Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДАГИ ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ ҚУРИЛИШИ АКАДЕМИЯСИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 апрелдаги ПФ-4435-сонли «Давлат бошқаруви соҳасида кадрлар тайёрлашни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Давлат ва жамият қурилиши академиясини ташкил этиш тўғрисида» 1995 йил 19 апрелдаги Фармонини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
2. Академияга ректор ва уч нафар проректордан иборат раҳбарият бошчилик қилиши, шунингдек, ўқитувчи-профессорлар таркибининг тингловчиларга 1:4 нисбатан бўлиши белгилаб қўйилсин.
3. Қуйидагилар:
Академия профессор-ўқитувчилар таркиби учун тариф ставкалари миқдорлари 3-иловага мувофиқ;
бошқа ходимларга — давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг амалдаги шартларига мувофиқ тариф ставкалари белгилансин.
4. Академия раҳбарияти бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташкилий-кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси билан келишган ҳолда Академияда тайёрланадиган мансабдор шахслар рўйхатини, уларни қабул қилиш ҳамда ўқишни тамомлагандан кейин тақсимлаш (ишга юбориш) тартибини ишлаб чиқсин.
5. Белгилаб қўйилсинки, Академия тингловчилари учун ўқиш муддати мобайнида асосий иш жойларидаги ўртача иш ҳақи сақлаб қолинади. Бошқа шаҳарлик тингловчиларга амалдаги қонунчиликка мувофиқ ўқиш даврида асосий иш жойидан суткалик харажатлар ҳамда ўқиш жойига келиш ва қайтиб кетиш йўл ҳақи тўланади. Бошқа шаҳарлик тингловчилар ўқиш даврида ётоқхона билан таъминланадилар
6. Академия ректори мақомига, меҳнатга ҳақ тўлаш, ижтимоий-маиший таъминот, тиббий хизмат ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитларига кўра Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчисига, Академия проректорлари эса — Ўзбекистон Республикаси Президенти Аппаратининг бош консультантига тенглаштирилсин.
7. Академияда ходимларни моддий рағбатлантириш учун профессор-ўқитувчилар иш ҳақи фондининг 50 фоизи доирасида махсус жамғарма ташкил этилиши назарда тутилсин.
Академия ректорига профессор-ўқитувчилар таркибига кўрсатиб ўтилган жамғарма ҳисобидан тариф ставкасининг 50 фоизигача ойлик устама белгилаш ҳуқуқи берилсин.
8. Академия ректорига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
Академиянинг штат жадвалини тасдиқлаш, шунингдек, зарурат бўлганда Академия тузилмасига ходимларнинг умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш;
меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш ставкаларини амалдаги энг кам иш ҳақининг 30 фоизи доирасида белгилаш;
жаҳон тажрибасини назарда тутган ҳолда Академияда ишлаш учун мутахассисларни, шу жумладан, хорижий мутахассисларни жалб қилишнинг турли иқтисодий шаклларидан фойдаланиш.
