Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ИСТЕЪМОЛ ТОВАРЛАРИНИ ИМПОРТ ҚИЛИШ УЧУН МАРКАЗЛАШТИРИЛГАН ВАЛЮТА РЕСУРСЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 10 октябрдаги 354-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш ва баъзиларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Эркин алмаштириладиган валютанинг муомалада бўлишини такомиллаштириш, марказлаштирилган валюта ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, республика истеъмол бозорини сифатли импорт халқ истеъмол товарлари билан тўлдиришни рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Юридик ва жисмоний шахсларга (резидентларга) сўмни эркин алмаштириладиган валютага конвертациялашда устун ҳуқуқ берувчи Марказий банк патентларининг мавжуд тизими тугатилсин.
2. Қуйидагилар тасдиқлансин:
Илгари Ўзбекистон Республикаси Марказий банки патентига эга бўлган юридик ва жисмоний шахсларнинг махсус счётларида банд қилиб қўйилган сўмдаги маблағларни қайтариш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом 1-иловага мувофиқ;
Халқ истеъмол товарларини импорт қилувчи корхоналарга марказлаштирилган валюта ресурслари ҳисобидан имтиёзли конвертациялаш тартиби тўғрисида Низом 2-иловага мувофиқ.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссиясига зарурат бўлганда тасдиқланган низомларга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.
3. Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссияси ваколатли банклар ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 1996 йил охиригача 1996 йилнинг 1 октябридаги ҳолати бўйича мавжуд қарзларни тўлашни ҳамда илгари Марказий банк патентларига эга бўлган юридик ва жисмоний шахсларга махсус счётларида банд қилиб қўйилган ва конвертация қилинмаган сўмлардаги маблағларни қайтаришни амалга оширсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига марказлаштирилган валюта ресурслари ҳисобидан имтиёзли конвертациялаш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахсларни қайта рўйхатдан ўтказишни икки ҳафта муддатда тугаллаш ва уларга белгиланган намунада лицензиялар бериш тавсия қилинсин.
5. 1997 йил 1 январгача юридик ва жисмоний шахсларга импорт қилинган товарларни сотишдан сўмларда олинган ҳамда махсус счётларда банд қилиб қўйилган, лекин ваколатли банклар томонидан конвертация қилинмаган маблағларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 20 сентябрдаги 329-сон қарорига 1-иловада кўрсатилган маҳсулотларни (пахта толасидан ташқари) миллий валютага сотиб олишга рухсат этилсин.
Белгилаб қўйилсинки, бундай йўл билан сотиб олинган маҳсулотни республикадан олиб чиқиб кетишда акциз солиқлари ва бож пошлиналари олинмайди, уни сотишдан олинган валюта тушуми белгиланган миқдорларда Марказий банкка мажбурий сотишдан озод қилинади.
«Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, «Ўзулгуржибиржасавдо» уюшмаси манфаатдор корпорациялар, концернлар, уюшмалар ва корхоналар билан биргаликда бир ҳафта муддатда илгари Марказий банк патентларига эга бўлган юридик ва жисмоний шахсларнинг буюртманомаларига биноан биржа ва ярмарка савдоларида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси орқали маҳсулотлар ва товарлар сотишга квоталарни кўпайтириш бўйича таклифлар киритсинлар.
6. Белгилаб қўйилсинки, Марказий банк патентлари эгалари томонидан импорт бўйича олиб келинган товарларни Ўзбекистон Республикасининг бож олинадиган ҳудудидан олиб чиқиб кетишда, тўланган импорт бож пошлиналари, акциз солиғи олинадиган маҳсулотлар бўйича эса — акциз солиғи 1997 йил 1 январгача қайтарилади.
Бунда кўрсатиб ўтилган маҳсулотлардан олиб чиқиб кетиш (қайта экспорт қилиш) бўйича акциз солиғи, шунингдек экспорт бўйича бож пошлиналари 1997 йил 1 январгача олинмайди.
7. Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссиясига илгари Марказий банк патентларига эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар томонидан олиб келинган энг зарур истеъмол товарларини қайта декларациялаш юзасидан 1996 йилнинг IV чораги учун конвертациялаш бўйича ўзларига белгиланган квоталар доирасида марказлаштирилган валюта ресурслари ҳисобидан конвертациялашга имтиёзли ҳуқуққа эга бўлган юридик шахслар — резидентлар фойдасига рухсатномалар бериш ҳуқуқи берилсин.
