Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганишни янада такомиллаштириш ва 2020-2021 йилларда минерал-хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 23 июлдаги ПҚ-4401-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 11 июндаги 436-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2018 й., 6-сон, 145-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси тўғрисида низомнинг 23-банди биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«23. Инспекция ходимларининг иш ҳақи — меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткаси бўйича тариф коэффициентини қўллаган ҳолда икки баробар миқдорда белгиланади ва Давлат геология қўмитаси ходимлари учун белгиланган миқдорда узлуксиз иш стажи (узоқ муддат узлуксиз хизмати) учун лавозим маошига устамалар, иш ҳақига белгиланган миқдорларда туман (ҳудудий) коэффициентлари ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа қўшимча тўловлардан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади».
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси бир ой муддатда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3 Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси Б.Ф. Исламов зиммасига юклансин.