Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг фаолиятини кучайтириш ва самарадорлигини ошириш тўғрисида
2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 3-бандига мувофиқ ҳамда Сенат девони фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Давлат бюджети, иқтисодиёт, пул-кредит сиёсати устидан парламент назоратининг таъсирчанлигини кучайтириш мақсадида Сенат девони таркибида Давлат бюджети, пул-кредит сиёсати ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини таҳлил қилиш бошқармаси ташкил қилинсин.
Бошқарманинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
Давлат бюджети, пул-кредит сиёсати ва иқтисодиёт масалаларига оид қонунларни Сенат қўмиталарида дастлабки тарзда кўриб чиқишга кўмаклашиш;
навбатдаги йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун ва бюджетнома лойиҳасини ҳудудий манфаатлар нуқтаи назаридан молиявий экспертизадан ўтказиш ва хулоса бериш;
Сенат қўмиталарига (комиссияларига) Давлат бюджети шаклланиши ва ижросининг, шу жумладан маҳаллий бюджетлар ижросининг боришини, шунингдек пул-кредит сиёсати ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини назорат қилишга кўмаклашиш;
Давлат бюджети ва маҳаллий бюджетлар шаклланиши ҳамда ижроси этилиши, шунингдек пул-кредит сиёсати ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан Сенат қўмиталари (комиссиялари) томонидан ўтказиладиган назорат тадбирларида бевосита иштирок этиш;
Сенат, унинг органлари ва сенаторларни бюджет, пул-кредит сиёсати ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига доир материаллар билан вақти-вақти билан таъминлаб бориш;
хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганган ҳолда қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга, шу жумладан Сенатнинг Давлат бюджети шаклланиши ва ижро этилишини назорат қилиш, пул-кредит сиёсати ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига доир фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш.
Белгилансинки, Бошқарма жами штат бирликлари сони 11 нафар, шу жумладан 10 нафар бошқарув ва 1 нафар техник ходимдан иборат бўлади.
2. Сенат девонининг Йиғма ахборот-таҳлил бўлими негизида Сенат девонининг Назорат-таҳлил бошқармаси ташкил қилинсин.
Бошқарманинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
Сенат, унинг органлари ва сенаторлар фаолиятини ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш;
Сенатнинг назорат фаолиятини, шунингдек ҳудудий манфаатларни таъминлаш бўйича фаолиятини таҳлил қилиш ҳамда самарадорлигини оширишга қаратилган таҳлил ва тадқиқот ишларини амалга ошириш;
Сенат, унинг Кенгаши қарорлари ва бошқа ҳужжатларнинг ижро этилиши, Сенат раҳбарияти топшириқлари бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш;
Сенат, унинг Кенгаши, қўмиталари (комиссиялари), Сенат аъзолари ва Сенат девони таркибий бўлинмалари фаолияти тўғрисидаги ахборотларни ҳамда маълумотларни умумлаштириш ҳамда таҳлил қилиш;
хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганган ҳолда Сенат фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш;
Сенат, унинг Кенгаши ва қўмиталари (комиссиялари), Сенат девони таркибий бўлинмаларининг таржима ҳамда таҳрир ишларини амалга ошириш.
Белгилансинки, Бошқарма жами штат бирликлари сони 9 нафар, шу жумладан 8 нафар бошқарув ва 1 нафар техник ходимдан иборат бўлади.
3. Сенат девонининг Жамоатчилик билан алоқалар ва таҳрир бўлими негизида Ахборот хизмати ташкил қилинсин.