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Ташқи савдо операцияларини амалга оширишда хорижий валютадаги маблағлардан фойдаланиш устидан назоратни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 1996 йил 13 мартдаги 95-сон қарорининг импорт битишувлар паспортларини расмийлаштиришга оид қисми импорт қилинган халқ истеъмол товарларини сотишдан олинган сўмларни марказлаштирилган валюта ресурслари ҳисобидан эркин алмаштириладиган валютага имтиёзли конвертациялаш ҳуқуқи бўйича Марказий банк лицензиясига эга бўлган юридик шахслар — резидентларга татбиқ этилсин.
9. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:
Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 20 октябрдаги 413-сон қарори;
Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 23 ноябрдаги 566-сон қарорига иловадаги 5.2-банднинг учинчи хатбоши;
Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 13 мартдаги 95-сон қарорининг 8-банди;
Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 1 октябрдаги 342-сон қарорининг 6-банди.
10. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда идоравий меъёрий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.С. Ҳамидов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раиси Ф.М. Муллажонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 19 ноябрь,
405-сон
Илгари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг патентига эга бўлган юридик ва жисмоний шахсларнинг махсус счётларида банд қилиб қўйилган сўмдаги маблағларни қайтариш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Мазкур Низом илгари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг патентига эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар томонидан эркин алмаштириладиган валютага алмаштириш учун тақдим этилган махсус счётларидаги банд қилиб қўйилган пул маблағларини қайтариш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
1. Илгари Марказий банкнинг патентларига эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар махсус счётларида банд қилиб қўйилган ва 1996 йил 1 октябрдаги ҳолатига кўра ваколатли банклар томонидан алмаштирилмаган импорт товарларни сотишдан олинган пул маблағларига «ЎзДЭУавто Ко» акционерлик жамияти ишлаб чиқарган «Дамас» русумли автомобилларни, шунингдек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг биржа ва ярмарка савдоларида товарларни, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 20 сентябрдаги 329-сон қарорига 1-иловада кўрсатиб ўтилган маҳсулотларни (пахта толасидан ташқари) сотиб олиш ҳуқуқига 1997 йил 1 январгача эгадирлар.
Кўрсатиб ўтилган маҳсулотлар Ўзбекистон Республикаси ташқарисига олиб чиқиб кетилаётганда улардан акциз солиқлари ва бож пошлиналари олинмайди, ушбу маҳсулотларни сотишдан олинган валюта тушуми эса Марказий банкка мажбурий сотишдан озод этилади.
2. Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида мазкур Низомнинг 1-бандида кўрсатиб ўтилган операциялар тоифаси бўйича маҳаллий йиғимларни қўшган ҳолда тузиладиган контрактнинг ҳажмидан кўпи билан 0,6 фоиз миқдорида брокерлик ҳақи ундирилади.
3. Юридик ва жисмоний шахслар томонидан «Дамас» автомобилларини, товарларни Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг биржа ва ярмарка савдоларидан сотиб олиш тўғрисида қарор қабул қилинган ҳолларда ваколатли банклар:
юридик ва жисмоний шахсларнинг буюртманомасига кўра тегишли баланс счётларида банд қилиб қўйилган маблағларни кейинчалик ҳисоблаб ўтказиш учун махсус шахсий счётлар очадилар. Ушбу мақсадлар учун йўналтириладиган маблағлар алмаштириш учун 1996 йил 1 октябрга қадар тақдим этилган банд қилиб қўйилган маблағлар суммасидан ошиб кетмаслиги керак;
илгари Марказий банкнинг патентларига эга бўлган юридик ва жисмоний шахсларга Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг биржа ва ярмарка савдоларида битишувларни амалга ошириш учун, шунингдек, «Дамас» автомобилларини сотиб олиш учун асос бўлиб ҳисобланадиган уларнинг махсус шахсий счётларига ҳисоблаб ўтказилган сўмдаги маблағларининг миқдорлари тўғрисида маълумотнома тақдим этадилар.
4. Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси илгари Марказий банкнинг патентларига эга бўлган юридик ва жисмоний шахсларга берилган уларнинг махсус шахсий счётларига ҳисоблаб ўтказилган сўмдаги маблағларининг миқдорлари тўғрисидаги ваколатли банкларнинг маълумотномалари асосида уларнинг биржа ва ярмарка савдоларида зарур бўлган маҳсулотлар ва товарларни маълумотномада кўрсатиб ўтилган сумма доирасида сотиб олишлари учун контрактлар тузишни таъминлайди.
