Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси телекоммуникациялар тармоқларини бошқариш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Телекоммуникациялар тармоқларини бошқариш тизимининг самарадорлигини ошириш, телекоммуникация ресурсларининг ишончли ишлашини, шунингдек, улардан марказлаштирилган тарзда ва самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) телекоммуникациялар тармоқларининг давлат томонидан бошқарилишини, шунингдек, телекоммуникациялар тармоқларини бошқариш тизимининг шакллантирилиши ва самарали фаолият юритишини таъминлаш бўйича ваколатли орган этиб белгилансин ва унга қуйидаги вазифалар юклансин:
а) кундалик шароитларда — телекоммуникациялар соҳасида ягона техник сиёсатни олиб бориш; телекоммуникация ресурслари ва тармоқларини ривожлантириш масалалари бўйича давлат бошқаруви органлари, телекоммуникация тармоқларини бошқариш тизимига кирувчи операторлар ва провайдерлар фаолиятининг мувофиқлаштирилишини таъминлаш ва уларнинг техник ҳолати ва фавқулодда вазиятлардаги ишларга тайёргарлигини назорат қилиш;
б) фавқулодда вазиятларда — идоравий мансублигидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация ресурслари ва тармоқларидан устувор даражада фойдаланиш ва уларни марказлашган ҳолда бошқариш (махсус истеъмолчиларнинг тармоқлари ва воситалари бундан мустасно); давлат хавфсизлигини таъминлаш манфаатлари йўлида уларнинг барқарор ишлашини ҳамда улардан самарали фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш;
в) телекоммуникациялар тармоқларини марказлаштирилган бошқариш режимига ўтказиш, шунингдек, фавқулодда вазиятларда улардан фойдаланишни тўхтатиб туриш ёки чеклаш тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қарор қабул қилиш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Вазирликнинг «Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази» давлат унитар корхонаси телекоммуникация тармоқлари ва ресурсларини бошқариш бўйича ишчи орган этиб белгилансин ва унга қуйидаги вазифалар юклансин:
телекоммуникациялар тармоқларини бошқариш тизимига кирувчи операторлар тармоқлари ва ресурсларининг самарали фаолият юритиши ва улардан оқилона фойдаланиш, зарур ҳолларда давлат ва жамият учун, фавқулодда вазиятларда улардан марказлашган ҳолда фойдаланишни таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
хорижий мамлакатларнинг телекоммуникациялар тармоқларини бошқариш марказлари билан ўзаро ҳамкорликда Ўзбекистон телекоммуникациялар тармоқларини бошқариш миллий маркази вазифасини бажариш;
операторлар телекоммуникация тармоқларининг ҳолати ва сифатини махсус ваколатли орган томонидан белгиланган хизматлар сифати стандартларига мувофиқлиги устидан тизимли мониторинг олиб бориш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
рақамлаш сиғимини, сигнализация пунктларининг кодларини ажратиш учун аризаларни қабул қилиш, кўриб чиқиш, шунингдек, маълумот хизматлари учун қисқа махсус рақамларни ажратиш;
Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация тармоқларида халқаро овозли трафикни ўтказишда қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги ҳолатларини аниқлаш ва улар тўғрисидаги маълумотларни олиш жараёнларини автоматлаштириш ишларини ташкил этиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
мобил қурилмани халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатдан ўтказиш;
кўчиб ўтган рақамларни йиғиш, сақлаш, қайта ишлаш тўғрисидаги маълумотларнинг марказлаштирилган базаси шакллантирилиши ва ишлашини таъминлаш;
операторларнинг телекоммуникация тармоқларини тезкор ва техник бошқариш, тармоқлар ҳолатининг тизимли мониторингини олиб бориш ва тақдим этилаётган хизматларнинг сифат кўрсаткичларига мувофиқлигини баҳолаш ва телекоммуникация операторлари тармоқларининг ишлаши бўйича хизматлар кўрсатиш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация тармоқлари ва ресурсларини бошқариш тизими тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Вазирлик икки ой муддатда:
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда давлат бошқаруви органлари, телекоммуникация операторлари ва провайдерларига телекоммуникация хизматларини етказиб берувчилар фаолиятини мувофиқлаштиришни таъминлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани тўлиқ хатловдан ўтказсин ва қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
фавқулодда вазиятларда ва алоҳида давр (ҳарбий сафарбарлик) мобайнида махсус истеъмолчилар ўртасида тармоқлараро келишувлар билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш учун сафарбарлик режаларини ва фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш режаларини ишлаб чиқсин;
Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация тармоқларида халқаро овозли трафик ўтказишда қонун ҳужжатлари талаблари бузилишини аниқлаш ва улар тўғрисидаги маълумотларни олиш жараёнларини автоматлаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси мобил алоқа тармоқларида абонент рақамини кўчириб ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси — IТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи О.М. Умаров ҳамда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М. Садиков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 30 октябрь,
680-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 октябрдаги 680-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация тармоқлари ва ресурсларини бошқариш тизими тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Телекоммуникациялар тўғрисида», «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ ишлаб чиқилди ҳамда кундалик шароитларда ва фавқулодда вазиятларда Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация тармоқлари бошқариш тартибини белгилайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
автоматлаштирилган бошқариш тизими — телекоммуникациялар тармоқларини ва кўрсатиладиган хизматларни режалаштириш, техник хизмат кўрсатиш, эксплуатация қилиш, тезкор ва маъмурий бошқариш бўйича ахборот технологиялари комплекси асосида Ўзбекистон телекоммуникациялар тармоқларини бошқариш бўйича функцияларни бажарувчи тизим;
телекоммуникация ресурслари — телекоммуникация тармоқлари, кабелли, ҳаво, радиорелели, йўлдош ва бошқа алоқа тизимлари базасида ташкил қилинган, каналлар, трактлар, узатиш линиялари, охирловчи ускуна, телефон, телеграф алоқа, маълумотлар узатиш тармоқлари ва бошқа телекоммуникациялар тармоқлари станциялари, узеллари ва бошқа объектлари;
бошқариш тизимининг тармоқ элементи — тармоқ элементи функцияларини бажарувчи телекоммуникациялар ускунаси (ёки телекоммуникациялар ускунасининг гуруҳи/қисми) ёки ёрдамчи ускуна ҳисобланадиган ва телекоммуникациялар тармоқлари оператор/эгалари аппарат-дастурий комплексига уланган элемент;
бошқарув тизими — телекоммуникациялар тармоқларининг ишлашини бошқариш функцияларининг бажарилишини таъминловчи, ягона аппарат-дастурий комплексни ҳосил қилувчи телекоммуникациялар техник воситалари;
махсус истеъмолчилар — Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси телекоммуникациялар ресурслари устувор тартибда тақдим этиладиган алоҳида тоифадаги телекоммуникациялар хизматларининг истеъмолчилари ҳисобланади;
телекоммуникация тармоқлари ва ресурсларини марказлашган бошқариш — телекоммуникациялар тармоқлари ва ресурсларини махсус ваколатли орган томонидан фавқулодда ҳолатларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, махсус истеъмолчилар манфаатлари учун телекоммуникациялар тармоқларининг ишлашини таъминлаш ҳамда алоқаларни тиклаш мақсадида телекоммуникациялар тармоқлари ва ресурсларини бошқариш бўйича чора-тадбирлар мажмуаси.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Телекоммуникация тармоқлари ва ресурсларини бошқариш тизими кундалик шароитлар ва фавқулодда вазиятларда телекоммуникация вазифаларини ўз вақтида ва самарали ҳал этишга мўлжалланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) тармоқларни бошқариш тизимини, шунингдек, идоравий мансублигидан қатъий назар, телекоммуникация операторларининг тармоқларини ўз ичига олади (телекоммуникация хизматларининг махсус истеъмолчилари тармоқлари бундан мустасно).
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Кундалик шароитларда Вазирлик томонидан операторларнинг телекоммуникация тармоқларининг фавқулодда вазиятларда ишлашга тайёрлигини таъминлаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида телекоммуникация тармоқлари фойдаланувчилари учун ишончли алоқа ва кафолатланган хизматларни кўрсатиш мақсадида операторларнинг телекоммуникация тармоқларининг ўзаро ҳамкорлигини ҳисобга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш орқали амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Фавқулодда вазиятлар (ҳарбий ҳаракатлар, зилзилалар, тошқинлар, ёнғинлар, эпидемиялар ва бошқалар) пайтида Вазирлик телекоммуникация ресурсларидан устувор равишда фойдаланиш ва марказлаштирилган оператив-техник бошқариш, шунингдек, улардан фойдаланишни тўхтатиб туриш ёки чеклаш ҳуқуқига эга.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Ўзбекистон телекоммуникациялар тармоқларини бошқариш тизими Вазирликнинг «Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази» давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда — Марказ) бошқарув тизими, умумий фойдаланишдаги телекоммуникация тармоқлари, шунингдек, идоравий ва ажратилган телекоммуникация тармоқлари операторларининг бошқариш тизимларини ўз ичига олади, махсус истеъмолчилар телекоммуникация тармоқлари ва воситалари бундан мустасно.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Тармоқни бошқариш тизими кундалик шароитларда операторларнинг бир-бири билан зарур ўзаро ҳамкорлигини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда ва фавқулодда вазиятларда Ўзбекистондаги телекоммуникация тармоқларининг марказлашган бошқарувини таъминлаши лозим.
