Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
МОЛИЯ-САНОАТ ГУРУҲЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 22 августдаги 347-сонли «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Молия ва саноат капиталини бирлаштириш, иқтисодий жиҳатдан самарали бўлган хўжалик алоқаларини ривожлантириш ва иқтисодиётнинг турли секторларида ишлаб чиқаришни интеграциялаш, шунингдек, корхоналарни бошқаришнинг замонавий шаклларини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Молия-саноат гуруҳлари тўғрисидаги Низом тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги молия-саноат гуруҳларини қонунчиликда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги икки ой муддатда, монополияга қарши талабларни ҳисобга олган ҳолда, таклифлар (лойиҳалар) ни кўриб чиқиш ва молия-саноат гуруҳларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги методик тавсияларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш бош вазир ўринбосари Б.С.Ҳамидов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1995 йил 12 сентябрь,
354-сон
Молия-саноат гуруҳлари тўғрисида
низом
1. Молия-саноат гуруҳи ўз қатнашчиларининг моддий ва молия ресурсларини қўшиш йўли билан капиталларни бирлаштириш асосида фойда (даромад) олиш, ишлаб чиқаришнинг рақобат қилиш қобилиятини ва самарадорлигини ошириш, мақбул технология ва кооперация алоқаларини ташкил этиш, экспорт имкониятларини кўпайтириш, илмий-техникавий тараққиётини ривожлантириш ҳамда инвестицияларни жалб қилиш мақсадида фаолият юритувчи кредит-молия муассасалари, инвестиция муассасалари, корхоналар, бошқа муассасалар ва ташкилотларнинг хўжалик уюшмасидир.
2. Молия-саноат гуруҳларини ташкил этиш, уларнинг фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши «Ўзбекистон Республикасидаги корхоналар тўғрисида», «Хўжалик жамиятлари ва ширкатлари тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, мазкур Низом ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.
3. Мулкчилик шаклларидан қатъи назар, ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги корхоналар, шунингдек, кредит-молия ва бошқа муассасалар, инвестиция муассасалари, ташкилотлари, шу жумладан, хорижий муассасалар, инвестиция муассасалари ва ташкилотлари молия-саноат гуруҳи қатнашчилари бўлишлари мумкин.
Тижорат банклари молия-саноат гуруҳлари қатнашчилари бўлишлари мумкин. Бунда молия-саноат гуруҳи устав фондидаги тижорат банкларининг мол-мулки улуши шу фонднинг 10 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Молия-саноат гуруҳи қатнашчилари бўлган банклар сони чекланмайди.
Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари молия-саноат гуруҳи қатнашчилари бўлишлари мумкин эмас.
4. Молия-саноат гуруҳи қатнашчилари юридик шахс мақомини сақлаб қоладилар.
5. Молия-саноат гуруҳлари:
унинг қатнашчилари томонидан ихтиёрийлик тартибида ёки гуруҳнинг бир қатнашчиси томонидан ўзи сотиб оладиган бошқа қатнашчилар акциялари пакетларини бирлаштириш йўли билан;
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра;
ҳукуматлараро битимлар асосида ташкил этилади.
6. Молия-саноат гуруҳларини ихтиёрийлик тартибида ёки акциялар пакетларини бирлаштириш асосида ташкил этиш қуйидаги йўсинда амалга оширилади:
гуруҳ қатнашчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган тартибда очиқ ёки ёпиқ турдаги акционерлик жамиятини, шунингдек, холдингни таъсис этиш;
гуруҳ қатнашчилари томонидан гуруҳ таркибига кирувчи корхоналар ва молия-кредит муассасаларининг ўзларига тегишли бўлган акциялар пакетларини гуруҳ қатнашчиларидан бирига ваколатли бошқаришга бериш;
гуруҳ қатнашчиларидан бири томонидан бошқа корхоналар, шунингдек, гуруҳ қатнашчиси бўлаётган муассаса ва ташкилотлар акциялари пакетларини сотиб олиш.
Давлатга тегишли бўлган акциялар пакетлари, давлатга тегишли бўлган акциялар пакетларини ваколатли бошқаришга берилиши ёки уларнинг сотиб олиниши мазкур бандга мувофиқ молия-саноат гуруҳларини ташкил этишга олиб келганда уларнинг миқдори Вазирлар Маҳкамаси томонидан монополияга қарши қонунчилик талабларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.