5. Илгари Марказий банкнинг патентларига эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар томонидан контрактлар бўйича Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг биржа ва ярмарка савдоларида сотиб олинган товарлар учун ҳисоб-китоблар сўмдаги маблағларни махсус шахсий счётлардан ҳисоблаб ўтказган ҳолда 3 (уч) иш куни мобайнида ваколатли банклар томонидан амалга оширилади.
6. Мазкур Низомга ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Биржа ва ярмарка савдосини, фьючерс асосида шартнома муносабатларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 1995 йил 26 сентябрдаги 375-сон қарори талабларига мувофиқ илгари Марказий банкнинг патентларига эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар томонидан биржа ва ярмарка савдоларида маҳсулотлар ва товарларни сотишга оид операцияларнинг амалга оширилиши учун, шунингдек, тузилган контрактлар бўйича ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилиши учун Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ҳамда ваколатли банк жавоб берадилар.
7. Илгари Марказий банкнинг патентларига эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар томонидан маблағларни алмаштиришни рад этиш учун ёзма ариза берилган вақтда, банд қилиб қўйилган сўмдаги маблағлар 2 (икки) иш куни мобайнида юридик шахсларнинг ҳисоб-китоб счётларига ёки фуқароларнинг Халқ банки муассасаларидаги омонатларига ҳисоблаб ўтказилиши керак.
Маблағлар юридик шахсларнинг ҳисоб-китоб счётларига ҳамда фуқароларнинг омонатларига ўтказилган вақтдан бошлаб улар мазкур Низомнинг 1-бандига мувофиқ ушбу маблағлардан бундан кейин фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўладилар.
8. Илгари ҳисоблаб ўтказилган сўмдаги маблағларни Ўзбекистон республика валюта биржасининг махсус счётидан илгари Марказий банкнинг патентларига эга бўлган юридик ва жисмоний шахсларнинг махсус счётларига ҳисоблаб ўтказиш учун уларни ваколатли банклар томонидан қайтариш «Ўзбекистон республика валюта биржасида валюта операцияларини ўтказиш қоидалари»га мувофиқ амалга оширилади.
9. «ЎзДЭУавто Ко» акционерлик жамияти ишлаб чиқарган «Дамас» автомобилларини илгари Марказий банкнинг патентларига эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар (кейинги ўринларда — Харидорлар), уларнинг қаерда жойлашганидан қатъи назар, Тошкент шаҳар, Массон кўчаси, 39-уйда жойлашган (телефон — 57-81-11, факс — 57-78-70) «Ўзавтотеххизмат» АБнинг «Сергели—Автотехсерфис» акционерлик жамияти (кейинги ўринларда — Сотувчи) томонидан қуйидаги тартибда амалга оширилади:
Харидор «Дамас» автомобил(лар)ини сотиб олиш тўғрисида Сотувчига ёзма ариза билан мурожаат қилади ва Сотувчига илгари нақд тушум ҳолида топширилган ва кейинчалик алмаштириш учун банд қилиб қўйилган, уларнинг махсус ҳисоб-китоб счётларига ҳисоблаб ўтказилган сўмдаги маблағларнинг миқдорлари ҳақидаги ваколатли банк маълумотномасини тақдим этади.
Олинган ариза ва Харидорга хизмат кўрсатувчи ваколатли банкнинг маълумотномаси асосида Сотувчи Харидор билан олди-сотди шартномасини тузади ва «Дамас» автомобил(лар)и учун тўлашга счёт ёзиб беради. Уларга мувофиқ ваколатли банк сўмдаги маблағларни 3 (уч) иш куни мобайнида Харидорнинг махсус шахсий счётидан Сотувчининг счётига ўтказади.
«Дамас» автомобил(лар)и Харидорга тўлов кунидаги Марказий банк расмий курси бўйича миллий валюта — «сўм»да аҳоли учун белгиланган чакана нархлар бўйича сотилади.
Маблағлар Сотувчининг счётига келиб тушгандан сўнг «Дамас» автомобил(лар)и Харидорга берилади ва белгиланган намунада счёт-маълумотнома ёзилади.
Кўрсатиб ўтилган шартларда сотиладиган шартномадаги автомобиллар сони Харидорларнинг махсус счётига ҳисоблаб ўтказилган, кейинчалик конвертациялаш учун илгари банд қилиб қўйилган сўмдаги маблағлар миқдори билангина чегараланади.
