Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг
Қарори
«2021 — 2023 йилларга мўлжалланган ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини комплекс ривожлантириш дастури»га вилоят бўйича киритилаётган лойиҳалар ҳамда ичимлик суви ва канализация хизматлари тарифлари тақдимоти
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 25.09.2020 йилдаги «Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳадаги инвестиция лойиҳалари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6074-сон Фармонига мувофиқ ҳамда Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 25 сентябрдаги «Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳадаги инвестиция лойиҳалари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6074-сон Фармони ижро учун қабул қилинсин.
2. «Жиззах Сув таъминоти» масъулияти чекланган жамияти директори «2021 — 2023 йилларга мўлжалланган ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини комплекс ривожлантириш дастури»га вилоят бўйича киритилаётган лойиҳалар ҳамда ичимлик суви ва канализация хизматлари тарифлари юзасидан тақдимоти маълумот учун қабул қилинсин.
3. Вилоятда «2021 — 2023 йилларга мўлжалланган ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини комплекс ривожлантириш» Дастури (кейинги ўринларда Дастур) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари, вилоят молия бош бошқармаси , вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси, «Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси» давлат унитар корхонаси Жиззах вилоят бошқармаси билан биргаликда «Дастур»га киритилган лойиҳаларни белгиланган тартибда ва ўз муддатида молиялаштириш чораларини кўрсин.
5. «Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси» давлат унитар корхонаси Жиззах вилоят бошқармаси дастурга киритилган лойиҳаларни ўз вақтида сифатли қуриб фойдаланишга топширилишини таъминласин.
6. Вилоят қурилиш бош бошқармаси, вилоят архитектура ва қурилиш назорати инспекцияси билан биргаликда хар бир объектда ишларнинг сифати бўйича алоҳида назорат ўрнатилишини таъминласин.
7. Вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари, вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси, «Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси» давлат унитар корхонаси Жиззах вилоят бошқармаси, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги «Сувинспекция»нинг Жиззах вилояти бош инспекторига:
Дастур ижросини мониторинг қилиб бориш бўйича ишчи гуруҳини тузиш;
ишчи гуруҳи томонидан тақдим этилган таҳлилий маълумотлар асосида Дастур ижросини хар ойда бир маротаба мажлисларда танқидий муҳокама қилиб бориш;
ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмаган лойиҳалар юзасидан масъул бошқарма, ташкилот ва муассасалар раҳбарларига нисбатан тегишли чораларни кўриш бўйича таклифларни киритиш;
Дастур ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар бўйича хар ойда халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибиятига маълумот киритиб борилишини таъминлаш вазифалари юклансин.
8. Дастур доирасида қурилиши тугалланган ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимлари объектларидан самарали фойдаланилишини таъминлаш мақсадида фойдаланувчи балансига қабул қилишдан олдин вилоят архитектура ва қурилиш назорати инспекциясининг ижобий хулосаси олиниши белгилаб қўйилсин.
9. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари:
Дастур ижросини таъминланиши юзасидан доимий назорат ўрнатиш;
ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларида амалга оширилаётган хар бир лойиҳани тўлиқ якунига қадар жойига чиққан холда ўрганиб борилишини ҳамда бу борада қатъий депутатлик назорати ўрнатишни амалга оширсин.
10. «Жиззах Сув таъминоти» МЧЖ томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида корхонани модернизация қилиш харажатларини инобатга олиб, вилоят Молия бош бошқармаси ва вилоят Монополияга қарши курашиш қўмитаси Жиззах вилояти бошқармалари томонидан берилган хулосаларга асосан ичимлик суви1 метр куби тариф нархи аҳоли истеъмолчилари учун 2500 сўм, юридик ташкилотлари учун 3500 сўм (қўшимча қиймат солиғисиз), канализация хизмати учун аҳолига 1000 сўм, юридик ташкилотларига 1500 сўм (қўшимча қиймат солиғисиз) этиб тарифлар тасдиқлансин.
11. Ахборотлаштириш ва оммавий коммуникациялар вилоят бошқармаси, вилоят телевидениеси, «Жиззах ҳақиқати» газетаси таҳририятига дастур ижроси юзасидан олиб борилаётган ишларни доимий равишда оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
12. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Саноат, транспорт, қурилиш, алоқа, коммунал хўжалик ҳамда аҳолига хизматлар кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссияси (Т. Усмонов) ва вилоят ҳокимининг ўринбосарлари (Н. Ражабов, А. Рахмонқулов) зиммасига юклатилсин.
Вилоят Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э. САЛИЕВ
Жиззах ш.,
2020 йил 23 октябрь,
64/11-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.10.2020 й., 11/20/64/11/1544-сон)