Кундалик шароитларда автоматлаштирилган бошқариш тизимига уланган телекоммуникация тармоқлари операторлари/эгалари бошқариш тизимининг тармоқ элементларини мониторинги пуллик асосда амалга оширади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Фавқулодда вазиятларда телекоммуникация тармоқлари ва ресурсларини бошқариш тизими Марказ томонидан амалга ошириладиган Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация тармоқлари ва ресурсларини марказлашган оператив бошқарувини таъминлаши шарт.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2-боб. Кундалик шароитларда телекоммуникация тармоқларини бошқариш тартиби
9. Кундалик шароитларда телекоммуникация тармоқлари ва ресурсларини бошқариш тизими операторларга алоқа тармоқлари ва хизматларини ўзларига тегишли тармоқларда мустақил бошқариш учун берилган имкониятлар доирасида ҳамда зарур ҳолларда фавқулодда вазиятларда ишлашга тайёргарлигини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда фаолият юритади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Кундалик шароитларда телекоммуникация тармоқларини бошқариш бўйича операторлар фаолиятини мувофиқлаштириш қуйидагилар орқали амалга оширилади:
умумий фойдаланишдаги телекоммуникация тармоқларида содир бўлган йирик авария ҳолатларида авариявий-тиклаш ишларининг олиб борилишини назорат қилиш;
Ўзбекистонда телекоммуникация тармоқларини фавқулодда вазиятларда бошқариш режаларини тасдиқлаш;
кундалик шароитларда ва фавқулодда вазиятларда Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқаришни таъминлаш, шунингдек, операторларнинг тармоқлараро уланишларга қўйиладиган талабларни тартибга солувчи ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни ташкил этиш;
операторларнинг телекоммуникация тармоқларини бошқариш тизимларини яратиш ва модернизация қилиш бўйича лойиҳаларни келишиш;
тармоқлар ва телекоммуникация воситаларини ягона таснифлаш ва кодлаш асосида Ўзбекистон телекоммуникация тармоқлари ресурслари бўйича марказлаштирилган маълумотлар базаларини шакллантириш таркиби ва тартибини белгилаш, уларни яратиш ва техник хизмат кўрсатиш;
шартнома асосида Марказ ва телекоммуникация операторлари ўртасида операторларнинг телекоммуникация тармоқларини тезкор ва техник бошқаришни амалга ошириш, тармоқлар ҳолатининг тизимли мониторингини олиб бориш, кўрсатилаётган хизматларнинг сифат кўрсаткичларига мувофиқлиги ва телекоммуникация операторлари тармоқларининг ишлашини текшириш;
телекоммуникация тармоқларини фавқулодда вазиятларда бошқаришни таъминлашга тайёрлигини баҳолаш учун телекоммуникация тармоқлари ҳолатини доимий равишда мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш;
телекоммуникация тармоқларининг ресурслари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган (шу жумладан, Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларининг рақамлаш режаси ва 7-сон умумий канал сигнализация пунктларининг кодларидан фойдаланиш ҳолати тўғрисида) марказлаштирилган маълумотлар базаларини яратиш ва юритиш;
кундалик шароитлар ва фавқулодда вазиятлар даврида махсус истеъмолчиларнинг алоқа каналларига бўлган эҳтиёжларини марказлаштирилган ҳолда ҳисобга олиш;
телекоммуникация тармоқларида ортиқча юкланиш ва авария ҳолатларда тармоқларнинг ишончлилигини таъминлаш мақсадида махсус истеъмолчилар томонидан фойдаланиладиган операторларнинг телекоммуникация тармоқларини қайта қуриш режаларини келишиш;
давлатлараро келишувларга мувофиқ телекоммуникация тармоқларининг миллий бошқарув марказлари ва хорижий давлатларнинг операторлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Кундалик шароитларда телекоммуникация тармоқлари операторлари қуйидаги функцияларни бажарадилар:
Кейинги таҳрирга қаранг.
ўз телекоммуникация тармоқларини мустақил равишда бошқариш;
Марказга Ўзбекистонда телекоммуникация тармоқлари ресурсларининг марказлаштирилган маълумотлар базаларини юритиш учун зарур маълумотларни тақдим этиш;
Марказга белгиланган тартибда ўзларининг телекоммуникация тармоқларининг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш;
телекоммуникация тармоқлари билан ҳамкорликдаги фаолиятини таъминлашда Марказнинг марказлаштирилган маълумотлар базаларидан маълумотларни олиш;
ўз тармоқларида қисқа махсус рақамлар, сигнализация пунктларининг кодларини ажратиш, шунингдек, рақам сиғимини қайта бириктиришни Марказ билан келишиш;
ўз телекоммуникация тармоқларини бошқариш тизимларини қуриш ва модернизация қилиш бўйича лойиҳаларни Марказ бошқарув тизими билан ўзаро алоқасини таъминлаш зарурлигини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиш ва Вазирликка келишиш учун тақдим этиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
махсус истеъмолчилар фойдаланадиган телекоммуникация тармоқларини қайта қуриш бўйича режаларни ишлаб чиқиш ва Марказ билан келишиш;
махсус истеъмолчилар билан (телекоммуникация тармоқларини бошқариш билан боғлиқ қисмида) сафарбарлик режалари ва фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш режаларини мувофиқлаштириш ва Марказ томонидан ташкил этиладиган тегишли ўқув машғулотларда қатнашиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
келишилган сафарбарлик режалари ва фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш режаларга мувофиқ фавқулодда вазиятларда ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш учун тармоқлараро, шу жумладан, хорижий телекоммуникация операторлари билан шартномалар тузиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
ўз телекоммуникация тармоқларида авариявий-тиклаш ишларини олиб бориш ва ишларнинг бориши тўғрисида маълумотни Марказга тақдим этиш.
