Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Тошкeнт шаҳрида халқаро даражадаги мeҳмонхона қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Тошкент шаҳрида халқаро конференциялар, симпозиумлар ва бошқа тадбирларни юқори савияда ўтказиш учун шаҳар инфратузилмасини янада такомиллаштириш, бизнес-туризмни фаол ривожлантириш, шунингдек, пойтахт меҳмонлари учун юқори қулайлик шароитларини яратиш мақсадида:
1. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда «Ҳаятт Интернэшнл (Европа, Африка, Яқин Шарқ)» (Шветсария) компанияси ўртасида Тошкент шаҳрида юқори тоифали меҳмонхона қуриш ва уни халқаро стандартларга мувофиқ эксплуатация қилишни таъминлаш мақсадида ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришилганлиги;
«Ҳаятт Интернэшнл» компанияси меҳмонхонани лойиҳалаштириш, қуриш ва жиҳозлаш даврида техник маслаҳат хизматларини, меҳмонхонани бошқариш хизматларини, «Ҳаятт Ридженси» савдо белгисидан фойдаланиш ҳуқуқини, шунингдек, меҳмонхона фойдаланишга топширилгандан сўнг 5 миллион АҚШ доллари миқдорида бепул грант тақдим этишни мақсад қилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитасининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:
Тошкент шаҳрида, А. Навоий кўчасида 2012-2013 йилларда умумий смета қиймати эквивалентда 113 миллион АҚШ долларига тенг бўлган, 294 хонали юқори тоифали меҳмонхона қурилишини 2013 йилнинг ИВ чорагида фойдаланишга топшириш;
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузурида меҳмонхона қурилишини ташкил этиш ва кейинчалик уни бошқариш учун «Пойтахт қурилиш ва хизмат» давлат унитар корхонасини ташкил этиш.
3. Лойиҳалаштириш, қурилиш, «Ҳаятт Интернэшнл» компанияси ва жалб этиладиган маслаҳатчилар хизматларига тўловлар, шунингдек, меҳмонхонани муҳандислик ускуналари ва мебеллар билан жиҳозлаш харажатларини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат буджети маблағлари ҳисобидан марказлаштирилган капитал қўйилмалар, Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил ва кейинги йиллар учун Инвестиция дастурида назарда тутилган, эквивалентда 71 миллион АҚШ доллари, шу жумладан «Пойтахт қурилиш ва хизмат» ДУКнинг устав фондига киритиладиган эквивалентда 5 миллион АҚШ доллари;
«Пойтахт қурилиш ва хизмат» ДУКга 12 йил муддатга, шу жумладан 2 йиллик имтиёзли давр билан, йиллик 3 фоиз ставкада, қайта молиялаштирувчи банкнинг 1 фоиз маржаси билан бериладиган Ўзбекистон Миллий банки орқали қайта молиялаштириладиган Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 42 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредити.
4. Тошкент шаҳрида юқори тоифали меҳмонхона қуриш лойиҳасини амалга ошириш доирасида:
меҳмонхонани лойиҳалаштириш ва қуриш буюртмачиси — «Пойтахт қурилиш ва хизмат» ДУК;
бош лойиҳачи — «Тошгипрогор» АЖ;
бош пудратчи — «12-трест» АЖ этиб белгилансин.
5. Тошкент шаҳрида юқори тоифали меҳмонхонанинг қурилишини амалга ошириш ва белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш учун қуйидагиларга рухсат берилсин:
2013 йил 1 июлгача бўлган муддатда меҳмонхона қурилишини лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтда олиб бориш;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида импорт контрактларининг юклашдан олдинги инспекциясини ва экспертизасини белгиланган тартибда ўтказган ҳолда буюртмачи ва бош пудратчига — етказиб берувчиларнинг тижорат таклифлари асосида тендер савдоларини ўтказмасдан товарлар (хизматлар) харидини амалга ошириш;
буюртмачига — «Ҳаятт Интернэшнл» компанияси билан тузилган келишувларда назарда тутилган тартибда ва шартларда маслаҳатчиларни, шу жумладан хорижий маслаҳатчиларни шартнома асосида жалб этиш;
бош лойиҳачи ва бош пудратчига — буюртмачи билан келишган ҳолда юқори тоифали меҳмонхоналарни лойиҳалаштириш, қуриш ва жиҳозлашга ихтисослашган маҳаллий ва хорижий субпудрат ташкилотларини жалб этиш;
буюртмачига — меҳмонхона қурилиши доирасида импорт қилинадиган товарлар ва кўрсатиладиган хизматлар қийматини тўлаш учун бош лойиҳачи ва бош пудратчига хорижий валютада тўловларни амалга ошириш.
6. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Миллий банки ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2012 йил 1 майга қадар қуйидагиларни таъминласин:
«Ҳаятт Интернэшнл» компанияси билан меҳмонхонани бошқариш ва «Ҳаятт Ридженси» савдо белгисидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш бўйича шартноманинг асосий шартлари тўғрисида келишув тузиш;
меҳмонхона қурилишининг қиймати бўйича халқаро экспертиза ўтказиш;
«Ҳаятт Интернэшнл» компанияси билан келишган ҳолда юқори тоифали меҳмонхоналар қурилишини қўллаб-қувватлашга ихтисослашган халқаро экспертларни жалб қилиш.
7. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Давархитектқурилиши ваколатли экспертиза органлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда 2012 йил 15 майга қадар юқори тоифали меҳмонхонанинг дастлабки техник-иқтисодий асосланишини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.
8. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда Тошкент шаҳрида, А. Навоий кўчасида юқори тоифали меҳмонхона қурилиши учун «Пойтахт қурилиш ва хизмат» ДУКга ер участкасини ажратишни таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Давархитектқурилиши Тошкент шаҳрида меҳмонхона қуриш лойиҳасини амалга ошириш доирасида лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича эксперт ёрдамини ва олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишларининг сифатини назорат қилишни белгиланган тартибда таъминласин.
10. «Пойтахт қурилиш ва хизмат» ДУК, «Тошгипрогор» ОАЖ, «12-трест» ОАЖ ва уларнинг субпудрат ташкилотлари меҳмонхонани лойиҳалаштириш ва қуриш даврида қуйидаги тўловлардан озод қилинсин:
бажариладиган лойиҳа ва қурилиш-монтаж ишлари ҳажмлари бўйича қўшилган қиймат солиғи ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар (буджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан ташқари);
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича меҳмонхона қурилиши ва жиҳозланиши учун олиб келинадиган, шу жумладан «вақтинчалик олиб кириш» режимида олиб келинадиган ускуна, қурилиш техникаси, қурилиш материаллари ва бутловчи буюмлар, мебель, компьютер техникаси ва бошқа товарлар учун божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно).
11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, «Ўзқурилишматериаллари» АК, «Ўзнефтмаҳсулот» АК меҳмонхона қурилиши учун «12-трест» ОАЖга асосланган ҳисоб-китоблар бўйича цемент, металл прокатни тартибга солинган нархларда тўғридан-тўғри шартномалар асосида ва ёқилғи-мойлаш материалларини — биржа котировкаларининг ўртача тортилган нархларида ажратишни назарда тутсин.
12. Мазкур қарорнинг ижроси устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2012 йил 1 март,
ПҚ-1719-сон