Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Тошкeнт шаҳар йўловчи ташиш автобуслари паркини янада янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида
Автобус паркларининг ҳаракатдаги таркибини замонавий, қулай транспорт воситалари билан янгилаш ҳисобига Тошкент шаҳри аҳолисининг узлуксиз йўловчи ташишда ортиб бораётган талабини тўлиқ қондириш мақсадида:
1. «Тошшаҳартрансхизмат» уюшмаси ва «ЭвоБус ГмбҲ» фирмаси (Германия) томонидан 2012 йилда «Mercedes-Benz Conecto Low Floor» русумидаги 100 та шаҳар йўловчи автобуси ва улар учун эҳтиёт қисмлар етказиб бериш учун иловадаги жадвалга мувофиқ жами 14,0 млн евро миқдорида олди-сотди шартномаси имзолангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
100 та шаҳар йўловчи автобуслари ва уларнинг эҳтиёт қисмларини етказиб бериш учун олди-сотди шартномасининг тўлиқ қийматини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 15 йил муддатга (шу жумладан 3 йиллик имтиёзли давр билан) бериладиган кредити ҳисобига амалга оширилади. Кредитнинг йиллик фоиз ставкаси 0,5 фоизни, қайта молиялаштирувчи банк — «Ўзсаноатқурилишбанк» ОАТБ нинг йиллик маржаси эса 0,25 фоизни ташкил этади;
асосий қарзни қайтариш, кредитга хизмат кўрсатиш бўйича фоизлар ва воситачилик ҳақини тўлаш кредит келишувлари шартларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, «Ўзсаноатқурилишбанк» ОАКБ ва «Тошшаҳартрансхизмат» уюшмаси, истисно тариқасида, техник-иқтисодий ҳисоб-китоб параметрлари кўриб чиқилгунга қадар кредит келишувларини расмийлаштирсин ва «ЭвоБус ГмбҲ» фирмаси билан олди-сотди шартномасида назарда тутилган муддатларда молиялаштиришни очсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги «Тошшаҳартрансхизмат» уюшмаси ва «ЭвоБус ГмбҲ» фирмаси ўртасида тузилган олди-сотди шартномаси бўйича эксперт хулосаси берсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
кредит келишувлари шартларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамгъармаси кредитига хизмат кўрсатиш учун 2012 йил охиригача Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамгъармасидан маблагълар ажратсин;
2013 йилдан бошлаб ҳар йили Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети параметрларини шакллантиришда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредитига хизмат кўрсатиш учун маблагълар назарда тутсин.
6. «Тошшаҳартрансхизмат» уюшмаси:
бир ой муддатда «Mercedes-Benz Conecto Low Floor» русумидаги 100 та шаҳар йўловчи автобусларини сотиб олишнинг техник-иқтисодий ҳисоб-китоби ишлаб чиқилишини ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредитига хизмат кўрсатиш учун йўналтириладиган пул маблағларини қабул қилиш мақсадида «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБда махсус ҳисоб рақамини очсин.
7. Ўзбекистон Республикаси молия вазирига «Тошшаҳартрансхизмат» уюшмасининг «Ўзсаноатқурилишбанк» ОАТБ олдидаги мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан жалб қилинаётган кредит юзасидан Ўзбекистон Республикаси номидан кафолат бериш ваколати берилсин.
8. «Mercedes-Benz Conecto Low Floor» русумли 100 та шаҳар йўловчи ташиш автобуси ва уларга эҳтиёт қисмлар, шунингдек «ЭвоБус ГмбХ» фирмаси билан тузилган олди-сотди шартномаси бўйича фойдаланишнинг кафолат муддати даврида сафдан чиққан автобуслар ўрнига етказиб бериладиган эҳтиёт қисмлар ва материаллар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинсин.
9. Белгилансинки, «Тошшаҳартрансхизмат» уюшмаси томонидан таркибий бўлинмаларга берилаётган «Mercedes-Benz Conecto Low Floor» русумли 100 та шаҳар йўловчи ташиш автобуси ва уларга эҳтиёт қисмлар, шунингдек, «ЭвоБус ГмбХ» фирмаси билан тузилган олди-сотди шартномаси бўйича фойдаланишнинг кафолатли муддати даврида сафдан чиққан автобуслар ўрнига етказиб бериладиган эҳтиёт қисмлар ва материаллар қўшилган қиймат солиғи солиш объекти ҳисобланмайди.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2012 йил 5 март,
ПҚ-1721-сон