Сотувчи «Дамас» русумли автомобилларни сотишни алоҳида ҳисобга олиб боради,
Харидорга хизмат кўрсатувчи ваколатли банк Харидорнинг махсус шахсий счётига ҳисоблаб ўтказилган сўмдаги маблағларнинг миқдорлари тўғрисида ўзи тақдим этадиган маълумотномаларнинг ишончлилиги учун жавоб беради,
10. Илгари Марказий банкнинг патентларига эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар томонидан келтирилган импорт товарларни 1997 йилнинг 1 январигача Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудуди орқали олиб ўтишда, улар томонидан тўланган импорт пошлиналари, шунингдек, акциз солиғи солинадиган маҳсулотлар учун акциз солиғи қайтарилади.
Бунда кўрсатиб ўтилган маҳсулотлардан олиб чиқиб кетиш (қайта экспорт қилиш) учун акциз солиғи, шунингдек экспорт бўйича бож пошлиналари 1997 йил 1 январгача олинмайди.
11. Илгари Марказий банк патентига эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар ўз хоҳишларига кўра Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссиясининг қарорига асосан улар импорт бўйича келтиришган энг зарур истеъмол товарларини улгуржи савдо ташкилотлари, супермаркетлар, марказлаштирилган ҳолда ажратиладиган валюта ресурслари ҳисобидан сўмларни эркин алмаштириладиган валютага конвертациялаш учун имтиёзли ҳуқуққа эга бўлган бошқа юридик шахслар фойдасига қайта декларациялаш мумкин.
Қайта декларациялаш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун илгари Марказий банк патентига эга бўлган юридик ёки жисмоний шахс марказлаштирилган валюта ресурслари ҳисобидан имтиёзли конвертациялаш ҳуқуқига эга бўлган қайси юридик шахснинг фойдасига қайта декларациялаш мўлжалланаётганини кўрсатган ва контракт ҳамда юк бўйича божхона декларацияси нусхаларини илова қилган ҳолда Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссиясига ёзма равишда мурожаат қилишлари керак.
Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссияси 10 иш куни мобайнида аризачига қабул қилинган қарор тўғрисида хабар қилишга ва масала ижобий ҳал этилганда бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Бош божхона бошқармасини хабардор қилишга мажбур.
12. Мазкур Низом илгари Марказий банк патентлари эгалари ҳисобланган барча юридик ва жисмоний шахсларга ҳамда, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, ваколатли банкларга, шунингдек, Низомда кўрсатиб ўтилган бошқа хўжалик юритувчи субъектларга татбиқ этилади ва валюта операцияларини ўтказиш учун лицензияга эга бўлган барча банкларда, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида ва унинг ҳудудий филиалларида, «Ўзавтотеххизмат» акционерлик бирлашмасининг «Сергели-Автотехсервис» акционерлик жамиятида кўринарли жойларга мажбурий тартибда қўйилиши керак.
Халқ истеъмол товарларини импорт қилувчи корхоналарга марказлаштирилган валюта ресурслари ҳисобидан имтиёзли конвертациялаш тартиби тўғрисида
Кейинги таҳрирга қаранг.
НИЗОМ
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 19 ноябрдаги 405-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ва импорт бўйича келтириладиган тайёр халқ истеъмол товарларини сотишдан олинган сўмдаги тушумни марказлаштирилган валюта ресурслари ҳисобидан эркин алмаштириладиган валютага имтиёзли конвертациялаш тартибини белгилаб беради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссияси зарурат бўлганда мазкур Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқига эгадир.
3. Мазкур Низом марказлаштирилган валюта ресурслари ҳисобидан имтиёзли конвертациялаш ҳуқуқини берувчи махсус лицензияга эга бўлган юридик шахсларга — Ўзбекистон Республикаси резидентларигагина татбиқ этилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки сўмларни марказлаштирилган валюта ресурслари ҳисобидан эркин алмаштириладиган валютага имтиёзли конвертациялаш ҳуқуқига лицензия беришни амалга оширувчи орган ҳисобланади.
5. Тайёр халқ истеъмол товарларини импорт қилувчи юридик шахслар — резидентларга бериладиган сўмни марказлаштирилган валюта ресурслари ҳисобидан эркин алмаштириладиган валютага имтиёзли конвертациялаш ҳуқуқи Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссиясининг импорт қилувчи корхонанинг ёзма аризаси ва Комиссиянинг махсус ишчи гуруҳи хулосаси асосида қабул қилинадиган қарори бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан бериладиган белгиланган намунадаги лицензия билан тасдиқланади.
