Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Франция Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Ўзбекистон Республикасида Франция тараққиёт агентлиги ва «ПРОПАРКО»ни таъсис этиш ва уларнинг фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Франция Республикаси Ҳукумати (кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар),
Томонларнинг дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга ўзаро интилишларини инобатга олиб,
Томонларнинг тенглик ва ўзаро манфаатдорлик принциплари асосида иқтисодий ва молиявий ҳамкорликни фаоллаштириш ва кенгайтириш ўзаро истагини ҳисобга олиб,
Франция тараққиёт агентлиги (кейинги ўринларда «ФТА» деб юритилади) ва унинг шўъба корхонаси Иқтисодий ҳамкорликда иштирок этиш ва кўмаклашиш жамияти (Societe de Promotion et de Participation pour la Cooperation Economique) (кейинги ўринларда «ПРОПАРКО» деб юритилади) тараққиёт лойиҳаларини молиялаштиришга ихтисослашганлигини ва ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олиб боришини эслатиб,
Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ривожланиши мақсадларига мувофиқ ФТА ва ПРОПАРКО молиявий ва техник ёрдамини Ўзбекистон Республикасида қулайлаштириш учун ушбу Битимнинг (кейинги ўринларда «Битим» деб юритилади) тузилиши Томонларнинг умумий манфаатларига жавоб беришини ҳисобга олиб,
Томонлар давлатларининг мустақиллик, суверенитет, ички ишларига аралашмаслик ва тенглик принципларини ҳурмат қилган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Битимнинг мақсади
Битимнинг мақсади
Ушбу Битимнинг мақсади ФТА ва ПРОПАРКО Ўзбекистон Республикасидаги фаолиятининг тартиби ва шартларини белгилашдан иборат.
2-модда
ФТА ва ПРОПАРКОнинг Ўзбекистон Республикасида мақоми ва фаолияти
ФТА ва ПРОПАРКОнинг Ўзбекистон Республикасида мақоми ва фаолияти
2.1. Томонлар ФТА ва ПРОПАРКОнинг Франция Республикаси қонунчилигига мувофиқ юридик шахслар эканликларини ҳамда мазкур Битимга биноан Ўзбекистон Республикасида ўз фаолиятларини амалга оширишлари мумкинлигини, шу жумладан қуйидаги ҳуқуқларга эга эканликларини тан оладилар:
а) Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатишлари учун зарур ашёвий ва шахсий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларга эга бўлиш ва уларни амалга ошириш;
б) музокаралар олиб бориш ва ҳар қандай турдаги шартнома ва контрактлар тузиш;
в) Ўзбекистон Республикаси ёки ҳар қандай давлат ёхуд хусусий субъектлар (жисмоний шахслар бундан мустасно) томонидан тақдим этилган барча таъминот шаклларини, шу жумладан кафолат ва гаровларни қабул қилиш;
г) Ўзбекистон Республикасининг ҳар қандай судларида даъвогар ёки жавобгар сифатида иштирок этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси органларига мурожаат қилиш.
2.2. ФТА ва ПРОПАРКО ушбу Битим қоидаларига мувофиқ қуйидаги ҳуқуқларга ҳам эга:
а) давлат ёки хусусий субъектларга (жисмоний шахслар бундан мустасно) ва давлат ёки хусусий банк ҳамда молиявий муассасаларга, шунингдек давлат ёки хусусий миллий, хорижий ёки халқаро уюшма ёки ташкилотларга ҳамда Ўзбекистонда фаолият юритаётган ёки унинг ҳудудида ўз бош офисига эга ҳар қандай юридик шахсга (кейинги ўринларда «бенефициар» деб юритилади) евро, АҚШ доллари ёки Томонлар учун мақбул бўлган бошқа хорижий валютада молиялаштиришни тақдим этиш, шунингдек ҳар қандай молиявий ва техник ёрдам кўрсатиш;
б) Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳар қандай компания капиталида (ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар) улушларни эркин қўлга киритиш, инвестицион фондларга маблағлар киритиш, шунингдек ўз иштирок улушлари ёки акцияларидан фойдаланиш ёки уларни ҳар қандай маҳаллий ёхуд хорижий юридик ёки жисмоний шахсларга ўтказиш;
в) давлат ёки хусусий субъектлар учун (жисмоний шахслар бундан мустасно) консультатив, техник ёрдам ёки таълим бериш хизматларини кўрсатиш ва тадқиқотлар ўтказиш.