3-боб. Фавқулодда вазиятларда телекоммуникация тармоқларини бошқариш тартиби
Кейинги таҳрирга қаранг.
12. Фавқулодда вазият ҳудудига қараб телекоммуникациялар тармоқларини бошқариш тизимининг алоҳида қисмларида марказлашган бошқарув режими киритилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
13. Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда телекоммуникация тармоқлари ва ресурсларини бошқариш тизими марказлашган бошқарув режимига ўтказишни Вазирлик амалга оширади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
14. Махсус истеъмолчилар томонидан фавқулодда вазиятлар ва уларнинг оқибатларини олдини олиш ва бартараф этиш бўйича шошилинч чоралар кўрилишини таъминлаш, шунингдек, давлат бошқаруви, давлат мудофаа қобилияти ва хавфсизлиги, ҳуқуқ-тартибот соҳасидаги фаолиятни таъминлаш учун барча мавжуд тармоқлар ва телекоммуникация воситаларидан устувор фойдаланиш, улардан фойдаланишни чеклаш ёки тўхтатиб туриш амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
15. Барча мавжуд тармоқлар ва телекоммуникация воситаларидан фойдаланишни тўхтатиш ёки чеклаш тўғрисидаги қарор махсус истеъмолчиларнинг ва тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан асосланган талаблари бўйича Вазирлик томонидан фавқулодда вазият зонасидаги барча мавжуд телекоммуникация тармоқлари ва воситаларининг ҳолатини таҳлил қилиш асосида қабул қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
16. Вазирлик томонидан қабул қилинган фавқулодда ҳолатларда телекоммуникация тармоқлари ва воситаларидан фойдаланишни тўхтатиш ёки чеклаш тўғрисидаги қарор Марказ томонидан мавжуд бўлган барча телекоммуникация тармоқлари ва воситаларидан, почта алоқасидан фойдаланган ҳолда операторлар ва бошқа манфаатдор шахсларга етказилади.
Фавқулодда вазиятлар вақтида телекоммуникация тармоқлари ва воситаларидан фойдаланишни тўхтатиш ёки чеклаш тўғрисидаги қарорида, бундай қарорнинг қабул қилиш сабаблари, чекловларнинг (тақиқларнинг) амал қилиш муддати, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги Фавқулодда вазиятларда алоқа ташкилотларининг ўзаро ҳамкорликни таъминлаш учун жавобгарлар, уларнинг телекоммуникация тармоқларини бошқариш ва тиклаш бўйича ваколатлари кўрсатилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
17. Мавжуд барча тармоқлар ва телекоммуникация воситаларидан устувор фойдаланишда бошқа истеъмолчиларга нисбатан барча мавжуд тармоқлар ва телекоммуникация воситаларидан фойдаланиш ҳуқуқининг устуворлиги тушунилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
18. Мавжуд барча тармоқлар ва телекоммуникация воситаларидан фойдаланишни чеклашда бошқа истеъмолчилар томонидан улардан фойдаланиш вақтини ва/ёки ҳудудини қисқартириш, шунингдек, фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишлари вақтида телекоммуникация объектларининг иш режимларини, кўрсатиладиган алоқа хизматлари ҳажмини ва бошқаларни ўзгартириш назарда тутилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
19. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича ишлар вақтида бошқа истеъмолчилар томонидан телекоммуникация тармоқлари ва телекоммуникация воситаларидан фойдаланишни тўлиқ тўхтатилиши назарда тутилган.
Кейинги таҳрирга қаранг.
