Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«ЎЗДЭУБАНК» ЎЗБЕКИСТОН—КОРЕЯ ҚЎШМА БАНКИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 5 майдаги 76-сонли «ЎЗКДБ БАНК» ёпиқ акциядорлик жамияти фаолиятининг айрим ташкилий масалалари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «ДЭУ Сикьюритиз» компанияси, Кореянинг «Корам банк» банки, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва «Турон» консолидация акционерлик-тижорат банкининг «ЎзДЭУбанк» Ўзбекистон—Корея қўшма банкини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. «ЎзДЭУбанк»нинг устав сармояси 20 млн. АҚШ долларига тенг суммада, шу жумладан хорижий томоннинг улуши — 90 фоиз («ДЭУ Сикьюритиз» — 55%, «Корам банк» — 10%, ЕТТБ — 25%) ва Ўзбекистон томони улуши — 10 фоиз (Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки — 5%, «Турон» банки — 5%) миқдорида белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Белгилаб қўйилсинки, «ЎзДЭУбанк» Ўзбекистон Республикасининг юридик шахси ҳисобланади ҳамда ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг норматив ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.
4. «ЎзДЭУбанк» муассислари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг лицензияси олинган пайтгача банкнинг устав сармоясига таъсис бадаллари тўласинлар.
5. «ЎзДЭУбанк» 1997 йил 31 декабргача фойдадан олинадиган солиқни тўлашдан озод қилинсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ва Тошкент шаҳар ҳокимига банкнинг ташкил этилиши, жойлаштирилиши, фаолият кўрсатиши ва уни малакали мутахассислар билан таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш тавсия этилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «ЎзДЭУбанк» Ўзбекистон—Корея қўшма банкини ташкил этиш тўғрисида» 1995 йил 27 июндаги 238-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.С. Ҳамидов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф.М. Муллажонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 17 октябрь,
359-сон