7. Гуруҳ қатнашчиларининг таркиби фақат давлат корхоналари, шунингдек, бюджетдан маблағ билан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотлардан шакллантирилаётган ҳолларда молия-саноат гуруҳлари Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра ташкил этилади.
8. Ҳукуматлараро битимлар асосида ташкил этилаётган молия-саноат гуруҳларининг Ўзбекистон Республикаси томонидан бўлган қатнашчилари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
9. Молия-саноат гуруҳларини ташкил этишда:
устав капиталида давлат мулки улуши, шунингдек, жамоатчилик бирлашмалари, хайрия ёки бошқа жамоатчилик фондлари ва улар корхоналарининг мулки 25 фоиздан ортиқ бўлган корхонага акцияларнинг сотиб олинишига;
молия-саноат гуруҳи қатнашчилари томонидан давлат мулки улуши 25 фоиздан ортиқ бўлган капиталнинг ихтиёрий тартибда бирлаштирилишига;
капитал таркибидаги моддий активлари 50 фоиздан кам бўлган хўжалик уюшмалари, шунингдек, холдингларнинг молия-саноат гуруҳида қатнашишларига;
молия-саноат гуруҳи қатнашчилари томонидан акцияларга икки ёқлама эгалик қилишга;
гуруҳга кирувчи кредит-молия муассасасига ёки инвестиция муассасасига молия-саноат гуруҳининг ҳар қандай қатнашчиси бўлган корхонанинг 10 фоиздан ортиқ акцияларига эгалик қилишига, шунингдек, шу гуруҳга кирувчи корхоналар акцияларига кўрсатиб ўтилган муассасалар активларининг 10 фоизидан ортиғи қўшилишига йўл қўйилмайди.
10. Молия-саноат гуруҳларини ташкил этишда монополияга қарши кураш органи билан олдиндан келишмасдан:
Олдинги таҳрирга қаранг.
молия-саноат гуруҳи қатнашчилари таркибига монопол корхоналар рўйхатига киритилган корхоналарнинг киришларига;
(10-банднинг иккинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 10 мартдаги 105-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(10-банднинг учинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 10 мартдаги 105-сонли қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган)
молия-саноат гуруҳи томонидан бошқа молия-саноат гуруҳи қатнашчилари бўлган корхоналар акцияларининг сотиб олинишига йўл қўйилмайди.
11. Давлат билан тузилган шартномага кўра ишлаб чиқарилаётган ёки марказлаштирилган тартибда экспорт қилинаётган маҳсулот улуши корхона томонидан олдинги йилда ишлаб чиқарилган барча маҳсулотнинг 30 фоизидан ортиқ бўлганда корхона молия-саноат гуруҳи қатнашчиси бўлиши учун “Ўзистиқболстат” давлат қўмитасининг розилиги талаб этилади.
12. Давлат мулки улуши 25 фоиздан ортиқ бўлган давлат корхоналари, ширкат (жамоа) корхоналари, шунингдек, давлат бюджетидан маблағ билан таъминланадиган ташкилот ва муассасалар молия-саноат гуруҳлари қатнашчилари учун давлат мулкини тасарруф этиш ваколати берилган орган розилиги талаб қилинади.
13. Молия-саноат гуруҳи қатнашчилари ёки уларнинг вакили уларни молия-саноат гуруҳи сифатида рўйхатга олиш учун Адлия вазирлигига буюртманома берадилар.
Буюртманомалар Адлия вазирлиги томонидан бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.
Молия-саноат гуруҳининг мақоми Ўзбекистон Республикаси Молия-саноат гуруҳлари реестрига тегишли ёзув ёзиш билан Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади.
Корхона, муассаса, ташкилот номида «молия-саноат гуруҳи» сўз бирикмасидан фойдаланишга шу гуруҳ мақоми Ўзбекистон Республикаси Молия-саноат гуруҳлари реестрида тегишли ёзув билан тасдиқланган ҳоллардагина йўл қўйилади.
(Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1995 й., 9-сон, 32-модда)