20. Телекоммуникациялар тармоқларини бошқариш тизимини телекоммуникация тармоқлари ресурсларидан устувор фойдаланиш қисмида бошқариш, шунингдек, фавқулодда вазиятларда барча телекоммуникация тармоқларини ва воситаларини ишлашини чеклаш ёки тўхтатиб туриш Вазирлик томонидан амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
21. Вазирлик фавқулодда вазиятларда:
Вазирликнинг барча бўлинмаларини, ўз тизимидаги ташкилотларини ва барча операторларини қонунчиликда белгиланган тартибда келишилган сафарбарлик режалари ва фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш режаларига мувофиқ иш режимига ўтказади;
Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини марказлашган бошқариш бўйича ишларни ташкил қилади ва мувофиқлаштиради;
махсус истеъмолчилар томонидан телекоммуникация тармоқлари ва операторлари воситаларидан устувор фойдаланилишини таъминлаш бўйича Вазирликнинг олдиндан келишилган режалари ва қарорлари бўйича операторлар томонидан чора-тадбирларнинг амалга оширилишини назорат қилади ва тегишли давлат органларига зарур маълумотларни тақдим этади;
турли операторларнинг абонентларига устувор хизмат кўрсатиш ва тизимли чекловларни ўрнатиш, телекоммуникация тармоқлари ва воситаларини тўхтатиб туриш бўйича қарор қабул қилади;
операторларнинг телекоммуникация тармоқларида авария ҳолатларини бартараф этиш ва алоқани тиклаш бўйича ишларнинг бажарилишини назорат қилади;
махсус истеъмолчилар эҳтиёжларини қондириш мақсадида тегишли давлат органлари ва маъмурлардан Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларида аварияни тиклаш ишларини олиб бориш учун зарур бўлган қўшимча манбаларни сўрайди;
хорижий давлатларнинг ҳудудида алоқа каналларини ташкил этиш ва очиш зарурияти бўлганда, уларнинг ҳудудидаги алоқа соҳасидаги ваколатли органлари билан ҳамкорликда бўлади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
22. Вазирликнинг кўрсатмаларига биноан Марказ фавқулодда вазиятларда:
Марказнинг барча бўлинмаларини сафарбарлик режалар ва фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш режаларига мувофиқ иш режимига ўтказади;
давлат бошқаруви, мудофаа, хавфсизлик, ҳуқуқ-тартибот ва фавқулодда вазиятлар органлари манфаатлари йўлида алоқаларни ташкил этишни бошқаради;
махсус истеъмолчилар томонидан телекоммуникация ресурсларидан устувор фойдаланишни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича операторларнинг ишларини мувофиқлаштиради ва Вазирликка тегишли маълумотларни тақдим этади;
телекоммуникация ресурсларидан устувор фойдаланишни ташкил қилиш учун махсус истеъмолчилар билан ўзаро ҳамкорлигини амалга оширади;
махсус истеъмолчилар эҳтиёжларини қондириш мақсадида Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларида авариявий-тиклаш ишларини олиб бориш учун қўшимча ресурсларни жалб этиш зарурлиги тўғрисида таклифлар киритади;
махсус истеъмолчиларга зарур бўлган ҳажмдаги алоқани тиклаш бўйича Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларида ишларни мувофиқлаштиради;
хорижий мамлакатлар ҳудудида алоқа каналларини ташкил этиш ва очиш зарурати туғилганда хорижий телекоммуникация тармоқларини миллий бошқариш марказлари билан ҳамкорлик қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
23. Фавқулодда вазиятларда операторлар:
барча бўлинмаларни қонунчиликда белгиланган тартибда келишилган сафарбарлик режалари ва фавқулодда вазиятларни бартараф этиш режаларига мувофиқ иш режимига ўтказади;
махсус истеъмолчилар томонидан операторларнинг телекоммуникация ресурсларидан устувор фойдаланилишни таъминлаш бўйича чоралар кўради;
Вазирликнинг тармоқлар ва телекоммуникация воситаларининг ишлашини тўхтатиб туриш ёки абонентларга хизмат кўрсатишда чекловлар ва устуворликлар тизимини белгилаш тўғрисидаги қарорларининг бажарилишини таъминлайди;
операторнинг телекоммуникация тармоқларида авариявий ҳолатларни бартараф этиш учун зарур бўлган авариявий-тиклаш ишларининг ҳажмини аниқлайди ва Марказга тегишли маълумотларни тақдим этади;
Марказга тиклаш ишларининг бориши тўғрисида маълумот беради;
операторнинг телекоммуникация тармоқларида операторнинг телекоммуникация ресурсларини бошқариш ва авария ҳолатларини бартараф этишда Марказ тавсияларини бажарилишини таъминлайди;
хорижий давлатлар ҳудудида алоқани ташкил этиш ва йўлга қўйиш учун ушбу давлатларнинг операторлари билан ўзаро алоқада бўлади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4-боб. Якунловчи қоида
24. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 октябрдаги 680-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази» давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда — Марказ)нинг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг (кейинги ўринларда — Вазирлик) қарорлари ва буйруқларига ҳамда ушбу Низомга амал қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Марказ:
телекоммуникация тармоқлари ва ресурсларини бошқариш бўйича Вазирликнинг ишчи органи;
рақамлаш, сигнализация пунктлари кодларини ажратиш, улардан оқилона фойдаланишни ҳисобга олиш ва назорат қилиш бўйича масъул орган;
Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация тармоқларида халқаро овозли трафикни ўтказиш тартиби бузилишига қарши ҳаракат қилиш тизимининг оператори;
мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизимининг оператори;
кўчиб ўтган рақамларнинг марказлаштирилган базасининг оператори ҳисобланади.
4. Марказ Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш, уларнинг самарали ишлашини таъминлаш, телекоммуникация ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ривожлантиришни таъминлаш, телекоммуникация операторлари, идоравий тармоқлар эгалари (кейинги ўринларда — операторлар)нинг тармоқларини мувофиқлаштирилган бошқариш тизимини яратиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви, мудофаа ва давлат хавфсизлиги органлари манфаатларига мувофиқ тармоқлардан устувор фойдаланишни таъминлаш, телекоммуникация хизматларига бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондириш бўйича ишларни мувофиқлаштиради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Марказ ўз фаолиятини амалга оширишда Вазирликнинг таркибий бўлинмалари, телекоммуникация операторлари, мудофаа ва хавфсизлик, ҳуқуқ-тартибот ва фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш ва бошқа давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Хорижий давлатларнинг телекоммуникация тармоқларини бошқариш марказлари билан ўзаро ҳамкорликда Марказ Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш миллий маркази функцияларини бажаради.
