Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбекистон Республикасида замонавий радиоускуналар ишлаб чиқаришни ташкил этиш тўғрисида
[Кўчирма]
Вазирликлар ва идоралар, махсус ва коммунал хизматлар бўлинмаларининг самарали ҳамкорлиги, уларни сифатли узлуксиз алоқа ва мос келадиган асбоб-ускуналар билан таъминлаш учун Ўзбекистон Республикасида импорт ўрнини босувчи юқори технологияли радиоускуналар ва радиоалоқа воситалари ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12-13 май кунлари Хитой Халқ Республикасига Давлат ташрифи давомида «Oʼzelektroapparat-Electroshield» АЖ ва Хитойнинг «Hytera Communications Co., Ltd.» компанияси ўртасида йиллик қуввати 20 минг дона бўлган «Oʼzelektroapparat-Electroshield» АЖда радиоускуналар ва радиоалоқа воситалари ишлаб чиқаришни босқичма-босқич ташкил этишни назарда тутувчи ҳамкорлик тўғрисидаги битим (кейинги ўринларда лойиҳа деб аталади) имзоланганлиги, унда қуйидагилар назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин:
I босқичда (2017 йил охиригача) — радиоускуналар ва радиоалоқа воситаларини (кейинги ўринларда — радиоускуналар) йирик узелли (SKD) йиғиш;
II босқичда (2018 йил охирига қадар) — радиоускуналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини камида 36 фоизга етказиш;
III босқичда (2019-2020 йиллар давомида) — Хитойнинг «Hytera Communications Co., Ltd.» компанияси инвестицияларини жалб қилган ҳолда радиоускуналари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини 60 фоизга етказиш.
2. «Ўзелтехсаноат» АК, «Oʼzelektroapparat-Electroshield» АЖ, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг:
лойиҳанинг I босқичини «Oʼzelektroapparat-Electroshield» АЖ ҳудудида Тошкент шаҳри, Таллимаржон кўчаси, 1-уйда ташкил этиш;
лойиҳанинг II ва III босқичларини амалга ошириш учун Тошкент шаҳридаги кичик саноат зоналари ҳудудида «Oʼzelektroapparat-Electroshield» АЖга белгиланган тартибда ишлаб чиқариш майдонлари ажратиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
3. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва «Ўзелтехсаноат» АК уч ой муддатда лойиҳанинг II ва III босқичларини амалга ошириш учун Тошкент шаҳридаги кичик саноат зоналари ҳудудидаги тегишли ишлаб чиқариш майдонларини белгиланган тартибда «Oʼzelektroapparat-Electroshield» АЖга бериш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига келишилган таклиф киритсин.
4. Белгилаб қўйилсинки, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш ва ташқи инфратузилмани тайёрлаш, хорижий мутахассисларни жалб қилиш, шунингдек, жалб этиладиган кредитларни қайтариш ва уларга хизмат кўрсатиш харажатларини қоплаш «Oʼzelektroapparat-Electroshield» АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
6. «Ўзелтехсаноат» АК:
«Oʼzelektroapparat-Electroshield» АЖ билан биргаликда бир ҳафта муддатда лойиҳанинг I босқичи бизнес-режасини ишлаб чиқилиши, 2018 йилнинг I чораги якунига қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига лойиҳанинг II ва III босқичларини амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида таклифлар киритилишини;
манфаатдор вазирликлар, идоралар ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда ҳар йили 1 сентябргача келгуси йилда маҳсулот ишлаб чиқаришни режалаштириш учун радиоускуналар моделлари ва сони аниқланишини таъминласин.
7. «Oʼzelektroapparat-Electroshield» АЖ томонидан радиоускуналарни ишлаб чиқариш, шунингдек, уларга техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва монтаж қилиш жараёнида республикада ишлаб чиқарилмайдиган, божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари)дан озод қилинган ҳолда 2019 йил 1 январга қадар олиб кириладиган ускуналар, материаллар ва бутловчи буюмлар рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда ушбу қарор билан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ радиоускуналарни ишлаб чиқариш, шунингдек уларга техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва монтаж қилиш учун олиб келинадиган асбоб-ускуналар, материаллар ва бутловчи буюмлардан мақсадли фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин.