Ахборот хизматининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
Сенатнинг ахборот сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш;
расмий хабарлар, пресс-релизлар, билдиришномалар ва бошқа материаллар тайёрлаш, уларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш орқали маҳаллий ва хорижий жамоатчиликни Сенат фаолиятидан хабардор қилиш, Сенатнинг ижобий имижини шакллантириш ва мустаҳкамлаш;
Сенат фаолиятини тезкор ва холис ёритиб бориш мақсадида миллий ҳамда хорижий оммавий ахборот воситалари, шу жумладан интернет нашрлари билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш;
миллий ҳамда хорижий оммавий ахборот воситаларида Сенат ва сенаторлар фаолиятига доир эълон қилинган материалларни ўрганиш ҳамда уларнинг мониторингини юритиш ва ахборот-таҳлилий маълумотлар тайёрлаш;
сенаторларнинг оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувларини, интервью, брифинг, давра суҳбати ва матбуот анжуманларини ташкил қилиш;
Сенат Кенгаши, қўмиталари (комиссиялари) ва Сенат аъзоларига, шунингдек Сенат девони таркибий бўлинмаларига публицистик материаллар тайёрлашда услубий кўмаклашиш;
Сенатнинг босма органлари ишини мувофиқлаштиришда иштирок этиш.
Белгилансинки, Ахборот хизмати жами штат бирликлари сони 4 нафар, шу жумладан 3 нафар бошқарув ва 1 нафар техник ходимдан иборат бўлади.
4. Сенат девонининг Ташкилий-назорат бўлими негизида Сенат девонининг Умумий бўлими ташкил этилсин.
Бўлимнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
Сенат, унинг Кенгаши мажлисларини, шунингдек Сенат раҳбарияти томонидан ўтказиладиган бошқа тадбирларни тайёрлаш ва ўтказишга ташкилий-техник хизмат кўрсатиш;
Сенат девони ходимларининг меҳнат ва ижро интизомига риоя этишларини таъминлаш;
Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторлар ва Сенат девони ходимларининг шахсий йиғмажилдлари ҳисобини юритиш;
Сенатда иш юритишни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида иш юритиш йўриқномасига мувофиқ ташкил қилиш ва таъминлаш;
Сенат, унинг Кенгаши қарорлари ва Сенат Раиси фармойишларини расмийлаштириш, тегишли бланкларда чоп этиш ва жўнатиш;
Сенатга, Сенат девонига келиб тушган, шунингдек Сенат, Сенат девони таркибий бўлинмалари томонидан тайёрланган ҳужжатларнинг сақланишини таъминлаш.
Белгилансинки, Бўлим жами штат бирликлари сони 9 нафар, шу жумладан 6 нафар бошқарув ва 3 нафар техник ходимдан иборат бўлади.
5. Сенат раҳбариятини зарур ахборот билан таъминлаб бориш мақсадида Сенат қўмиталари, Сенат девони таркибий бўлинмалари ўз фаолияти тўғрисида Назорат-таҳлил бошқармасига доимий равишда (ҳафталик, ойлик, чораклик ва йиллик) маълумотлар тақдим этиб борсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2020 йил 22 апрелдаги КҚ-34-IV-сонли Қарорига асосан ўз кучини йўқотган)
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
Сенат девонига қўшимча равишда ажратилган 11 та штат бирлиги (10 нафар бошқарув ва 1 нафар техник) ва Сенат девони таркибида янги ташкил қилинган бўлинмаларнинг фаолияти белгиланган тартибда молиялаштирилишини;
Сенат аъзолари ва Сенат девони ходимлари учун белгиланган лимитларга мувофиқ 2 та автотранспорт воситаси ажратилишини таъминласин.
8. Ушбу Қарорга асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати девони раҳбари (А. Тамиқаев):
бир ой муддатда Сенат девонининг фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар тайёрласин;
бир ҳафта муддатда Сенатнинг штатлар жадвалига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқсин;
бир ҳафта муддатда Сенат девони таркибида янги ташкил қилинган бўлинмаларнинг ходимларини хизмат хоналари ва моддий-техника воситалари билан таъминлаш чораларини кўрсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 29 июлдаги КҚ-574-III-сонли Қарори 7-бандининг иккинчи хатбошиси ўз кучини йўқотган деб топилсин.
10. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари З. Низамходжаев зиммасига юклатилсин.
11. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2020 йил 9 март,
КҚ-19-IV-сон