Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг
буйруғи
Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловларининг механизми тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 6 ноябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2175-6]
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2026 йил 12 январдаги 319-сонли ««Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловларининг механизми тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруқ, шунингдек унга ўзгартириш ва қўшимчаларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 2175-9, 19.01.2026 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-599-сон «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги ПФ-5270-сон «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 2020 йил 27 апрелдаги ПФ-5986-сон «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонларига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2010 йил 30 ноябрдаги 102-сон буйруғи (рўйхат рақами 2175, 2010 йил 30 декабрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 52-сон, 531-модда) билан тасдиқланган Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловларининг механизми тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Молия вазири Т. ИШМЕТОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 15 октябрь,
45-сон
Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2020 йил 15 октябрдаги 45-сон буйруғига
ИЛОВА
Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловларининг механизми тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар
1. 3-банднинг биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ, уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича ҳар ойлик компенсация пул тўловлари жами даромад таркибига киритилмайди ва иш ҳақи (пенсиялар, нафақа) тўланадиган муддатларда тўланади. Бунда, компенсациялар ҳар ойда корхона штатида турган ҳар бир ходимга иш жойида, пенсионерларга ва нафақа оладиган ногиронлиги бўлган болалар ҳамда нафақа оладиган пенсия тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган, меҳнатга қобилиятсиз кекса фуқароларга — пенсия (нафақа) олиш жойида тўланади.».
2. 6-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«6. Компенсациялар қуйидаги тартибда тўланади:
пенсионерлар ва ижтимоий нафақалар олувчиларга — пенсия (ижтимоий нафақа) тўлаш билан бир вақтда;
ишлайдиган фуқароларга, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан пенсия олувчи ишлайдиган пенсионерларга иш ҳақини тўлаш муддатларида.».
3. 10-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«10. Ишловчи фуқаролар ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан пенсия олувчи ишловчи пенсионерлар ишдан бўшаш ҳолатида, ходим бўшаётган ой учун компенсация иш жойида тўланади.».
4. 12-банд ўз кучини йўқотган деб топилсин.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.11.2020 й., 10/20/2175-6/1478-сон)