Белгилаб қўйилсинки, ушбу қарор билан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ радиоускуналарни ишлаб чиқариш, шунингдек уларга техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва монтаж қилиш учун олиб келинадиган асбоб-ускуналар, материаллар ва бутловчи буюмлардан бошқа мақсадларда фойдаланилган тақдирда, божхона имтиёзлари берилиши муносабати билан тўланмаган божхона тўловлари суммаси қонун ҳужжатларида белгиланган молиявий санкциялар қўлланилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундирилади.
9. «Oʼzelektroapparat-Electroshield» АЖ:
радиочастоталар полосасини ажратиш;
радиоускуналарни ишлаб чиқиш учун — эскиз ёки эскиз-техник лойиҳалашни тугаллаш босқичидан кечиктирмай;
радиоускуналарни ишлаб чиқариш учун — ишланмалар якунлангандан ҳамда тажриба намуналари синовдан ўтказилгандан сўнг;
радиоэлектрон воситалар, уларнинг қисмларини, шу жумладан бутловчи буюмларни чет элдан олиб келиш учун — етказиб берувчи билан музокаралар олиб бориш даврида, уларни етказиб бериш бўйича шартнома тузилгунга қадар Ўзбекистон Республикаси Радиочастоталар бўйича республика кенгашига белгиланган тартибда ўз вақтида аризалар тақдим этилишини таъминласин.
10. Қуйидагилар:
иккинчи навбатда — «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК, «Навоий КМК» ДК, «Олмалиқ КМК» АЖ, Ўзбекистон Республикаси Автомобил йўллари давлат қўмитаси ва уларнинг таркибий бўлинмалари, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари;
кейинчалик — бошқа вазирликлар, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар радиоускуналарга бўлган эҳтиёжни қаноатлантириши лозимлиги белгилаб қўйилсин.
11. Биринчи ва иккинчи навбатдаги истеъмолчиларга, истисно тариқасида, «Oʼzelektroapparat-Electroshield» АЖ билан қуйидагилар бўйича тендер (танлов) савдоларини ўтказмасдан шартномалар тузишга рухсат берилсин:
шартнома суммасининг 100 фоизи миқдорида олдиндан ҳақ тўлаш шарти билан радиоускуналар харид қилиш;
радиоускуналарнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, шу жумладан импорт бўйича олиб келинадиганларини сотиб олиш;
радиоускуналарга техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш;
«Oʼzelektroapparat-Electroshield» АЖ томонидан ишлаб чиқарилган радиоускуналарни қўллаган ҳолда радиоалоқа тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш ва модернизация қилиш.
12. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги «Oʼzelektroapparat-Electroshield» АЖнинг мурожаатлари бўйича ишлаб чиқарилаётган радиоускуналар турларини белгиланган тартибда сертификатлаштиришни таъминласин.
13. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги «Oʼzelektroapparat-Electroshield» АЖ буюртманомаларига асосан лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.
14. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги «Oʼzelektroapparat-Electroshield» АЖ буюртманомаларига асосан лойиҳани амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар берилиши ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек, уларнинг вақтинча яшаш жойида вақтинча рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.
15. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги «Oʼzelektroapparat-Electroshield» АЖ буюртманомалари бўйича лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассислар (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида мавжуд бўлмаган)ни Ўзбекистон Республикасига жалб этишга белгиланган тартибда рухсатномалар берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек, кўрсатиб ўтилган хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига тасдиқномалар берилиши (муддати узайтирилишини)ни таъминласин.
16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ бошқаруви раиси Н.С. Отажонов ва «Ўзелтехсаноат» АК бошқаруви раиси Ф.Х. Боқиевлар зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 4 сентябрь,
ПҚ-3255-сон