9. Академияда Президент Аппарати, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари ва масъул ходимларининг давлат ва жамият қурилиши, Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий ривожлантиришнинг долзарб муаммолари бўйича маъруза билан мунтазам чиқишлари амалиётга жорий этилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
йирик мутахассисларни ишга таклиф этиш, ўқитувчилар ва энг яхши тингловчиларнинг хорижий давлатларда тажриба орттиришлари, Академия профессор-ўқитувчилар таркибининг халқаро илмий конференцияларда қатнашиши, шунингдек, хорижий мамлакатларда нашр қилинадиган даврий нашрларга обуна бўлиш, дарслик ва ўқув қўлланмаларини харид қилиш учун 1995 йилдан бошлаб ҳар йили Академия буюртманомалари бўйича эркин алмаштириладиган валютада зарур маблағлар ажратишни назарда тутсин;
Академия буюртманомаларига мувофиқ 1995 йилда аудиторияларни халқаро стандартларга мувофиқ жиҳозлашга, асбоб-ускуналар, офис мебели, махсус компьютер техникаси, халқаро ахборот тармоғига интеграциялашиш учун замонавий телекоммуникация алоқа воситаларини харид қилишга маблағлар ажратсин;
Академияни маблағ билан таъминлаш, шу жумладан, мазкур қарор шартларига мувофиқ иш ҳақи учун, унинг балансидаги бинолар ва иншоотларни жиҳозлаш ва мукаммал тузатиш, ўқув-услубий қўлланмалар ҳамда асарларни нашр қилиш учун тақдим этиладиган ҳисоб-китобларга мувофиқ зарур маблағлар ажратсин;
Академияга 4 та енгил автомашина харажатлари учун лимит ва 2 та микроавтобус сотиб олиш учун зарур маблағ ажратсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитаси:
Академияни кутубхонани тўлдириш учун махфий бўлмаган босма асарлар ва китоб маҳсулотининг (ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, тарихий) назорат нусхаларини (2 нусхада) текин олувчи ташкилотлар рўйхатига киритсин;
Академия буюртмалари бўйича ўқув-услубий ва илмий маҳсулотлар тезкорлик билан нашр этилишини ташкил қилсин.
12. Вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, ҳокимликлар ўз таркибий бўлинмаларида Академия тингловчиларининг тажриба орттиришлари учун зарур шарт-шароитлар яратсинлар ва бунга кўмаклашсинлар.
13. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси Тошкент шаҳар, Ўзбекистон шоҳ кўчаси, 45-уйдаги бинолар мажмуига жойлаштирилсин.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги 1995 йил 1 августга қадар Академия биноси хоналарини ўқиш жараёни хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қайта ўзгартириш, реконструкция қилиш ва мукаммал тузатиш ишларини амалга оширсин ва бинони Академия балансига ўтказсин.
Молия вазирлиги амалда бажарилган ишлар бўйича маблағ ажратсин.
«Ўзулгуржибиржасавдо» уюшмаси ва «Ўзқурилишматериаллари» давлат концерни «Тошкентуйжойинвестқурилиш» корпорациясига зарур моддий-техника ресурслари сотсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги белгиланган тартибда Академияни замонавий алоқа воситалари, шу жумладан, ҳукумат алоқаси ва бошқа алоқа турлари билан таъминласин.
15. Ўзбекистон Республикаси Президенти Аппарати Ишлар Бошқармаси ўқитувчилик ва тадқиқот ишларини олиб бориш учун таклиф этиладиган чет эллик мутахассислар учун Академия буюртманомаларига кўра ўз тасарруфидаги меҳмонхона фондидан жой ажратсин.
16. Академияга ўқитувчилик ва тадқиқот ишларини олиб бориш учун таклиф қилинадиган хорижий олимлар ва мутахассисларнинг яшаш ва транспорт харажатларини Ўзбекистон фуқаролари учун назарда тутилган тарифлар бўйича сўмларда тўлашга рухсат этилсин.
17. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг биринчи ўринбосари И.Ҳ. Жўрабеков зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1995 йил 25 май,
167-сон
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг
тузилмаси
Ректор
Илмий кенгаш
Кафедралар
Ўқув ва услубий ишлар бўйича проректор
Кадрлар тайёрлаш деканати
Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш деканати
Кадрларни шартнома (контракт) асосида ўқитиш деканати
Ўқув бўлими
Тажриба орттириш бўлими
Амалий ва кўчма машғулотлар бўлими
Республика мувофиқлаштириш-услубиёт маркази
Илмий ишлар бўйича проректор
Илмий-тадқиқот ишлари бўлими
Давлат, илмий ва жамоат ташкилотлари билан алоқалар бўлими
Ўқув-компьютер маркази
Тижорат-тадқиқот ишлари (шартномалар, грантлар бўйича)
Журнал, нашриёт бўлими
Кутубхона
Иқтисодиёт ва ташқи иқтисодий алоқалар бўйича проректор
Режалаштириш бўлими
Халқаро алоқалар бўлими
Бухгалтерия
Хўжалик бўлими
Умумий бўлим
Спорт мажмуи
Босмахона
Меҳмонхона мажмуи
Кадрлар бўлими
Танлов гуруҳи
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академиясининг
тузилмаси
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси
УСТАВИ
I. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси (кейинги ўринларда «Академия» деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Давлат ва жамият қурилиши академиясини ташкил этиш тўғрисида» 1995 йил 19 апрелдаги Фармони асосида ташкил этилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳокимият ва бошқарув органлари раҳбар ходимларини, жамоат ташкилотлари ва бирлашмалари, хўжалик тузилмалари раҳбарларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш, шунингдек кадрлар сиёсати соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш бўйича бош таълим муассаси ҳисобланади.