Ушбу Битим доирасида молиялаштириладиган ҳар бир лойиҳа унинг Ўзбекистон Республикасида амалга оширилиши мақсадга мувофиқлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан мажбурий тарзда олдиндан келишилади.
2.2-модданинг «а», «б» ва «в» бандларида санаб ўтилган хатти-ҳаракатлар ҳар бир алоҳида ҳолатда тузиладиган ҳамда Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлаштирадиган алоҳида битим билан тартибга солинади.
2.3. ФТА ва/ёки ПРОПАРКО ўз фаолиятини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси ёки ҳар қандай давлат ёхуд хусусий субъект (жисмоний шахслар бундан мустасно) билан тузадиган битимлари инглиз тилида тузилиши мумкин.
2.4. ФТА ва/ёки ПРОПАРКО томонидан ўз ваколати доирасида Ўзбекистон Республикаси ёки ҳар қандай давлат ёки хусусий субъект (жисмоний шахслар бундан мустасно) билан тузиладиган молиялаштириш тўғрисидаги битимлар ҳар бир алоҳида ҳолатда Томонлар белгилайдиган қонунчилик билан тартибга солиниши мумкин бўлиб, бунда низоларни ҳал қилиш масалалари Халқаро ҳакамлик суди ёки Томонлар келишувига мувофиқ низоларни ҳал қилувчи бошқа орган юрисдикциясига тааллуқли бўлиши мумкин ва уларнинг қарорлари 1958 йилдаги «Чет эл мамлакатлари ҳакамлик қарорларини тан олиш ва ижро этиш тўғрисида»ги Нью-Йорк конвенциясига мувофиқ ўзаро тан олиниши ва ижро этилиши лозим.
3-модда
Банк масалаларини тартибга солиш
Банк масалаларини тартибга солиш
3.1. ФТА ва ПРОПАРКО томонидан ушбу Битим доирасида амалга ошириладиган молиялаштириш уларнинг Францияда ва чет элларда очилган банк ҳисобварақлари орқали амалга оширилади.
3.2. ФТА ва ПРОПАРКО ва уларнинг ваколатхоналари (қуйида келтириладиган 6-моддага мувофиқ белгиланганидек) Ўзбекистон Республикасида банк ва/ёки кредит ташкилоти мақомига эга эмас.
Шу сабабли уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таъсис этилган ва фаолият юритадиган ҳар қандай банк турлари ва/ёки кредит ташкилотларига қўлланиладиган ҳар қандай банк қонунчилиги ёки бошқа қонун ҳужжатлари қоидалари қўлланилмайди.
3.3. ФТА ва ПРОПАРКО Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан келишган ҳолда банк таваккалчилиги борасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Кредит ахбороти миллий институти (кейинги ўринларда «КАМИ» деб юритилади) йиғма ахборотидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
ФТА ва ПРОПАРКО КАМИга банк таваккалчилигини таҳлил қилиш ва унинг олдини олиш учун зарур бўлган ахборотларни тақдим этади.
ФТА ва ПРОПАРКО Франция банки қошидаги Таваккалчиликлар марказий бюроси ва КАМИ ўртасида тажриба алмашинувига кўмаклашадилар.
4-модда
Валютани эркин айирбошлаш ва пул ўтказмалари
Валютани эркин айирбошлаш ва пул ўтказмалари
4.1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати бенефициар ўзининг ФТА ва/ёки ПРОПАРКО олдидаги мажбуриятларини қоплаши учун миллий валютадаги маблағларни хорижий валютага эркин айирбошлашини ва уларнинг ўтказилишини кафолатлайди, башарти ФТА ва/ёки ПРОПАРКО бенефициари хорижий валютани сотиб олиш учун ариза берган бўлса.