2-боб. Марказнинг асосий вазифалари ва функциялари
6. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация тармоқлари, шу жумладан, операторларнинг телекоммуникация тармоқларини самарали ишлашини таъминлаш ва мувофиқлаштириш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
телекоммуникациялар тармоқларини бошқариш тизими ва операторларнинг телекоммуникация тармоқларини бошқариш тизимлари орқали кўрсатилаётган хизматлар сифати махсус ваколатли орган томонидан ўрнатилган талабларга мувофиқлигини операторларнинг телекоммуникация тармоқлари ҳолати ва тизимли мониторинг орқали амалга ошириш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон телекоммуникация тармоқлари ва ресурсларини мувофиқлаштирилган бошқаришнинг замонавий тизимини яратиш;
телекоммуникация тармоқларини бошқариш тизимларини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;
Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини оператив-техник бошқарувини, шунингдек, телекоммуникация тармоқлари ва ресурсларидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, мудофаа, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот органлари манфаатлари йўлида устувор фойдаланишни таъминлаш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
кундалик шароитларда ва фавқулодда вазиятларда хорижий давлатларнинг телекоммуникация тармоқларини бошқариш миллий марказлари билан телекоммуникация тармоқларини бошқариш ва телекоммуникация ресурсларидан ўзаро фойдаланиш бўйича ҳамкорлик қилиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
кундалик шароитларда махсус истеъмолчиларни алоқа хизматлари билан максимал даражада қондириш учун телекоммуникация тармоғи ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ривожлантириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
маълумот йиғиш ва телекоммуникация ресурслари маълумотлар базасини, Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларининг рақамлаш режаларини юритиш;
халқаро овозли трафикни ўтказиш тартиби бузилишига қарши ҳаракат қилиш тизимининг ишлашини таъминлаш;
мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари рўйхатга олиш тизимининг узлуксиз ишлашини ва такомиллаштиришини таъминлаш;
кўчиб ўтган рақамларнинг марказлаштирилган базаси шаклланиши, ишлашини ва кузатиб боришни таъминлаш, шу жумладан, ундаги ахборот ва маълумотларни узатиш, йиғиш, сақлаш, қайта ишлаш, шунингдек, кўчиб ўтган рақамларнинг марказлаштирилган базасига кириш учун рухсат беришни таъминлаш;
Ўзбекистон телекоммуникация операторларининг тармоқларини тезкор-техник бошқариш, тармоқлар ҳолатининг тизимли мониторингини олиб бориш ва тақдим этилаётган хизматларнинг сифат кўрсаткичларига мувофиқлигини баҳолаш ва телекоммуникация операторлари тармоқларининг ишлаши бўйича хизмат кўрсатиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
фавқулодда вазиятларда Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини оператив-техник бошқарув режасини тайёрлашда иштирок этиш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Марказ ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) кундалик шароитларда:
давлат бошқаруви органлари, мудофаа, хавфсизлик, ҳуқуқ-тартибот ва фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш органлари манфаатлари йўлида алоқаларни ташкил этишни бошқаради;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, мудофаа, хавфсизлик, ҳуқуқ-тартибот ва фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш органларининг умумий фойдаланишдаги тармоқлар асосида қурилган тармоқлари, шунингдек, телекоммуникация тармоқларини ишончли ишлашини таъминлаш мақсадида умумий фойдаланишдаги тармоқлари ва телекоммуникация операторларининг бошқарув тизимлари бўйича маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва таҳлилини амалга оширади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
телекоммуникациялар тармоқларини бошқариш тизими орқали Ўзбекистон телекоммуникация операторининг телекоммуникация тармоғидаги авариялар, шикастланишлар тўғрисида маълумот йиғади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
операторларнинг телекоммуникация тармоғидаги авариялар ва шикастланишлар тўғрисидаги маълумотларни қайта ишлайди ва назоратдаги объектларнинг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни ҳисобга олиш базасига киритади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
маълум давр мобайнида Ўзбекистон телекоммуникация операторларнинг телекоммуникация тармоқларининг сифати, телекоммуникация транспорт тармоғининг сифат кўрсаткичлари ўзгариши динамикаси тўғрисида маълумот тайёрлайди ва Вазирликка тақдим этади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
фавқулодда вазиятларда операторларнинг телекоммуникация тармоқларини оператив-техник бошқариш режаларини тайёрлашда қатнашади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
фавқулодда вазиятларда операторларнинг телекоммуникация тармоқларини оператив-техник бошқариш режаларига мувофиқ ўқув машғулотлари ўтказади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
авария ҳолатларида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, мудофаа ва хавфсизлик, ҳуқуқ-тартибот ва фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш органлари манфаатлари йўлида фойдаланиладиган алоқаларни тиклаш бўйича телекоммуникация операторларининг ҳаракатларини мувофиқлаштиради;
Кейинги таҳрирга қаранг.
