Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегараси орқали ўтадиган «Оқ олтин» ва «Малик» назорат ўтказиш пунктлари очилиши тўғрисида
[Кўчирма]
Ўзбек — қозоқ Давлат чегарасини кесиб ўтаётган томонларнинг фуқаролари учун қулай шароитлар яратиш ҳамда 2006 йил 4 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида ўзбек — қозоқ Давлат чегарасидаги назорат ўтказиш пунктлари тўғрисида»ги Битимга Протоколга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Протоколга мувофиқ:
1. 2017 йил 15 майдан бошлаб Ўзбекистон — Қозоғистон Давлат чегарасида «Оқ олтин» ва «Малик» автомобил назорат ўтказиш пунктлари фаолияти йўлга қўйилсин.
2. Маълумот учун қабул қилинсинки:
«Оқ олтин» ва «Малик» назорат ўтказиш пунктларидан фақат енгил автотранспорт воситалари ҳаракати учун фойдаланилади;
кўрсатилган назорат ўтказиш пунктлари орқали тижорат мақсадларида юк ва товарларни ўтказиш амалга оширилмайди.
3. «Оқ олтин» ва «Малик» назорат ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария-карантин, ветеринария ва фитосанитария назоратини ташкил этиш мақсадида қуйидаги қўшимча штат бирликлари ажратилсин:
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига — 14 бирлик (шундан 8 нафари ветеринария ва 6 нафари фитосанитария ходимлари).
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Оқ олтин» ва «Малик» назорат ўтказиш пунктларида божхона ва санитария-карантин назорати мавжуд штат ходимлари ва ички захиралар ҳисобидан таъминласин.
4. Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси ва Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг қўшимча штат бирликларини сақлаш жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2017 йил учун тасдиқланган параметрлари доирасида амалга оширилади;
Қозоғистон йўналишида транзит мақсадларидан ташқари ҳаракатланаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда мазкур назорат ўтказиш пунктларидан ўтувчи Қозоғистон Республикаси фуқароларига нисбатан чегара назорати амалдаги қонунчилик ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади;
Қозоғистон Республикаси Жанубий Қозоғистон вилояти Махтаарал тумани ҳудуди орқали тўхтовсиз транзит тартибида ҳаракатланаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари оддийлаштирилган тартибда, чегара белгиларини қўймасдан ўтказилади. Шу билан бирга шахсни тасдиқловчи ва Давлат чегарасини кесиб ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар мажбурий тартибда текширилади;
кўрсатилган назорат ўтказиш пунктларида божхона назорати йўловчи божхона декларацияси тўлдирилмасдан, транспорт воситалари рўйхатга олинмасдан ва божхона кўриги ўтказилмасдан, олиб ўтилаётган транспорт воситаларининг визуал кўриги мажбурий таъминланган ҳолда соддалаштирилган тартибда амалга оширилади.
кўрсатилган назорат ўтказиш пунктлари орқали соддалаштирилган тартибда ҳаракатланаётган жисмоний шахслар божхона қонунчилиги талабларига риоя қилиш мажбуриятидан озод этилмайди.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2018 йилдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг асосланган ҳисоб-китоблари асосида қўшимча штат бирликларини сақлаш учун зарур бюджет ажратмаларини назарда тутсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати:
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда, Қозоғистон Республикаси чегара-божхона органлари билан келишилган ҳолда, назорат ўтказиш пунктлари иш режимини белгиласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда «Оқ олтин» ва «Малик» назорат ўтказиш пунктларининг муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яратиш ва ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги «Оқ олтин» ва «Малик» назорат ўтказиш пунктлари олдида чегарани кесиб ўтаётган шахслар ва транспорт воситалари устидан назоратни амалга ошириш учун ички ишлар органлари постларини жойлаштирсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгиланган тартибда кўрсатилган назорат ўтказиш пунктларида тегишли назорат турларини амалга оширилишини ташкил этсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантиришда «Оқ олтин» ва «Малик» назорат ўтказиш пунктларининг муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яратиш ва ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш учун тегишли капитал қўйилмалар лимитларини назарда тутсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги «Оқ олтин» ва «Малик» назорат ўтказиш пунктларини юқори тезликдаги алоқа каналлари билан таъминласин.
12. Сирдарё вилояти ҳокимлиги «Оқ олтин» ва «Малик» назорат ўтказиш пунктларига туташ ҳудудни ободонлаштириш, уларни узлуксиз электр энергияси, ичимлик суви ва табиий газ билан таъминлаш чора-тадбирларини амалга оширсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу қарордан келиб чиқадиган қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитасига, вазиятдан келиб чиқиб ҳамда ўзбек — қозоқ Давлат чегарасидаги чегара пунктлари тўғрисидаги ҳукуматлараро Битим қоидаларига мувофиқ, Қозоғистон Республикасининг ваколатли органлари билан келишилган ҳолда ушбу назорат ўтказиш пунктлари орқали шахслар ва транспорт воситаларини ўтказиш тартибига тегишли ўзгартишлар киритишга рухсат берилсин.
15. Ушбу қарор ижроси устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Маҳмудов зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 26 апрель,
ПҚ-2931-сон