6. Марказий банкнинг марказлаштирилган валюта ресурслари ҳисобидан имтиёзли конвертациялаш ҳуқуқини берувчи лицензияси офсет босмада тайёрланади, қатъий ҳисобда турадиган бланк ҳисобланади, қалбакилаштиришдан зарур даражада ҳимоя қилинади ва рўйхатдан ўтказиш (тартиб) рақамига эга бўлади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
II. МАРКАЗИЙ БАНКНИНГ МАРКАЗЛАШТИРИЛГАН ВАЛЮТА РЕСУРСЛАРИ ҲИСОБИДАН ИМТИЁЗЛИ КОНВЕРТАЦИЯЛАШ ҲУҚУҚИНИ БЕРУВЧИ ЛИЦЕНЗИЯСИНИ БЕРИШ ШАРТЛАРИ
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Импорт қилинадиган тайёр халқ истеъмол товарларини сотишдан тушган сўмларни марказлаштирилган валюта ресурслари ҳисобидан эркин алмаштириладиган валютага имтиёзли конвертациялаш лицензиясини олиш ҳуқуқига биринчи навбатда илгари Марказий банкнинг патентига эга бўлган қуйидаги корхоналар ва ташкилотлар эга бўладилар:
Кейинги таҳрирга қаранг.
Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссиясининг истеъмол бозори таъминланганлиги ва баланси бўйича ишчи гуруҳининг «Ўзбексавдо» давлат-акционерлик уюшмаси ва Ўзбекбирлашув махсус комиссияларининг савдо корхоналарининг Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 19 апрелдаги 135-сон қарори билан тасдиқланган «Супермаркет дўкон тўғрисида Вақтинчалик намунавий низом» талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги эксперт хулосаси асосида тайёрланадиган тақдимномаси бўйича супермаркетлар;
тайёр халқ истеъмол товарларини импорт қилувчи, чет элнинг нуфузли савдо ва ишлаб чиқариш фирмалари ва компаниялари (норезидентлар) билан барқарор савдо алоқаларига эга бўлган ёки уларнинг расмий дистрибьютерлари ҳисобланган, шунингдек республика иқтисодиётига инвестиция жалб қиладиган йирик ва ўрта хорижий, шуъба ва қўшма корхоналар;
тайёр халқ истеъмол товарларининг муайян турлари ёки гуруҳларини импорт қилишга ихтисослашаётган улгуржи савдо ташкилотлари;
аҳолига сотиш учун дори-дармонлар ва препаратларни, тиббий техникани импорт бўйича харид қилиш билан шуғулланувчи йирик улгуржи ташкилотлар;
дипломатик корпус ва дипломатик миссиялар шахсларига белгиланган тартибда хизмат кўрсатувчи давлат ихтисослаштирилган ташкилотлари.
8. Сўмдаги маблағларни марказлаштирилган валюта ресурслари ҳисобидан эркин алмаштириладиган валютага имтиёзли конвертациялаш ҳуқуқи юқорида кўрсатиб ўтилган корхоналар ва ташкилотларга қуйидаги шартлар билан берилади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
тузилган тегишли импорт контрактлари ва импорт битишувлар паспортлари билан тасдиқланган нуфузли хорижий савдо ва ишлаб чиқариш фирмалари ва компаниялари билан узоқ муддатли барқарор савдо алоқалари ўрнатиш;
ихтисослаштирилган улгуржи ташкилотларнинг ўз (ёки ижарага олинган) жиҳозланган омбор бинолари, улгуржи дўконлар шахобчалари ва республика ҳудудида чакана савдо ташкилотлари билан барқарор савдо алоқалари мавжудлиги;
дори-дармонлар ва препаратларни импорт қилувчи улгуржи ташкилотларнинг тайёрловчи хорижий корхоналар билан тўғридан-тўғри барқарор алоқалари борлиги ва уларнинг республика ҳудудида, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, дорихоналар шахобчаларига эга эканлиги;
автомобилларга, электртехника товарларига, мураккаб маиший ва электрон-ҳисоблаш техникасига эҳтиёт қисмлар келтирувчи корхоналарнинг хорижий тайёрловчи корхоналар билан тўғридан-тўғри алоқаларга ва республика ҳудудида тузатиш билан шуғулланувчи корхоналар ва ташкилотлар шахобчаларига эга эканлиги;
чекланган даражаси улгуржи савдо корхоналари ва ташкилотлари учун 10 (ўн) фоиздан, чакана савдо ташкилотлари учун 20 (йигирма) фоиздан ортиқ бўлмаган савдо устамалари (чегирмалари)нинг белгиланиши;
импорт бўйича фақат мувофиқлик сертификати ва товарнинг келиб чиқиш сертификати ва товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги кафолат хати билан тасдиқланган сертификацияланган товарлар келтирилиши;
узоқ муддатли барқарор савдо алоқаларини амалга ошириш учун тегишли мулк билан жавоб бериш имконини берувчи миқдорларда устав сармояси, активлар ва ўз муомала маблағлари мавжудлиги;
хорижий фирмалар (норезидентлар) билан тузилган контрактлар ва шартномалар (шу жумладан консигнация) асосида импорт бўйича товарлар харид қилишга валюта харажатлари мавжудлиги;
чакана савдо ташкилотлари учун — валютага тузилган контрактлар бўйича импорт халқ истеъмол товарларини сотишдан олинган тушум мунтазам равишда ҳар куни инкассация қилиниши.
