Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 мартдаги 123-сонли «Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 3 февралдаги ПФ-4944-сон Фармони ижросини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини аниқлаш ҳамда уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш, соғлиқни сақлаш ва молия органлари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қорақалпогистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Соглиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар мониторингини олиб борсинлар.
Белгилаб қўйилсинки, ҳудудда истиқомат қилувчи фуқароларга қонун ҳужжатларига мувофиқ ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлари доирасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан юборилган сўровларига белгиланган тартибда тегишли маълумотлар тақдим этилиши учун туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари ҳамда молия бўлимлари масъулдирлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:
аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини қўллаб-қувватлаш, уларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш йўналишидаги фаолиятларини мувофиқлаштириш юзасидан ҳамкорликни янада кучайтирсинлар;
ҳар йил якунига кўра фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан тегишли тармоқларнинг ҳисоботларини эшитиш, йўл қўйилган хато ва камчиликларни муҳокама қилиш ҳамда уларни бартараф этиш тўғрисида ҳамкорликда чора-тадбирлар ишлаб чиқиш амалиётини жорий этсинлар.
4. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари ― Ўзбекистон Республикаси молия вазири Ж.А. Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шадманов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 5 апрель,
264-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 январдаги 264-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг рўйхатини шакллантириш тартибини белгилайди.
2. Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг рўйхатини шакллантиришда ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни ташкил этишда қуйидаги асосий тамойилларга амал қилинади:
қонунийлик;
инсонпарварлик;
профилактик йўналтирилганлик;
аниқ йўналтирилганлик ва индивидуал ёндашув;
ижтимоий адолат.
3. Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар қуйидагича аниқланади:
уйма-уй юриш чоғида;
жисмоний ва юридик шахслар томонидан берилган ахборот асосида;
ижтимоий хизматларга муҳтож шахс мустақил равишда мурожаат этганда.
4. Ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган кам таъминланган оилалар рўйхатини шакллантириш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сон қарори билан тасдиқланган Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом асосида амалга оширилади.
2-боб. Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг рўйхатини шакллантириш тартиби
5. Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг рўйхатини шакллантириш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
6. Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда уйма-уй юриш чоғида тўпланган ахборотга асосан ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни аниқлаб уларнинг рўйхатини тузади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ушбу рўйхатга ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож шахс, унинг оила аъзоси ёки ваколатли вакили мурожаати ёхуд жисмоний ва юридик шахслар томонидан берилган ахборот асосида ҳам қўшимча киритилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Ҳар ой якуни бўйича тузилган рўйхат туман (шаҳар) ҳокимлигига киритилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Туман (шаҳар) ҳокимлиги:
тақдим этилган ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисидаги рўйхатни беш иш куни мобайнида тасдиқлайди;
тасдиқланган рўйхат асосида кўрсатилаётган хизматлар тури бўйича реестр тузади ҳамда уч иш куни мобайнида туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасига ва молия бўлимига ижро этиш учун юборади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан тасдиқланган рўйхат асосида тегишли штат бирликлари, ижтимоий хизмат харажатларининг ҳисоб-китобини беш иш куни мобайнида ишлаб чиқиб, туман (шаҳар) молия бўлимига юборади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Туман (шаҳар) молия бўлими тақдим этилган рўйхатлар ва ҳисоб-китоблар асосида туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасининг тегишли штат бирликларини ва харажатлар сметасини белгиланган тартибда кўриб чиқади ва ҳар йилнинг 1 апрелига қадар рўйхатдан ўтказади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Йил давомида ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатига қўшимчалар киритилганда, харажатларнинг молиялаштириш манбаи аниқлангандан сўнг, уч иш куни мобайнида харажатлар сметасига ўзгартириш киритилади.
11. Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси рўйхатдан ўтказилган харажатлар сметаси доирасида белгиланган тартибда тегишли ижтимоий хизматлар кўрсатади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3-боб. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг рўйхатини шакллантириш тартиби
12. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг рўйхатини шакллантириш ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
13. Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси участка врачи уйма-уй юриш чоғида аниқлаган, касалликка чалинган шахсларга даволаш-профилактика муассасасининг тегишли мутахассисларига бир иш куни мобайнида йўлланма беради.
Ушбу йўлланмани туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси участка врачи касалликка чалинган шахс, унинг оила аъзоси ёки ваколатли вакили мурожаати ёхуд жисмоний ва юридик шахслар томонидан берилган ахборот асосида ҳам касалликка чалинган шахсларга даволаш-профилактика муассасасининг тегишли мутахассисларига йўлланма бериши мумкин.
14. Даволаш-профилактика муассасасидаги тегишли мутахассис касалликка чалинган шахсни касаллик туридан келиб чиқиб, бир ой мобайнида белгиланган тартибда Тиббий-маслаҳат комиссиясига касалликка чалинган шахснинг ҳужжатларини тайёрлаб юборади.
15. Тиббий-маслаҳат комиссияси раиси ёки масъул шахси касалликка чалинган шахснинг ҳужжатларини касаллик турига кўра белгиланган муддатларда расмийлаштириб, туман, туманлараро, шаҳар ва ихтисослаштирилган тиббий-меҳнат эксперт комиссияларига (кейинги ўринларда ТМЭК деб аталади) тақдим этади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
16. ТМЭКлар ҳужжатлар қабул қилинган кундан бошлаб икки ҳафта мобайнида ногиронлик гуруҳи, сабаби ва муддатини белгилайди.
ТМЭК маълумотноманинг бир қисмини ногиронлиги бўлган шахсга ёки унинг вакилига, иккинчи қисмини Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўн кун мобайнида тақдим этади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
17. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг кўрик ишларидаги маълумотлари уч иш куни мобайнида «ТМЭК дастури»га тегишли ТМЭК врач-эксперти ва ҳамшираси томонидан киритилади.
«ТМЭК дастури» бўйича ногиронлиги бўлган шахслар рўйхати ҳар ойда бир марта шакллантирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
18. Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг тегишли туман (шаҳар) бўлими томонидан ногиронлиги бўлган шахс ёки унинг ваколатли вакилининг ногиронлик пенсияси (нафақа) олиш учун аризаси ва пенсия тайинлаш тўғрисидаги ҳужжатлари тақдим этилгандан сўнг ўн кундан кечиктирмасдан пенсия тайинлаш масаласи кўриб чиқилади.
Пенсия тайинлаш рад этилган тақдирда, тегишли қарор чиқарилгандан кейин беш кун мобайнида аризачига ёки унинг ваколатли вакилига пенсия тайинлаш рад этилгани ҳақида рад этиш сабаблари ва шикоят бериш тартиби кўрсатилган хабарномани беради ёки жўнатади ҳамда айни чоғда барча ҳужжатларни қайтаради.
4-боб. Якунловчи қоида
19. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисида низомга
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг рўйхатини шакллантириш
СХЕМАСИ
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисида низомга
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг рўйхатини шакллантириш
СХЕМАСИ
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.04.2018 й., 09/20/264/0830-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.02.2022 й., 09/22/62/0111-сон; 18.12.2023 й., 09/23/665/0942-сон)