махсус истеъмолчиларга ижарага берилган алоқа каналларининг шикастланишини ҳисобга олади, кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва операторларни телекоммуникация тармоқларини қайта қуриш тўғрисида хабардор қилади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
операторларнинг ташкил этилаётган ва ишлаб чиқилаётган автоматлаштирилган бошқарув тизимлари, уларнинг бир-бири билан ва Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқарув тизими билан ўзаро ҳамкорлигини, шунингдек, телекоммуникация тармоқларида бардошлигини таъминлаш бўйича лойиҳаларида иштирок этиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
янги алоқа каналларини ташкил қилишда, профилактика ишларини олиб боришда махсус истеъмолчилар ва умумий фойдаланишдаги телекоммуникация тармоқлари операторларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштиради;
Кейинги таҳрирга қаранг.
умумий фойдаланишдаги телекоммуникация тармоқларида содир бўладиган йирик авария ҳолатлари ва шикастланишлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, мудофаа, хавфсизлик, ҳуқуқ-тартибот ва фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш органларининг умумий фойдаланишдаги тармоқлар асосида қурилган тармоқлари ишлашида қоидабузарлик натижасида содир бўладиган хавф ҳолатларида авария-тиклаш ишларини бориши бўйича Вазирлик ва махсус истеъмолчиларни хабардор этади;
операторлар маълумотлари асосида телекоммуникация тармоғига уланган операторларнинг телекоммуникация воситалари (жиҳозлар, охирги (терминал) ускуналар, тизимлар, алоқа линиялари)ни ҳисобга олади ва маълумотлар базасини шакллантиради;
Кейинги таҳрирга қаранг.
шартнома асосида телекоммуникация тармоқларини тезкор-техник бошқаришни, тармоқларнинг ҳолатини тизимли мониторингини, тақдим этилаётган хизматлар сифат кўрсаткичларига мувофиқлигини ва телекоммуникация операторлари тармоқларининг ишлашини баҳолайди;
рақамлаш тизимлари ва режаларни тасдиқлайди, рақамлаш сиғимини, сигнализация пунктларининг кодларини, маълумот-ахборот хизматлари учун қисқа махсус рақамларни (якка тартибдаги тадбиркорлар ва жисмоний шахслар бундан мустасно) ажратади, шунингдек, улардан фойдаланишнинг ҳисоботини юритади ва назорат қилади;
рақамлаш сиғимини ва қисқа махсус рақамларни ажратганлик учун бир марталик тўлов тарифларини ишлаб чиқади ва Вазирликка тасдиқлаш учун тақдим этади;
халқаро овозли трафикни ўтказиш тартиби бузилишига қарши ҳаракат қилиш тизими орқали Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация тармоқларида халқаро овозли трафикни ўтказишда қонун талаблари бузилганлиги ҳолатлари тўғрисидаги маълумотларни аниқлаш ва олиш бўйича ишларни ташкил этади;
мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатдан ўтказишни амалга оширади;
абонент рақами кўчиб ўтишини таъминлаш учун мобил алоқа операторлари томонидан тақдим этилган маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш, сақлаш ва узатишни автоматлаштиради ва мувофиқлаштиради;
телекоммуникация тармоқларда ортиқча юкланиш ва авария ҳолатларда тармоқларнинг ишончлилигини таъминлаш мақсадида, махсус истеъмолчилар томонидан фойдаланилаётган Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини қайта қуриш схемалари ва режаларини келишади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
умумий фойдаланишдаги телекоммуникация тармоқларида режалаштирилган ва режадан ташқари таъмирлаш-тиклаш ишларининг бажарилишини мувофиқлаштиради;
Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини ишлаш самарадорлигини ошириш ва телекоммуникация тармоқларини эксплуатация характеристикаларини яхшилаш бўйича тавсиялар ва телекоммуникация тармоқларини бошқариш усулларини ишлаб чиқади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
телекоммуникация тармоқлар ва воситаларни таснифлаш ва кодлаш ягона тизимидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон телекоммуникация тармоқлари ресурслари, телекоммуникация тармоқларини рақамлаш режаси ҳамда 7-сон умумий канал сигнализация пунктлари (7-сон УКС) кодлардан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган марказлаштирилган маълумотлар банкини яратади ва юритади;
манфаатдор телекоммуникация операторлари, хорижий давлатларнинг телекоммуникация тармоқларини бошқариш миллий марказларининг рақамлаш режасидаги ўзгаришлар тўғрисида хабардор қилади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
тармоқларда профилактика ишларини олиб бориш, қайта қуриш ёки янги алоқа каналларни ташкил этиш натижасида айрим участкалар ва йўналишларда юзага келадиган ортиқча юкланишлар мумкинлиги ҳақида манфаатдор операторларни огоҳлантиради;
Кейинги таҳрирга қаранг.
