Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Табиатни муҳофаза қилиш давлат муассасаси шаклидаги Китоб геология миллий табиат боғини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг Китоб давлат геология қўриқхонаси давлат муассасаси ҳудудидаги асрлар давомида шаклланган ноёб табиат ёдгорликлари ҳамда девон даврига мансуб халқаро эътироф этилган «Зинзилбан» кесмасининг геология фанида тутган ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ҳудуднинг геотуризм ва иқтисодий салоҳиятини янада ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги Китоб давлат геологик қўриқхонаси давлат муассасаси негизида табиатни муҳофаза қилиш давлат муассасаси шаклидаги Китоб геология миллий табиат боғини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тасарруфидаги Китоб давлат геология қўриқхонаси давлат муассасаси негизида табиатни муҳофаза қилиш давлат муассасаси шаклидаги Китоб геология миллий табиат боғини ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2020 йил 30 июнь,
ПҚ-4766-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июндаги ПҚ-4766-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 июндаги ПҚ-3067-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларига асосан давлат тасарруфидан чиқариладиган ва хусусийлаштириладиган давлат мулки объектлари рўйхатининг 165-бандидаги «Китоб давлат геология қўриқхонаси» ДУК» сўзлари «Китоб геология миллий табиат боғи» табиатни муҳофаза қилиш давлат муассасаси» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3578-сон қарорига 4-иловадаги »Китоб Давлат геология қўриқхонаси» сўзлари «Китоб геология миллий табиат боғи» табиатни муҳофаза қилиш давлат муассасаси» сўзлари билан алмаштирилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.07.2020 й., 07/20/4766/1008-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.12.2022 й., 07/22/439/1081-сон; 27.04.2024 й., 06/24/67/0307-сон)