Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Япония ҳукумати томонидан ажратилган грант доирасида Ўзбекистон Республикаси чегара божхона постларини сканерлаш ускуналари билан жиҳозлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
[Кўчирма]
Ўзбекистон Республикаси чегара божхона постларининг контейнерларини назорат қилиш бўйича сканерлаш ускуналари билан жиҳозлаш лойиҳасини амалга ошириш учун берилаётган Япония Ҳукумати грантидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида:
1. Япония Ҳукумати томонидан Ўзбекистон Республикаси чегара божхона постларининг контейнерларини назорат қилиш бўйича сканерлаш ускуналари билан жиҳозлаш лойиҳасини (II-фаза) амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига бериладиган грант суммасини 360,0 млн иенга (4,1 млн АҚШ доллари эквивалентида) ошириш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.М. Ғаниев Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Япония Ҳукумати ўртасидаги Алмашув ноталарини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ўртасидаги Грант битимини имзолашга вакил қилинсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига Япония Ҳукуматининг грантини олиш учун барча зарур тартиботларни Япония томони билан келишилган муддатларда расмийлаштириш юклансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки кўрсатиб ўтилган грантга ҳисоб-китоб хизмати кўрсатишни амалга оширсин.
5. Мазкур лойиҳага Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси чегара постларини сканерлаш ускуналари билан жиҳозлаш мақсадида Япония Ҳукумати томонидан бериладиган грантдан самарали фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2010 йил 29 январдаги ПҚ-1273-сон қарорининг 4-бандида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси кўрсатиб ўтилган лойиҳа доирасида тақдим этиладиган темир йўл транспортида ташиладиган контейнерлар ва юкларни назорат қилиш бўйича сканерлаш асбоб-ускуналаридан самарали фойдаланилишини таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Давлат божхона қўмитасининг буюртманомалари бўйича кўрсатиб ўтилган лойиҳанинг II-фазасини амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга лойиҳани амалга ошириш муддатига кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат божхона қўмитасининг буюртманомалари бўйича кўрсатиб ўтилган лойиҳанинг II-фазасини амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар берилишини ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек уларнинг яшаш жойида вақтинчалик рўйхатдан ўтказилишини, вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин, уларни давлат божлари тўлашдан озод қилсин.
10. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ва «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компанияси кўрсатиб ўтилган лойиҳа доирасида келиб тушадиган контейнерлар ва уларнинг эҳтиёт қисмларини назорат қилиш бўйича сканерлаш асбоб-ускуналарини аэропортларда ва темир йўл станцияларида йиғимлар ундирмасдан тушириш ишлари амалга оширилишини ва сақланишини таъминласинлар.
11. «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компанияси Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитаси билан келишган ҳолда Сурхондарё вилоятининг «Ғалаба» темир йўл станцияси ҳудудида майдон ажратсин ва ўз маблағлари ҳисобига контейнерларни назорат қилиш бўйича сканерлаш ускуналарини ўрнатиш бўйича қурилиш ишлари ташкил этилишини таъминласин.
12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.М. Ғаниев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2010 йил 19 июль,
ПҚ-1370-сон