Академия қўшимча таълим соҳасида Ўзбекистон Республикасидаги етакчи ўқув-услубий ва илмий марказ ҳисобланади ҳамда кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда таълим муассасаларига зарур илмий-услубий ва ахборот-таҳлилий ёрдам кўрсатади.
2. Академиянинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари қуйидагилар ҳисобланади:
давлат, жамоат ва хўжалик тузилмалари ходимлари ҳамда раҳбарлари орасида истеъдодли, ақл-заковатли тингловчиларни пухта танлаб олиш, уларнинг сиёсий, маънавий-ахлоқий ва профессионал савиясини ошириш, уларни республикада миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлиги асосида қурилган ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролар жамиятини барпо этишнинг эътиқодли тарафдорлари қилиб тарбиялаш;
олий маълумотли ва олий ўқув юртини тамомлагандан кейин камида икки йил ишлаган мутахассислар орасидан ёш истиқболли менежерлар ва бошқарувчиларни уларнинг ҳар томонлама ақл-заковатли бўлишлари, маънавий ва профессионал ўсишлари учун қабул қилиш ва тайёрлаш;
раҳбар ходимлар ва мутахассисларни аттестациядан ўтказишнинг Янги тизимини ишлаб чиқиш ва жорий қилишда иштирок этиш;
замонавий усуллар ёрдамида раҳбарнинг профессионал картасини тузиш ҳамда жамият ва давлат қурилишининг барча бўғинлари учун раҳбарлар захираси умумдавлат банкини шакллантириш;
докторантура ва аспирантура орқали ихтисос мутахассисликлари бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаш;
давлат ва жамият қурилишини, иқтисодий тараққиётни, психология ва социологияни такомиллаштириш соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, кадрлар сиёсатини такомиллаштириш юзасидан тавсияномалар ишлаб чиқиш;
ўз ихтисослиги бўйича ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш муассасалари фаолиятига оид концепциялар, дастурлар, лойиҳалар, тавсияномалар ва бошқа ҳужжатларни илмий экспертиза қилиш;
раҳбар ходимларнинг малакасини ошириш ва уларни тайёрлаш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш, чет мамлакатлар академиялари, университетлари, институтлари ва бошқа ташкилотлари билан ижодий алоқалар ўрнатиш.
3. Академия фаолияти давлат хизматчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга ва илмий-тадқиқот ишларини олиб боришга давлат буюртмаси бериш, барча бўғинлардаги раҳбарларни ўқитишга давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат ташкилотлари ва бирлашмалари, хўжалик тузилмалари билан шартномалар тузиш, илмий тадқиқотлар ва ахборот-таҳлилий ишларга шартномалар тузиш асосида амалга оширилади.
4. Академия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунларига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда мазкур Уставга амал қилади.
5. Академия юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, банк муассасаларида ҳисоб-китоб, валюта ва бошқа счётларга, ўз номи давлат тилида ёзилган гербли муҳрга, думалоқ муҳрлар ва штампларга ҳамда унинг фаолияти учун зарур бўлган бошқа белгилар ва реквизитларга эга бўлади.
