Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
«Ўзбекгидроэнерго» АЖ ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Йирик, кичик ва микрогидроэлектростанцияларни лойиҳалаш ва қуриш соҳасида замонавий ва илмий-техника инновацион ечимларни жорий этиш, шунингдек, лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишларини истиқболда яқин ва узоқ хориж мамлакатлар бозорларига олиб чиқиш билан бирга инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш ва уларнинг фаолияти самарадорлигини оширувчи «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ташкилотларининг мустаҳкам моддий-техника базасини яратиш мақсадида:
1. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 — 2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида» 2017 йил 2 майдаги ПҚ-2947-сонли қарорига мувофиқ умумий қиймати 4.0 млрд. АКШ доллари миқдоридаги кичик ва ўрта ГЭСлар қурилиши ва модернизация қилиниши бўйича 74 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш назарда тутилган.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. «Ўзбекгидроэнерго» АЖ, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ва унинг улуши мавжуд бўлган корхоналар (кейинги ўринларда — «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ташкилотлари) эквивалентининг умумий миқдори 60 миллион АҚШ доллари бўлган гидроэнергетикани янада ривожлантириш ва янги юқори вольтлик электр узатиш линияларини қуриш бўйича инвестиция лойиҳаларини сифатли ва ўз вақтида бажариш учун замонавий ихтисослаштирилган ва технологик ускуналар, асбоблар, машина ва механизмлар, бутловчи буюмлар, лицензияли дастурий маҳсулотлар ва ахборот-коммуникация технологияларни харид қилиш орқали ташкилотларнинг моддий-техника базасини янгилаш ва мустаҳкамлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан тизимдаги корхоналар базасида гидроагрегатларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лойиҳасини молиялаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 июлдаги ПҚ-252-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.07.2024 й., 07/24/252/0523-сон)
3. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси «Туронбанк» АТБга 60,0 млн. АКШ доллари ажратсин, мазкур маблағлар белгиланган тартибда сотилсин ва келиб тушган маблағлар «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ташкилотларига кейинчалик кредит линияларини очиш учун банкнинг устав капиталини оширишга йўналтирилсин.
4. «Туронбанк» АТБга «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ташкилотларининг буюртмасига кўра улар томонидан ишлаб чиқилган бизнес-режа асосида ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖ кафиллигида моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида фоиз ставкаси «олти ойлик LIBORга қўшимча йиллик 2 фоиз» миқдорда, жумладан 3 йиллик имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда 10 йил муддатгача хорижий валютага кредит линияларини очиш тавсия этилсин.
5. Белгилансинки, кредит линиялари ҳисобига «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга оид ишлаб чиқилган бизнес-режалар «Ўзбекгидроэнерго» АЖнпнг соҳавий илмий-техника кенгашида, уларни амалга ошириш доирасида тузиладиган импорт контрактлари эса — белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий лойиҳа бошқарув агентлиги ҳузуридаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказида мажбурий экспертизадан ўтказилиши лозим.
6. 2020 йилнинг 1 мартигача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган. белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ташкилотлари томонидан олиб келинадиган замонавий ихтисослаштирилган ва технологик ускуналар, асбоб-ускуналар, машина ва механизмлар, бутловчи буюмлар, лицензияли дастурий маҳсулотлар ва ахборот-коммуникация технологиялари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин.
7. «Ўзбекгидроэнергия» АЖ ташкилотларига гидроэнергетикани янада ривожлантириш ва янги юқори вольтлик электр узатиш линияларини қуриш бўйича давлат дастурларини амалга ошириш доирасида ишлаб чиқарувчи-заводлар, уларнинг расмий вакиллари, халқаро эътироф этилган етказиб берувчилар билан бирга тендер савдолари ўтказмасдан замонавий ихтисослаштирилган ва технологик ускуналар, асбоб-ускуналар, машина ва механизмлар, бутловчи буюмлар, лицензияли дастурий маҳсулотлар ва ахборот-коммуникация технологияларини харид қилишга, кейинчалик белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий лойиҳа бошқарув агентлиги ҳузуридаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказида тузилган шартномаларни мажбурий экспертизадан ўтказиш билан бирга энг яхши таклифларни саралаб олиш асосида лойиҳа-қидирув ишларини амалга ошириш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича шартномалар тузишга рухсат берилсин.
8. «Ўзбекгидроэнергия» АЖнинг ўз маблағлари ҳисобига гидроэнергетика соҳа ходимларига, аввало ёшларга кулай ижтимоий-маиший шароитлар яратиш ва яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида Тошкент шаҳрида кўп қаватли уйлар қуриш (150 та хонадондан кам бўлмаган) тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
9. Тошкент шаҳри ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда бир ҳафта муддатда «Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг асосланган буюртманомасига кўра кўп қаватли уйлар қурилиши учун ер майдони ажратилишини таъминласин.
10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси А.С. Султонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Р. Холмуродов ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқаруви раиси А.А. Сангинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2018 йил 19 февраль,
ПҚ-3540-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.06.2020 й., 07/20/3540/0930-сон; 18.07.2024 й., 07/24/252/0523-сон)