телекоммуникация тармоқларининг ҳолати тўғрисида маълумотларни тақдим этишнинг талаб қилинадиган режими ва махфийлигини таъминлаш бўйича чоралар кўради;
Марказга берилган ваколатлар доирасида давлатлараро шартномаларга мувофиқ хорижий давлатларнинг миллий телекоммуникация бошқарув марказлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди;
фавқулодда вазиятлар юзага келиши ва оқибатларини бартараф этиш даври учун Вазирлик, Марказ, операторлар тармоқларини бошқариш марказлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик шартлари ва тартибга солувчи ҳужжатларни ишлаб чиқишда қатнашади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
б) фавқулодда вазиятларда:
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация тармоқларини марказлашган оператив-техник бошқаруви, уларнинг қайта қуриш ва тиклашини амалга оширади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон телекоммуникация тармоқлари ҳолатини мониторингини олиб боради;
Кейинги таҳрирга қаранг.
фавқулодда вазиятлар Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларининг ишлашига таъсирини баҳолайди ва келувчи маълумотларни таҳлил қилади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларининг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни Вазирликка, манфаатдор операторларга, тегишли давлат органларига ва махсус истеъмолчиларга етказади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
телекоммуникация тармоқларида тиклаш ишларини мувофиқлаштиради, шунингдек, олдиндан келишилган режалар асосида энг муҳим йўналишларда алоқанинг узилиши билан боғлиқ бўлган ҳолатларда алоқаларни тиклаш ва авариявий вазиятларни бартараф этиш учун куч ва воситаларни бошқаради;
тармоқларни бошқариш, алоқа каналларини қайта қуриш ва тиклаш бўйича хорижий давлатларнинг операторлари ва миллий бошқарув марказлари билан ўзаро тезкор ҳамкорликни амалга оширади.
3-боб. Марказнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
8. Марказ ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
телекоммуникация операторларидан Марказ ваколатига кирадиган масалалар бўйича, шу жумладан, телекоммуникация ресурсларининг мавжудлиги ва ҳолати тўғрисидаги маълумотларни сўраш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
давлат ҳокимияти ва бошқаруви, мудофаа ва хавфсизлик, ҳуқуқ-тартибот ва фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш органлари манфаатлари учун алоқаларни ташкил этиш жараёнларини бошқариш;
операторларга умумий фойдаланишдаги тармоқларда авария ишларини ўтказиш, режали ва режадан ташқари ўтказиладиган таъмирлаш-тиклаш ишлари ўтказилганда давлат ҳокимияти ва бошқаруви, мудофаа ва хавфсизлик органлари манфаатлари йўлида ишлатилаётган алоқаларни тиклаш бўйича кўрсатмалар бериш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
операторларга телекоммуникация тармоқларини оператив-техник бошқариш тизимини такомиллаштириш, телекоммуникация тармоқлари ресурсларидан операторлар ва истеъмолчилар манфаатлари учун фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар бериш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
белгиланган тартибда Вазирликка Марказ ваколатига кирадиган масалалар бўйича таклифлар киритиш;
тармоқларни қайта қуриш ва алоқа каналларини тиклаш бўйича операторларнинг бошқариш тизимлари ва хорижий давлатларнинг телекоммуникация тармоқларини миллий бошқариш марказлари билан тезкор оператив ҳамкорликда бўлиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
ўз фаолияти доирасида Вазирлик билан келишган ҳолда қўшма корхоналар ташкил этиш.
9. Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш бўйича Марказнинг ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлари барча телекоммуникация операторлари ва идоравий телекоммуникация тармоқлари эгалари томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Марказ зиммасига юкланган вазифалар ва қонунчиликка мувофиқ қабул қилинган қарорларнинг тўғри бажарилиши учун жавобгардир.
4-боб. Марказ фаолиятини ташкил этиш
11. Марказнинг тузилмаси Вазирлик томонидан белгиланган тартибда тасдиқланади.
Марказ ахборот технологиялари ва коммуникацияларини бошқариш соҳасида ташкилий тузилманинг таркибий қисмидир ва юридик шахс бўлиб, мустақил балансга, банк ҳисоб рақами, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга эга.
12. Марказга Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
13. Марказ директори:
Марказ фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади;
Марказга юклатилган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
кадрларни танлаш ва жойлаштиришни амалга оширади, шу жумладан белгиланган тартибда ўз ўринбосарлари ва таркибий бўлинмалар раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод қилади;
ўз ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди, уларнинг жавобгарлик даражасини белгилайди;
Марказнинг тузилмасига ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар киритади, Марказнинг штатлар жадвалини Вазирлик билан келишилган ҳолда тасдиқлайди;
Марказнинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;
меҳнат ва хўжалик шартномаларини тузади ва бекор қилади;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ташкилотлар, муассасалар, корхоналар, жамоат бирлашмалари, шунингдек, белгиланган тартибда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Марказ номидан иш юритади;
Марказ маблағларини бошқаради;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5-боб. Марказ фаолиятини молиялаштириш
14. Марказ фаолиятини молиялаштириш Марказ томонидан тақдим этилаётган хизматлар, шу жумладан, рақамлаш ресурслари ажратилганлиги учун олинган маблағлар ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6-боб. Якунловчи қоида
15. Марказни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.10.2020 й., 09/20/680/1445-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 29.11.2024 й., 09/24/789/0982-сон)