II. Ўқув жараёнини ташкил этиш
6. Академия таълим фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ижтимоий, иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ҳаётининг замонавий талаблари, уни ривожлантириш, ўзгартириш ва янгилаш, шунингдек, жаҳон фани ва маданияти, миллий фан ва маданият ютуқлари ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган ва давлат таълим стандартлари талабларига жавоб берадиган ўқув режалари ва дастурлари асосида амалга оширади.
Ўқитиш бир неча дастурлар бўйича олиб борилади, уларнинг хусусияти тингловчилар таркибига ва таълим мақсадига боғлиқ бўлади.
Ўқитиш муддатлари ва даражаси турлича бўлган аниқ йўналишлари бўйича махсус курслар (кадрлар билан ишлаш, бухгалтерия ҳисоби, молия ва шу кабилар бўйича фойдаланувчининг компьютер дастурлари) ташкил этилиши мумкин.
Таълим ва профессионал дастурлар буюртмачининг эҳтиёжларини, шунингдек, тегишли мутахассислик бўйича тайёрлаш даражасига давлат талаблари ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда Академия томонидан мустақил ишлаб чиқилади, тасдиқланади ва амалга оширилади. Дастурнинг бўлиши мажбурий ҳисобланади.
7. Раҳбар ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш кундузги ўқиш шаклида олиб борилади. Ўқитиш муддати ва шакли Академия томонидан ўқитиш мақсадларига боғлиқ равишда белгиланади.
8. Ўрта бўғин ва кичик корхоналар бошқарувчиларини, тадбиркорларни иккинчи мутахассислик бўйича тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш манфаатдор корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда алоҳида шахслар билан тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.
9. Ўқитувчиликка республика илмий-тадқиқот институтлари, олий ўқув юртлари, вазирликлари ва идораларининг етакчи мутахассислари, шунингдек, чет мамлакатларнинг олимлари ўриндошлик тарзида ишлаш тартибида ва соатбай ҳақ тўлаш шартлари билан жалб қилинадилар.
Чет мамлакатлар олимлари ва мутахассислари Академияда ишлашга контракт асосида жалб қилинадилар.
10. Илмий-тадқиқот ишлари шартнома асосида олиб борилади ва олинган даромад Академиянинг моддий базасини ривожлантиришга, ходимларни рағбатлантиришга ва жамоани ижтимоий ривожлантириш масалаларини ҳал қилишга йўналтирилади.
11. Академия тингловчиларни ўқитиш воситалари (ўқув ва бошқа адабиёт, аудиовизуал ва техника воситалари) билан таъминлайди. Бошқа давлатдан келган тингловчилар шартнома (контракт) бўйича ўқитилади.
III. Академиянинг тингловчилари
12. Академия тингловчилари сифатида биринчи навбатда ҳокимият ва бошқарув органлари, вазирликлар, идоралар ва ҳокимликларнинг раҳбарлари қабул қилинадилар. Академияга бошқарув ўрта бўғини, шунингдек, жамоат ташкилотларининг олий маълумотга эга бўлган раҳбарлари ва мутахассислари ва тадбиркорлик тузилмалари вакиллари ҳам қабул қилинишлари мумкин. Қабул қилиш Академия ректорининг буйруғи билан амалга оширилади.
13. Академияга қабул қилинадиган тингловчилар сони ҳар йили Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгиланади.
14. Академияга ўқишга қабул қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси — Ташкилий-кадрлар хизмати раҳбари билан келишиб Академия ректори томонидан тасдиқланган қабул қилиш қоидаларига мувофиқ белгиланади. Докторантура, аспирантурага қабул қилиш ва тадқиқотчиларни бириктириш қоидалари Академия Илмий кенгаши томонидан белгиланади.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 июндаги 180-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 25-сон, 259-модда)
15. Академияда мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш академия илмий кенгаши белгилайдиган муддатларда ўқув режасига мувофиқ амалга оширилади.
