Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида 2017 йил пахта ҳосилини етиштиришда йўл қўйилган камчиликлар ва уларни келгусида бартараф этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 майдаги 266-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан 2024 йил 1 сентябрдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 йилда ғўзани навлар бўйича жойлаштириш ва пахта етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида» 2017 йил 3 февралдаги ПҚ-2756-сон қарорига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида 184 та пахтачилик йўналишидаги фермер хўжалиги томонидан 6087 гектар ер майдонига чигит экилиб, давлатга пахта сотиш бўйича шартномавий режаси 12020 тонна миқдорида белгиланган.
Бироқ, туманнинг сектор раҳбарлари томонидан етарли даражада назорат ўрнатилмаганлиги, мутасадди идоралар раҳбарларининг ўз вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги оқибатида бир қатор фермер хўжаликлари жами 538 тонна пахта хом ашёсини кам топшириб, 333,3 млн сўм даромад олинмай қолган.
Йўл қўйилган камчиликларнинг сабаблари ўрганилганда маълум бўлдики, аксарият ҳолларда назорат ва ташкилотчиликнинг талаб доирасида йўлга қўйилмаганлиги, натижасида:
биринчидан, ғўзани балл бонитети паст, сув билан етарли даражада таъминланмаган, мелиоратив ҳолати ёмон ва кам ҳосилли 151 гектар ер майдонига жойлаштирилишига йўл қўйилиб, 372,9 тонна пахта ҳосили йўқотилган;
иккинчидан, туманнинг Дўстлик, Оқолтин ва Амударё муқобил машина-трактор парклари ҳудудларидаги ғўза майдонларида агротехника тадбирларининг ўтказилишига етарлича эътибор берилмаганлиги, фермер хўжаликларининг ер участкаларини кўп йиллик бегона ўтлар босганлиги, меъёр бўйича техника этишмаслиги, ғўза майдонларида суғориш ишлари ўз вақтида ўтказилмаганлиги оқибатида пахта ҳосили йўқотилишига йўл қўйилган;
учинчидан, туманда 2 та юқори унумли ҳайдов ва 15 та чопиқ тракторлари, 10 та культиватор етишмаслиги оқибатида 315 гектар майдонда шудгорлаш, ғўза қатор ораларига ишлов бериш, минерал ўғитлар билан озиқлантириш ишлари муддатидан кечиктириб сифатсиз ўтказилиши режадаги ҳосилнинг йўқотилишига сабаб бўлган.
Юқоридаги каби камчиликалардан тўғри хулоса чиқариш ва 2018 йилда фермер хўжаликларининг ер участкаларидан самарали фойдаланишда секторлар раҳбарлари, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарларининг масъулиятини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида:
пахта ҳосилини етиштириш ва уни йиғиб-териб олишда камчиликларга йўл қўйилганлиги, ғўза парваришида агротехника тадбирлари белгиланган муддатда сифатли ўтказилмаганлиги учун Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туман ҳокими Д. Каипов огоҳлантирилсин;
пахта ҳосилини етиштирувчи фермер хўжаликлари билан тайёрловчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасида дебитор-кредитор қарздорликларнинг ўсишига йўл қўйганлиги учун туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари П. Алламуратов огоҳлантирилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасига тегишли равишда бир ой муддатда туман прокурори, туман ички ишлар бўлими бошлиғи, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғига нисбатан йўл қўйилган камчиликлар учун белгиланган тартибда тегишли чоралар кўриш тавсия этилсин.
3. Пахта етиштирувчи фермер хўжаликлари билан тайёрловчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасида мавжуд бўлган дебитор ва кредитор қарздорликларни ундириш бўйича 4 та сектор раҳбарлари ўрнатилган тартибда зарур чораларни кўрсинлар.
4. Қуйидагилар:
Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида 2017 йил пахта ҳосилини етиштириш ва шартнома мажбуриятларини бажаришда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари дастури 1-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги фермер хўжаликларига қишлоқ хўжалиги техникаси ва механизмлари етказиб беришнинг 2018-2019 йилларга мўлжалланган прогноз кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги барча тоифадаги фермер хўжаликларининг хизмат кўрсатувчи ва таъминотчи ташкилотлар олдидаги кредитор қарздорликларини ундиришнинг режа-жадвали 3-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида 2018 йилда фермер хўжаликлари томонидан экин майдонларидан ташқарида қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерларда енгил конструкцияли ва кам харажатли дала шийпонлар ва иссиқхоналар қуриш, парранда, соғин сигир ҳамда асалари боқишни ташкил этишнинг прогноз кўрсаткичлари 4-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида 2018 йилда фермер хўжаликлари томонидан пахта ва ғалла экинлари экиладиган ер майдонлари атрофларидаги дала четларининг ҳисоб-китоби 5-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида 2018 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинлари экилган ва чигит экиладиган майдонлар атрофларидаги дала четларига қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ҳамда маҳсулот етиштиришнинг прогноз кўрсаткичлари 6 ва 6а-иловаларга мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида 2018 йилда кузги бошоқли дон экинларидан бўшайдиган майдонларга такрорий экинларни жойлаштиришнинг прогноз кўрсаткичлари 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасига мавжуд қарздорликларни белгиланган тартибда ундириш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан биргаликда 2018 йилнинг 15 маритга қадар Хўжайли туманида 2018 йил учун экиладиган экинларнинг тупроқ-иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда оқилона жойлаштирилишини таъминласинлар.
7. Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан биргаликда 2018 йилда фермер хўжаликларида режалаштирилган экинларни парваришлаш, зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш ҳамда агротехника тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш юзасидан 2018 йилнинг март ойида туманларда фермер хўжаликлари учун кўргазмали семинарлар ўтказилишини ва мавсум давомида амалий ёрдам кўрсатилишини таъминласин.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши мазкур қарор ижроси бўйича ҳар чоракда Халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида тумандаги 4 та сектор раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиб борсин ҳамда амалга оширилган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т. Мирзаевга ахборот берсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т. Мирзаев ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Р. Сариев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 2 март,
161-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.06.2020 й., 09/20/161/0818-сон)