Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси божхона постларини жиҳозлаш учун Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати томонидан тақдим этилаётган грантдан самарали фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида
[Кўчирма]
Ўзбекистон Республикаси божхона постларини жиҳозлаш мақсадида Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати томонидан ажратилаётган грантдан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси ҳукумати ўртасида 2014 йил 19 августдаги техник-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битимга ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси ҳукумати ўртасидаги 2015 йил 25 ноябрдаги алмашилган ноталарга мувофиқ Хитой Халқ Республикаси ҳукумати темир йўл юкларини назорат қилиш бўйича битта йирик габаритли инспекцион-кўрик мажмуаси, ўрта юкларни назорат қилиш учун ўнта сканерлаш тизимлари ва улар учун эҳтиёт қисмлар (кейинги ўринларда — сканерлаш ускуналари), уларни ўрнатиш ва ишга тушириш ишлари, кафолатли техник хизмат кўрсатиш, шунингдек операторларни сканер ускуналарини ишлатиш ва таъмирлаш бўйича ўқитиш шаклида жами 35,35 млн. Хитой юани (5,1 млн. АҚШ доллари эквивалентида) қийматида грант тақдим этаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси — ўзбек томонидан грант доирасида етказиб берилаётган сканер ускуналаридан самарали ва мақсадли фойдаланиш учун масъул ижро этувчи орган этиб белгилансин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси грант доирасида етказиб бериладиган сканер ускуналарини қабул қилиш ва фойдаланишни таъминласин.
3. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, грант маблағлари ҳисобидан олиб кирилаётган сканер ускуналари божхона тўловларидан озод қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
4. Грант доирасида Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўрсатилган хизматлар қўшилган қиймат солиғидан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси норезидентлари бўлган юридик шахслар томонидан сканер ускуналарига техник хизмат кўрсатишдан олинган даромадлар юридик шахсларнинг фойда солиғидан озод этилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг сканер ускуналарини қуриш ҳудудигача автойўл кириш йўлаги тортишни ҳам ўз ичига олган ҳолда муҳандислик коммуникацияларини барпо этиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қурилиш-монтаж ишларини бажаришни «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга ошириш таклифи маъқуллансин.
6. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ сканер ускуналарини қуриш ҳудудигача автойўл кириш йўлаги тортишни ҳам ўз ичига олган ҳолда муҳандислик коммуникацияларини барпо этиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қурилиш-монтаж ишларини бажариш доирасида товарлар, ишлар (хизматлар)га қўшилган қиймат солиғи, шунингдек, Республика йўл фондига мажбурий ажратма ва йиғимларни тўлашдан озод этилсин.
8. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ грант доирасида келиб тушаётган сканер ускуналарини аэропортларда ва темир йўл станцияларида бож олинмасдан тушириш ва сақлаш ишларини таъминласин.
9. «Ўзбекенерго» АЖ, «Ўзбекнефтгаз» МХК ўз маблағлари ҳисобидан ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бош буюртмачининг маблағлари ҳисобидан тегишлилиги бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ, уларнинг узлуксиз ишлашини ҳисобга олган ҳолда, қурилиш зонасига кирадиган тегишли муҳандислик коммуникацияларини узатиш ва улашни таъминласин.
Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан тегишли умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларини реконструкция қилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги «Ўзметкомбинат» АЖ ва «Ўзқурилишматериаллари» АЖ билан биргаликда лойиҳа ташкилоти томонидан берилган асосли ҳисоб-китоблар асосида қурилиш ишларини амалга ошириш учун белгиланган тартибда назорат қилинадиган нархларда металл маҳсулотлари ва цемент ажратилишини таъминласин.
11. Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси талабномаларига мувофиқ, грантни амалга оширишда иштирок этаётган хорижий мутахассисларга консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан виза расмийлаштирилишини таъминласин.
12. Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси талабномаларига мувофиқ, грантни амалга оширишда иштирок этаётган хорижий мутахассисларга кўп марта виза бериш ва уни узайтириш, шунингдек яшаш манзили бўйича вақтинча рўйхатга қўйиш ва уни узайтириш давлат божлари ундирилмасдан амалга оширилсин.
13. Ушбу қарор ижроси устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Бошқаруви раиси А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 20 февраль,
ПҚ-2790-сон