Ушбу кафолат молиялаштиришда иштирок этаётган томонлар мажбуриятларининг бажарилиши кафолати ҳисобланмайди.
4.2. ФТА ва ПРОПАРКО зарурият тугилганда қарз маблағларини қарз олувчининг товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчиларига бевосита тўлаш ҳуқуқига эга, башарти улар Ўзбекистон Республикаси норезидентлари бўлса.
5-модда
ФТА ва ПРОПАРКОнинг Ўзбекистон Республикасида солиққа тортилиши
ФТА ва ПРОПАРКОнинг Ўзбекистон Республикасида солиққа тортилиши
ФТА ва ПРОПАРКО мазкур Битимнинг 2-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасидаги фаолияти доирасида фойда солиғини (шу жумладан тўлов манбаидан ушлаб қолинадиган) тўлашдан озод этилади.
6-модда
ФТА ва ПРОПАРКОнинг ваколатхоналари — уларнинг ходимлари мақоми
ФТА ва ПРОПАРКОнинг ваколатхоналари — уларнинг ходимлари мақоми
6.1. Томонларнинг ўзаро келишувига ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ФТА ва ПРОПАРКО ушбу Битимда кўзда тутилган қоидаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасида ўзларининг ваколатхоналарини (кейинги ўринларда «Ваколатхоналар» деб юритилади) очиш ҳуқуқига эга.
6.2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Ваколатхоналар ва уларнинг чет эллик ходимларини Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ аккредитация қилишда кўмаклашади.
6.3. Ваколатхоналар ФТА ва/ёки ПРОПАРКО томонидан Ўзбекистон Республикасида молиялаштириш учун лойиҳаларни идентификациялаш, бундай лойиҳалар билан боғлиқ ҳужжатларни тайёрлаш ва ишлаб чиқиш, шунингдек уларнинг бажарилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш учун масъул.
6.4. Ваколатхоналар банк ва/ёки кредит ташкилоти мақомига эга эмас ҳамда тижорат фаолияти билан шуғуллана олмайди.
6.5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Ваколатхоналарга қуйидаги имтиёзларни тақдим этади:
Ваколатхоналар фаолияти учун зарур бўлган Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган ускуналар ва предметларни божхона божлари ва солиқлардан озод этиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ваколатхоналар эҳтиёжи учун транспорт воситаларини, бироқ ҳар бир Ваколатхона учун иккитадан кўп бўлмаган транспорт воситасини, «вақтинча олиб кириш» божхона режимида олиб кириш учун даврий божхона тўловларидан озод этиш;
Ваколатхоналарнинг чет эллик ходимларига иш ҳақи ва мукофотлар тўлаш билан боғлиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан озод этиш.
6.6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ФТА ва ПРОПАРКОнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги активларини национализация ва экспроприация қилмайди.
Давлатнинг асослантирилган манфаати сабабли бундай чоралар ёки хатти-ҳаракатлар қўлланиладиган бўлса, улар ФТА ва ПРОПАРКОга муносиб компенсация қилиниши лозим.
6.7. Ваколатхоналар Ўзбекистон Республикасида миллий валютада, АҚШ долларида ва/ёки еврода ҳисобварақлари очиш ҳуқуқига эга.
6.8. Ваколатхоналар ходимларининг мақоми:
ФТА ва ПРОПАРКО Ўзбекистон Республикасида ходимларни фуқароликка мансублигидан қатъий назар ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга.