9. Тайёр халқ истеъмол товарларини импорт қилувчи ва илгари Марказий банкнинг патентига эга бўлмаган, бироқ мазкур Низомнинг 7 ва 8-бандларида кўрсатилган корхоналарнинг турларидан бирига ва шартларига мос келувчи Марказий банкнинг марказлаштирилган валюта ресурслари ҳисобидан имтиёзли конвертациялаш ҳуқуқини берувчи лицензиясини олиш тўғрисида илтимос қилувчи юридик шахслар — резидентлар Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссиясининг махсус ишчи гуруҳига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:
Кейинги таҳрирга қаранг.
илтимоснома;
корхона Устави (Низоми)нинг нотариал тасдиқланган нусхаси;
тегишли ҳокимликлар томонидан берилган белгиланган намунадаги савдо қилиш ҳуқуқига рухсат берувчи гувоҳнома;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;
Кейинги таҳрирга қаранг.
вакил қилинган банкнинг жорий валюта счёти мавжудлиги ҳақидаги маълумотномаси;
улгуржи савдо ташкилотлари учун — ўз (ёки ижарага олинган) жиҳозланган омборлари мавжудлиги тўғрисида далолат берувчи ҳужжат ва импорт қилинадиган товарларни сотишга республика ҳудудидаги чакана савдо ташкилотлари билан тузилган шартномалар;
чакана савдо ташкилотлари учун — давлат реестрига кирган назорат-касса аппарати мавжудлиги ва рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида солиқ инспекциясининг маълумотномаси, шунингдек Давлат мулки қўмитасининг маҳаллий органи томонидан берилган белгиланган намунадаги тасдиқловчи далолатноманинг нусхаси илова қилинган ҳолда белгиланган санитария нормаларига мувофиқ савдо майдони бўлган ўз дўкони (ёки ижара шартларидаги) борлиги ҳақидаги ҳужжат;
Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ва вакил қилинган банк томонидан рўйхатдан ўтказилган импорт контракт (контрактлар) ҳамда валюта счёти очилган жой бўйича вакил қилинган банк муҳри (штампи) билан тасдиқланган ва имзоланган Импорт битишув паспорти нусхаси.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Марказий банкнинг лицензиясини олиш учун тақдим этилган ҳужжатлар Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссиясининг махсус ишчи гуруҳи томонидан мурожаат қилинган кундан бошлаб 7 кун ичида кўриб чиқилади ва ижобий ҳал этилган тақдирда тасдиқлаш учун Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссиясига киритилади.
Марказий банкнинг марказлаштирилган валюта ресурслари ҳисобидан имтиёзли конвертациялаш ҳуқуқини берувчи лицензияси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг ўринбосари томонидан имзоланади ва Марказий банкнинг гербли муҳри билан тасдиқланади ҳамда ҳисобга олиш (реестр) дафтарида рўйхатдан ўтказилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Марказлаштирилган валюта ресурслари ҳисобидан имтиёзли конвертациялаш ҳуқуқини берувчи лицензия бериш рад этилган тақдирда Марказий банк томонидан ариза берувчига асосли хулоса берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12 Марказлаштирилган валюта ресурслари ҳисобидан имтиёзли конвертациялаш ҳуқуқини берувчи лицензия берилганлиги учун Марказий банк томонидан миллий валюта — «сўм»да қуйидаги миқдорларда ҳақ ундирилади:
илгари Марказий банкнинг патентига эга бўлган юридик шахслар — резидентлардан — Марказий банкнинг тўлаш кунидаги расмий курси бўйича 100 АҚШ долларига тенг сумма;
биринчи марта лицензия олаётган юридик шахслар — резидентлардан — Марказий банкнинг тўлаш кунидаги расмий курси бўйича 2000 АҚШ долларига тенг сумма.
