши);
ж) одам савдоси қурбонлари учун 7 фоиз (1 киши)
3. Шахсларнинг кўрсатиб ўтилган тоифалари учун иш ўринлари санитария-гигиена меъёрларига ва ходим ўз меҳнат мажбуриятларини тўсиқсиз бажаришини таъминлайдиган меҳнат қилиш шароитларига мувофиқ бўлиши керак.
4. Иш ўринлари захирага қўйиладиган ҳар бир корхона, ташкилот ва муассасаларда касблар ва лавозимлар рўйхати келтириб ўтилсин.
5. Корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарлари йил бошланишидан олдин 10 кундан кечикмай муҳтожларни ишга жойлаштириш учун муҳтожлар учун захирага қўйиладиган иш ўринлари умумий сонининг камида 25 (йигирма беш) фоизи миқдорида иш ўринлари захирага қўйилиши ва тайёрлигини таъминлаши, шунингдек, бу ҳақда йил бошлангунга қадар туман Бандликка кўмаклашиш марказини хабардор қилиши шарт.
6. Муҳтожлар учун иш ўринларининг қолган қисмини захирага қўйиш ташкилот (иш берувчи) томонидан календарь йилнинг биринчи чораги мобайнида таъминланади, бу ҳақда туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига биринчи чорак тамом бўлгандан кейин 10 кундан кечикмай хабардор қилинсин.
Ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5 кунигача туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига Низомнинг 5-иловасига мувофиқ шакл бўйича муҳтожларни ишга жойлаштириш тўғрисида ахборот тақдим этилсин.
7. Ушбу қарорни бажармаган ташкилотларнинг мансабдор шахсларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жавобгарлик белгиланади.
8. Белгилаб қўйилсинки, маҳаллий давлат ҳокимияти органининг ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш қидиришда қийналаётган шахслар учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш бўйича қарорини бажармаганлик учун жаримани тўлаганлик ташкилотни банд қилиб қўйиладиган иш ўринларининг белгиланган сонини ташкил этишдан озод қилмайди.
9. Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш қидиришда қийналаётган шахслар учун банд қилиб қўйиш сонидан ортиқча иш ўринлари ташкил этилган тақдирда ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансуб шахсларни квоталанган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга — ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида ҳақ тўлаш; Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 мартдаги ПҚ-4227-сон 1 боб, 2-банди Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланиши белгилансин.
10. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан туман ҳокимининг 2019 йил 30 сентябрдаги «Ижтимоий муҳофазага муҳтож шахслар учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисида»ги 1843-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
11. Туман Аҳоли бандликка кўмаклашиш маркази бир ҳафта муддатда ушбу қарорни иловада кўрсатилган ташкилот раҳбарлари эътиборига етказсин ва мазкур қарорнинг бажарилиши устидан назоратни таъминласин.
12. Мазкур қарор «Арнасой тонги» газетасида расмий эълон қилинсин ва ҳокимликнинг www.arnasoy.jizzax.uz расмий веб-сайтига жойлаштирилсин, шунингдек, «Арнасой тонги» газетаси таҳририяти мазкур қарорнинг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
13. Ушбу қарор расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари О. Норбўтаев зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Х. АЛИМАРДАНОВ
Ғолиблар шаҳарчаси,
2020 йил 30 сентябрь,
979-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.09.2020 й., 11/20/979/1541-сон)