6.8.1. Ваколатхоналарнинг чет эллик ходимлари:
а) ФТА ва ПРОПАРКО ўзларининг Ўзбекистон Республикасидаги Ваколатхоналари лозим даражада фаолият кўрсатиши учун зарур бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган ходимлари (кейинги ўринларда «чет эллик ходимлар» деб юритилади) сони ва малакасини белгилайди;
б) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Ваколатхоналарнинг чет эллик ходимларига, шунингдек уларнинг оила аъзоларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши, чиқиши ва бўлишида ҳамда рўйхатдан ўтиши/аккредитация қилинишида кўмаклашади;
в) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Ваколатхоналарнинг чет эллик ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини:
шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган товарларни божхона божлари ва солиқлардан озод этади;
Ваколатхоналарнинг ҳар бир чет эллик ходими ва унинг турмуш ўртоғи шахсий эҳтиёжлари учун «вақтинча олиб кириш» божхона режимида олиб кириладиган транспорт воситаси учун даврий божхона тўловларини тўлашдан озод этади;
ФТА ва ПРОПАРКО учун Ўзбекистон Республикасида олиб бораётган фаолияти билан боғлиқ равишда тўланаётган мукофотлар ва тўловларни жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этади;
г) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўрнатилган тартибда ФТА ва ПРОПАРКОга чет эллик мутахассисларни жалб этиш учун рухсатномалар берилишини (муддати узайтирилишини), ФТА ва ПРОПАРКО чет эллик ходимларининг турмуш ўртоқларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминлайди.
6.8.2. Ваколатхоналарнинг маҳаллий ходимлари:
ФТА ва ПРОПАРКО Ўзбекистон Республикасидаги фаолияти доирасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган ёки меҳнат ҳуқуқи, ижтимоий таъминот ва тиббий суғуртага оид Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва қоидаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида яшовчи ходимларни ишга қабул қилишлари мумкин.
6.8.3. ФТА ва ПРОПАРКОнинг Ўзбекистон Республикасидаги муваққат миссиялари:
ФТА ва ПРОПАРКО лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш доирасида муваққат миссия ёки маслаҳатчиларни Ўзбекистон Республикасига жўнатишлари мумкин;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати муваққат миссиялар аъзоларининг Ўзбекистон Республикасига кириши ва чиқиши, бўлиши ҳамда рўйхатдан ўтишига кўмаклашади.
Ваколатхоналар чет эллик ходимларига нисбатан қўлланиладиган имтиёзлар муваққат миссиялар аъзоларига татбиқ этилмайди.
7-модда
Битимнинг қўлланилиши
Битимнинг қўлланилиши
ФТА ва ПРОПАРКОнинг Ўзбекистон Республикасидаги мазкур Битимнинг 2-моддасида назарда тутилган фаолиятини амалга оширишига кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ушбу Битим қоидаларининг ўз вақтида бажарилиши бўйича чоралар кўради.
8-модда
Битимнинг кучга кириши, амал қилиш муддати, ўзгартиш киритиш ва тугатилиши
Битимнинг кучга кириши, амал қилиш муддати, ўзгартиш киритиш ва тугатилиши
8.1. Кучга кириши.
Томонлар ушбу Битимнинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларнинг тугатилганлиги тўғрисида бир-бирларини ёзма равишда хабардор қиладилар. Ушбу Битим бундай хабарноманинг охиргиси олинган санадан кейинги ойнинг биринчи кунидан кучга киради.
8.2. Ушбу Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш.
Томонлар ўзаро келишув асосида ушбу Битимга унинг ажралмас қисми бўлган алоҳида баённомалар билан ўзгартиш ва қўшимчалар киритишлари мумкин.
8.3. Низоларни ҳал этиш.
Ушбу Битимни талқин этиш ёки қўллашга доир Томонлар ўртасидаги ҳар қандай низони Томонлар дипломатик каналлар орқали музокара ва маслаҳатлашувлар ўтказиш йўли билан ҳал этадилар.
8.4. Амал қилиш муддати ва тугатиш.
Ушбу Битим номуайян муддатга тузилади.
Томонлардан бири бошқа Томонга дипломатик каналлар орқали ёзма хабарнома йўллаш орқали Битимни исталган вақтда тугатиши мумкин. Бундай хабарнома олинган кундан олти ой ўтгач Битим амал қилишини тугатади.
Ушбу Битим амал қилинишининг тугатилиши мазкур Битим амал қилиш муддатида тузилган ҳар қандай амалдаги келишувларга таъсир қилмайди.
Гамбург шаҳрида 2016 йилнинг 8 декабрида икки (2) асл нусхада, ҳар бири ўзбек ва француз тилларида тузилди, бунда иккала матн бир хил кучга эга.
(имзолар)