Кейинги таҳрирга қаранг.
13. Марказий банкнинг марказлаштирилган валюта ресурслари ҳисобидан имтиёзли конвертациялаш ҳуқуқини берувчи лицензияси Марказий банк счётига ўтказиладиган тўлов топшириқномаси нусхаси тақдим этилгандан кейин берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
III. МАРКАЗИЙ БАНК ЛИЦЕНЗИЯЛАРИ ЭГАЛАРИ УЧУН СЎМНИ ЭРКИН АЛМАШТИРИЛАДИГАН ВАЛЮТАГА КОНВЕРТАЦИЯЛАШГА БЕРИЛАДИГАН БУЮРТМАНОМАЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА ҚОНДИРИШ ТАРТИБИ
14. Импорт бўйича тайёр халқ истеъмол товарларини сотишдан олинган сўмдаги маблағларни марказлаштирилган валюта ресурслари ҳисобидан эркин алмаштириладиган валютага имтиёзли конвертациялашга буюртманомалар Марказий банкнинг лицензиясига эга бўлган юридик шахслар — резидентлар томонидан ўзларининг жорий валюта счётлари очилган ваколатли банкларга берилади.
15. Сўмдаги маблағларни марказлаштирилган валюта ресурслари ҳисобидан эркин алмаштириладиган валютага имтиёзли конвертациялашга буюртманомаларни қабул қилиш халқ истеъмол товарларининг барча турлари ва гуруҳлари бўйича қабул қилинади, импорт қилиш «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси ҳузуридаги Товар бозорлари конъюнктурасини ўрганиш республика маркази томонидан тавсия қилинмаган халқ истеъмол товарлари бундан мустасно (супермаркетлардан ташқари).
Кейинги таҳрирга қаранг.
16. Сўмдаги маблағларни марказлаштирилган валюта ресурслари ҳисобидан эркин муомаладаги валютага конвертациялашга буюртманомалар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ва ваколатли банкларда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган импорт контрактларини амалга оширишдан олинган сўм тушуми тушгандан кейин амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Бунда:
импорт бўйича халқ истеъмол товарларини ўзларининг чакана савдо шохобчалари орқали сотувчи супермаркетлар, хорижий, шуъба ва қўшма корхоналар учун конвертация қилиш товарлар аҳолига сотилгандан кейин нақд савдо тушуми инкассация қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлгандагина амалга оширилади;
улгуржи савдо корхоналари учун конвертация қилиш импорт товарлар истеъмолчиларга берилгандан ва тегишли маблағлар улгуржи корхонанинг ҳисоб-китоб счётига тушгандан кейин амалга оширилади.
17. Ваколатли банклар қабул қилинган буюртманомалар бўйича импорт товарларни сотишдан тушган сўмдаги маблағларни Марказий банкнинг лицензиясига эга бўлган корхоналар учун белгиланган конвертация қилиш квоталарига мувофиқ эркин алмаштириладиган валютага конвертация қиладилар.
18. Марказлаштирилган валюта ресурслари ҳисобидан конвертация қилишга квоталар ваколатли банклар томонидан Марказий банкнинг лицензиясига эга бўлган ҳар бир аниқ корхона ва ташкилот бўйича, ойларга тақсимланган ҳолда, умуман йил чорагига белгиланади ва ўз вақтида уларга маълум қилинади.
Квоталар тузилган ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган импорт контрактлари қийматидан ва ушбу контрактлар бўйича импорт товарларни сотишдан олинган сўм тушумининг ҳар ойлик мўлжалланган миқдоридан келиб чиқиб корхоналар ва ташкилотлар бўйича тақсимланади .
Кейинги таҳрирга қаранг.
19. Марказий банкнинг лицензиясига эга бўлган корхоналар ва ташкилотларга сўмдаги маблағлар эркин алмаштириладиган валютага имтиёзли конвертацияланишини таъминлаш мақсадида Марказий банк Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссиясининг қарори бўйича ҳар ойда ваколатли банкларга банклар учун белгиланадиган чораклик квота доирасида марказлаштирилган валюта маблағлари ажратади.
20. Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссиясининг қарори билан асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг тақчил ноозиқ-овқат товарларини харид қилиш шарти билан тендер асосида бериладиган марказлаштирилган валюта ресурслари ҳисобидан маблағларни Ўзбекистон Республикаси валюта биржасида конвертациялашга квота ажратиш тартиби жорий қилиниши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
IV. МАРКАЗИЙ БАНКНИНГ ЛИЦЕНЗИЯСИГА ЭГА БЎЛГАНЛАРНИНГ НИЗОМ ТАЛАБЛАРИГА РИОЯ ҚИЛИШЛАРИ УСТИДАН МОНИТОРИНГ
21. Ваколатли банкларнинг, Марказий банкнинг марказлаштирилган валюта ресурслари ҳисобидан имтиёзли конвертациялаш ҳуқуқини берувчи лицензиясига эга бўлган корхоналар ва ташкилотларнинг мазкур Низом шартлари ва талабларини бажаришларини Марказий банк томонидан доимий равишда кузатиб бориш, импорт қилувчи корхоналар ўртасидаги рақобатни рағбатлантириш орқали республика истеъмол бозори сифатли, арзон энг зарур импорт-товарлар билан тўлишига кўмаклашиш мониторингнинг мақсади ҳисобланади.
22. Ваколатли банклар Марказий банкнинг марказлаштирилган валюта ресурслари ҳисобидан имтиёзли конвертациялаш ҳуқуқини берувчи лицензиясига эга бўлганларнинг мазкур Низом шартлари ва талабларига, импорт контрактлари тузиш, Импорт битишувлар паспортини расмийлаштириш, конвертациялашга буюртманомалар бериш, сўм тушумини ҳисобга олиш ва топширишнинг белгиланган тартибига риоя этишлари устидан мунтазам назорат қилишга мажбурдирлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
23. Ваколатли банклар ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-кунигача Марказий банк лицензиялари эгалари ва товар гуруҳлари бўйича конвертация қилинган маблағлар тўғрисидаги маълумотларни Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссиясига тақдим этадилар.
24. Солиқ органлари ваколатли банклар ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси билан биргаликда:
Кейинги таҳрирга қаранг.
сўмни конвертациялаш миқдорининг импорт товарлар харид қилишга амалда сарфланган валюта маблағлари миқдорига мувофиқлиги;
эркин алмаштириладиган валютага конвертациялаш учун берилган сўмдаги маблағлар миқдорининг ҳисоб-китоб счётларига тушган (улгуржи савдо ташкилотлари учун) ёки инкассация қилинган (чакана савдо ташкилотлари учун) маблағлар миқдорига, шунингдек импорт товарлар сотилишининг амалдаги ҳажмига мувофиқлиги;
контракт қийматининг ва эркин алмаштириладиган валютага импорт қилинадиган халқ истеъмол товарлари нархининг сунъий равишда оширилиши;
нархномада валютада белгиланган халқ истеъмол товарларини сотиш нархлари билан ушбу товарларнинг импорт контракти, Импорт битишуви паспорти бўйича нархларининг мувофиқлиги;
улгуржи ҳамда чакана савдо корхоналари ва ташкилотлари учун савдо устамалари (чегирмалари)нинг чекланган даражасига риоя қилиниши;
импорт қилинадиган халқ истеъмол товарлари номенклатураси ва сифатига қўйиладиган талабларга риоя қилиниши устидан мунтазам назоратни амалга оширадилар.
Кўрсатиб ўтилган миқдорларда мунтазам равишда тафовутлар борлиги аниқланган ҳолларда солиқ органлари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан юридик шахсга — резидентга берилган марказлаштирилган валюта ресурслари ҳисобидан имтиёзли конвертациялаш ҳуқуқини берувчи лицензияни бекор қилиш ҳақида илтимос қиладилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
25. Конвертациялашнинг мазкур Низом билан белгиланган шартлари, талаблари ва тартиби бузилган тақдирда Марказий банк лицензиялари эгалари ваколатли банкларнинг тақдимномасига биноан ва Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссиясининг қарори асосида марказлаштирилган ресурслар ҳисобидан имтиёзли конвертациялаш ҳуқуқидан маҳрум қилинишлари мумкин.
26. Мазкур Низом амалга кириши муносабати билан 1995 йил 16 августда Молия вазирлиги ва Марказий банк томонидан тасдиқланган 84-сон «Юридик ва жисмоний шахсларнинг сўмни эркин муомаладаги валютага имтиёзли конвертациялаш ҳуқуқини берувчи патентни олиш тўғрисида берган илтимосларини кўриб чиқиш қоидалари» (кейинчалик киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар билан биргаликда) ўз кучини йўқотади.