16. Ўқиш муддати мобайнида тингловчиларга асосий иш жойларидаги ўртача иш ҳақи сақлаб қолинади. Бошқа шаҳарлардан келган тингловчиларга асосий иш жойи бўйича ўқиш жойигача бориш ва қайтиб келиш йўл ҳақлари, ўқиш муддати мобайнидаги суткалик харажатлар тўланади. Бошқа шаҳарлардан келган тингловчилар ўқиш даврида ётоқхона билан таъминланадилар, бу билан боғлиқ харажатларни ўқитишга йўллаган томон тўлайди.
17. Академия тингловчиларнинг ўқишга кириш ва уни тамомлаш вақтидаги билимларини текширишни, ўқиш натижаларини комплекс баҳолашни энг аввало тест синовлари асосида, шунингдек, диплом ишлари, рефератларни ҳимоя қилиш, махсус ташкил этилган комиссиялар орқали суҳбатлар ўтказиш асосида амалга оширади. Академияда таълим дастурларини ўзлаштириш мажбурий давлат якуний аттестация ўтказиш ва диплом лойиҳаларини тайёрлаш билан ниҳоясига етказилади.
18. Ўқув курсини якунлаган тингловчиларга белгиланган намунадаги ҳужжатлар берилади.
IV. Академиянинг профессор-ўқитувчилар таркиби ва бошқа ходимлари
19. Академияда профессор-ўқитувчилар ва илмий таркиб, муҳандис-техник, маъмурий, ишлаб чиқариш, ёрдамчи ва бошқа ходимлар лавозимлари назарда тутилади. Барча лавозимлар «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонунларига мувофиқ меҳнат шартномаси (контракт) бўйича эгалланади.
Академия профессор-ўқитувчилар таркиби сони бир ўқитувчига тўрт нафар тингловчи нисбатидан келиб чиқиб белгиланади.
20. Профессор-ўқитувчилар ва илмий таркиб қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:
Академия Илмий кенгашида ўқув, илмий, ижодий ва ишлаб чиқариш фаолиятининг муҳим масалаларини муҳокама қилишда қатнашиш;
Академия кабинетлари, аудиториялари, ўқув заллари ва кутубхоналаридан, шунингдек, ҳисоблаш марказлари, ўқув ва илмий лабораторияларидан фойдаланиш;
ўзининг шахсий хусусиятларига тўлиқроқ жавоб берадиган ва ўқув ҳамда илмий жараённинг юқори сифатли бўлишини таъминлайдиган таълим дастурлари мазмунини, ўқитиш усуллари ва воситаларини танлаш.
21. Академиянинг профессор-ўқитувчилар ва илмий таркиби қуйидагиларга мажбурдир:
педагогик жараённинг юқори самарали бўлишини таъминлаш, тингловчиларда ташаббускорликни ва ижодий қобилиятни, илмий изланишга интилишни ривожлантириш;
таълим мазмунининг юқори савияда бўлишини таъминлайдиган илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;
ички тартиб қоидаларига риоя қилиш;
22. Академияда сиёсий партиялар, ижтимоий-сиёсий ва диний ҳаракатлар ташкил этилишига ва уларнинг фаолият кўрсатишига йўл қўйилмайди.
23. Ўқув-ёрдамчи ва маъмурий-хўжалик ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ички тартиб қоидалари ҳамда лавозим йўриқномалари билан белгиланади.
V. Академияни бошқариш
24. Академияни бошқариш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ҳамда Академиянинг Уставига мувофиқ амалга оширилади.
25. Академия Устави Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
26. Академия фаолиятига умумий раҳбарликни ректор, у бўлмаган ҳолларда – ўқув ишлари бўйича проректор амалга оширади.
27. Академия ректори Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва озод этилади. Академия ректори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, ижтимоий-маиший таъминот, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчисига тенглаштирилади.
Академия проректорлари белгиланган тартибда ректор томонидан тайинланадилар ва мақоми бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Аппаратининг бош консультантига тенглаштириладилар.
(27-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 5 июндаги 108-сон қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 23-сон, 183-модда)
28. Академия фаолиятининг асосий масалаларини кўриб чиқиш учун ректор бошчилик қиладиган Академия Илмий кенгаши ташкил этилади.
