Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
қарори
Корея Республикасининг иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси билан молиявий ҳамкорликда «Электрон ҳукумат тизимида маълумотларни қайта ишлаш марказини яратиш» инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг устувор чора-тадбирлари тўғрисида
«Электрон ҳукумат» тизимининг технологик инфратузилмасини янада ривожлантириш, идоралараро ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини жорий этишни жадаллаштириш, шунингдек, Корея Республикасининг Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси билан ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида:
1. Маълумот учун қабул қилинсинки:
2015 йил 28 майда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Корея Республикаси Стратегия ва молия вазирлиги ўртасида Корея Республикасининг Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси (кейинги ўринларда EDCF деб аталади) билан 2015 — 2019 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастурини жорий этиш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди, унда «Электрон ҳукумат» тизими маълумотларини қайта ишлаш марказини ташкил этиш» инвестиция лойиҳасини (кейинги ўринларда инвестиция лойиҳаси деб аталади) амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасига ўн йиллик имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда 40 йил муддатга 27,0 млн АҚШ долларига тенг миқдорда EDCF имтиёзли қарзи тақдим этиш назарда тутилган;
2016 йил 21 декабрда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Корея Республикаси Экспорт-импорт банки ўртасида «Электрон ҳукумат» тизимининг маълумотларни қайта ишлаш марказини ташкил этиш» инвестиция лойиҳасини амалга оширишни молиялаштириш бўйича қарз битими имзоланди.
2. Белгилансинки, «Электрон ҳукумат» тизими маълумотларини қайта ишлаш марказини ташкил этиш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида:
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки EDCF имтиёзли қарзидан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш бўйича молия агенти ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги EDCF имтиёзли қарзидан мақсадли фойдаланилиши учун масъул бўлган ижро этувчи агент ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ДУК масъул ижрочи ҳисобланади;
лойиҳани амалга ошириш даври ва якуний қиймати техник-иқтисодий ҳисоб-китобни тасдиқлашда аниқланади;
асосий қарзни қайтариш, фоизлар, воситачилик ҳақини тўлаш ва EDCF имтиёзли қарзига хизмат кўрсатиш бўйича бошқа харажатлар билан боғлиқ харажатлар Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
«Электрон ҳукумат» тизимининг маълумотларга ишлов бериш маркази электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органларининг идоравий ва идоралараро ахборот тизимлари ҳамда ахборот ресурслари, электрон ҳукуматнинг марказий маълумотлар базалари сақланишини ва интеграция қилинишини таъминлайди.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирига Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, «Ўзинфоком» компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази, Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан инвестиция лойиҳаси бўйича EDCF имтиёзли қарз маблағларидан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш юзасидан агентлик битимини имзолаш ваколати берилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Корея Республикаси Экспорт-импорт банки ўртасидаги қарз битими бўйича юридик хулоса берсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Корея Республикасининг ваколатли банки билан EDCF имтиёзли заёмидан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш бўйича банклараро битим тузсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бир ой муддатда инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий ҳисоб-китоби ишлаб чиқилиши, келишилиши ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритилишини таъминласин.
7. «Электрон ҳукумат» тизимининг Маълумотларни қайта ишлаш маркази Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Фарғона йўли кўчаси, 15-уй манзилидаги бинога жойлаштирилсин.
8. Қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бўйича халқаро ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари томонидан берилган қарзлар (кредитлар) маблағлари ҳисобига инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида олиб кириладиган ва сотиб олинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши маълумот учун қабул қилинсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг буюртманомалари бўйича кўрсатиб ўтилган инвестиция лойиҳасини амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг буюртманомалари бўйича кўрсатиб ўтилган инвестиция лойиҳасини амалга оширишда иштирок этувчи Ўзбекистон Республикасига келаётган хорижий мутахассисларга давлат божлари ундирилмасдан кўп марталик визалар берилишини ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш жойида вақтинчалик рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини таъминласин.
11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 16 февраль,
ПҚ-2783-сон