Академия Илмий кенгаши таркибига Академиянинг проректорлари, илмий котиб, кафедра мудирлари, ўқув-диний, илмий-тадқиқот ва ахборот-таҳлилий бўлинмаларнинг раҳбарлари, Академиянинг етакчи олимлари ва ходимлари, шунингдек, бошқа ўқув ва илмий муассасаларнинг етакчи олимлари кирадилар.
Академиянинг Илмий кенгаши:
ўқув, илмий-тадқиқот ва ахборот-таҳлилий ишлар, кадрлар тайёрлаш, халқаро алоқаларни амалга ошириш масалаларини, шунингдек, Академияга қарашли филиаллар, институтлар ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти масалаларини ҳал қилади;
ўқув дастурларини, ўқув режаларини ва манфаатдор ташкилотлар иштирокида ишлаб чиқилган алоҳида курслар дастурларини тасдиқлайди;
Академия, унинг бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини тинглайди;
ўқитувчилар таркибидан бўлган Академия ходимларига доцент ва профессор илмий унвонлари бериш масалаларини белгиланган тартибда ҳал қилади;
Академиянинг фахрий доктори даражасини беради.
Илмий кенгаш қарори академия ректори томонидан тасдиқлангандан кейин кучга киради.
29. Академия ректори:
давлат ҳокимияти ва бошқаруви барча органларида, муассасалар ва ташкилотларда Академия номидан вакиллик қилади;
Академия Илмий кенгаши таркибини (Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчилари билан келишган ҳолда), унинг тўғрисидаги Низомни, Академиянинг бўлинмалари, филиаллари, Академияга қарашли муассасалар ва ташкилотлар тўғрисидаги уставларни ва низомларни тасдиқлайди;
ўқув-илмий, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлилий бўлинмалар ва филиаллар раҳбарларини, факультетларнинг деканларини ва кафедра мудирларини тасдиқлайда;
Академиянинг кафедралари, ўқув-илмий, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлилий ва бошқа бўлинмаларини, шунингдек, филиалларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш ҳақида қарорлар қабул қилади;
тингловчилар, аспирантлар, докторантларни қабул қилиш қоидаларини ва тадқиқотчилар билан ишлаш тартибини белгилайди;
Академиянинг молиявий фаолияти масалаларини ҳал қилади;
Академиянинг мулки ва маблағларини белгиланган тартибда тасарруф этади;
барча ходимлар ва Академияда ўқитаётганлар бажаришлари мажбурий бўлган буйруқлар, йўриқномалар ва фармойишлар чиқаради;
Академия ва унинг бўлинмалари ходимларини ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади, Академияда ёлланиб ишлаш бўйича контрактлар тузади;
Академияни маблағ билан таъминлаш харажатлари сметасини тасдиқлайди;
бўлинмалар учун лавозимлар рўйхатини белгилайди, лавозим маошлари схемаларини, ойлик тариф ставкалари ва меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорларини мавжуд маблағлар доирасида тасдиқлайди;
профессор-ўқитувчилар таркибининг ўқув иш нормаларини, ўқитиш, илмий, дастурий ёки бошқа ишлар учун ҳақ тўлаш миқдорини тасдиқлайди;
Академия ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни мукофотлашни ташкил этиш шаклларини ҳамда тизимларини белгилайди;
Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва мазкур Уставга мувофиқ бошқа фаолиятни амалга оширади.
30. Академия ректори ўзининг айрим ваколатларини Академиянинг проректорига ва бошқа мансабдор шахсларига бериш ҳуқуқига эгадир.
VI. Академиянинг молия-хўжалик фаолияти
31. Бюджетдан ажратилган маблағлар ва давлат бошқаруви турли органлари, тижорат тузилмалари, корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар, шу жумладан хорижий фирмалар билан тузилган шартномалар Академия молия-хўжалик фаолиятининг асоси ҳисобланади.
32.Академияга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш, давлат ва жамият қурилиши муаммоларига оид йилига 4 марта чиқадиган журнал чиқариш;
Академияга ажратилган маблағлар ёки ўз фондлари ҳисобига давлат ёки тижорат корхоналаридан зарур асбоб-ускуналарни ва бошқа моддий ресурсларни сотиб олиш, ижарага олиш, уларга буюртма бериш;
ўзига тегишли мол-мулкка, интеллектуал ва бошқа мулкка, хўжалик ёки бошқа хил фаолиятдан олинган маҳсулотга, даромадларга, шунингдек, амалдаги қонунчилик йўл қўядиган бошқа асослар бўйича сотиб олинган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш;
илмий, илмий-техника маҳсулотлари, халқ истеъмол товарларини ишлаб чиқариш ва сотиш;
Академия томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга ва товарларга, кўрсатиладиган хизматларга тарифлар, нархлар ва баҳоларни мустақил равишда белгилаш;
моддий-техника базани ривожлантириш, Академия ходимларига ва таклиф этилган мутахассисларга меҳнат ҳақи тўлаш, уларни моддий рағбатлантириш, уларнинг уй-жой-турмуш шароитларини яхшилаш, шунингдек, мазкур Уставда назарда тутилган ижтимоий ва бошқа вазифаларни ҳал қилиш учун бюджетдан ажратиладиган маблағлар билан бир қаторда ишлаб топилган ва бошқа шахслар ҳамда ташкилотлардан олинган маблағларни ўз ихтиёрига кўра сарфлаш;
Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тақиқланмаган ва мазкур Уставга зид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш.
33. Академия банк кредитидан фойдаланади ва кредит шартномаларининг бажарилиши ва ҳисоб-китоб интизомига риоя қилиниши учун жавоб беради. Пул маблағларини сақлаш ва ҳисоб-китоб, кредит ҳамда касса операцияларининг барча турларини амалга ошириш учун банк ва бошқа кредит муассасаларида ўзининг счётлари (шу жумладан, валюта счётлари) га эга бўлади.
34. Давлат ва жамият қурилиши академиясида ўз маблағлари ва ўзига қарашли муассасаларнинг хўжалик фаолиятидан олинган даромадлар, шунингдек, жалб қилинган бошқа маблағлар ҳисобига Академияни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. Жамғарма маблағларини шакллантириш ва сарфлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Академия томонидан ишлаб чиқилган махсус низомга мувофиқ амалга оширилади.
VII. Халқаро фаолият
35. Академия раҳбарлар, мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва уларни аттестациядан ўтказиш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш, кадрлар тайёрлаш соҳасида хорижий ташкилотлар билан контрактлар тузиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эгадир.
Академия тингловчилар учун ўқув жараёнининг зарур қисмини ва ходимларнинг тажриба орттиришини етакчи хорижий илмий ва ўқув марказларида, фирмаларда, халқаро ташкилотларда ва шу кабиларда мустақил равишда ташкил этади.
36. Академияда хорижий давлатлар фуқаролари малакасини ошириш ва профессионал қайта тайёрлаш, Академия профессор-ўқитувчилар таркиби ва тингловчиларнинг чет эллардаги педагогик, илмий-тадқиқот ишлари ва тажриба орттириши давлатлараро битимлар, республика ижро этувчи ҳокимият давлат органлари билан хорижий мамлакатларнинг тегишли давлат органлари ўртасида тузилган шартномалар, Академиянинг хорижий шериклар билан тузган битимлари ва якка тартибдаги шартномалари (контрактлари) асосида амалга оширилади. Академия алоҳида ҳолларда хорижий давлатларнинг кадрларини ўқитиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлашни шартнома асосида амалга ошириши мумкин.
VIII. Академия фаолиятини тўхтатиш
37. Академияни қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси ўқитувчи-профессорлар таркиби
ставкалари
|
Лавозим, унвон |
Ягона тариф сеткаси бўйича разряд |
|
Кафедра мудири |
20 |
|
Профессор |
19 |
|
Доцент |
18 |
(Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1995 й., 5-сон, 17-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 23-сон, 183-модда; 2011 й., 25-сон, 259-модда)