Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Тошкент-Андижон-Ўш-Саритош-Иркештам автомобиль йўлини лойиҳалаш, реконструкция қилиш ва фойдаланиш тўғрисида
Бундан кейин Аҳдлашувчи Томонлар деб аталувчи Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумати, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро ҳурмат принципларига асосланиб,
автомобиль трассасининг технологик бирлигини яратишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаб, икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларнинг қулай ривожланишини таъминлаш ниҳоят даражада муҳим эканлигини тан олиб,
Аҳдлашувчи Томонларнинг халқаро автомобиль транспортини ривожлантириш соҳасида ягона ва келишилган сиёсат олиб боришга муҳим аҳамият бериб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўз ҳудудларида Тошкент-Андижон-Ўш-Сариташ-Иркештам автомобиль йўлини лойиҳалаш, реконструкция қилиш, қуриш, таъмирлаш ва кейинчалик ундан фойдаланиш бўйича ишларни бажарадилар.
2-модда
Ушбу Битим бўйича ишлар бажариш жараёнида Аҳдлашувчи Томонлар қуйидаги масалаларни ҳал қилишга зарур бўлган чора-тадбирларни кўрадилар:
асосий техник параметрларни ва муҳим техник ечимларни аниқлаш ва танлаш;
реконструкция қилинаётган автомобиль йўли бўйича юклар ва йўловчилар ташиш ҳажмини белгилаш;
автомобиль йўлининг қурилиши ва ишлаши учун сармоя қўйилмаси, моддий ресурслар ва техника воситаларининг зарур ҳажмини белгилаш.
3-модда
Ишларни ва улар билан боғлиқ бўлган харажатларни тақсим қилишни, шу жумладан йўл техникаси, моддий-техник ресурслар ва ёнилғи-мойлаш материаллари ажратишни, Аҳдлашувчи Томонлар алоҳида битимлар билан белгилайдилар.
4-модда
Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари илмий-техник ишламалар ва ушбу Битимнинг бажарилишига кўмаклашувчи бошқа ахборот билан алмашиб турадилар.
5-модда
Ўзбекистон Республикаси учун — «Ўзавтойўл» давлат-акционерлик концерни;
Қирғизистон Республикаси учун — Транспорт ва алоқа вазирлиги;
Аҳдлашувчи Томонларнинг ушбу Битим бўйича ваколатли органлари ҳисобланади.
6-модда
Ушбу Битимнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида Аҳдлашувчи Томонлар бир-бирларига ташкилий, моддий-техник, молиявий ва бошқа зарур ёрдам берадилар.
7-модда
1. Ушбу Битимнинг қоидаларини бажариш мақсадида Аҳдлашувчи Томонлар халқаро молиявий институтлар ва шахсий маблағ қўювчилар билан ҳамкорликка кўмаклашишга розилик билдирадилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар 1997 йилнинг биринчи ярми давомида корхоналар ва ташкилотларнинг (халқаро, давлат ёки хусусий) Тошкент-Андижон-Ўш-Саритош-Иркештам автомобиль йўлини лойиҳалаш, реконструкция қилишда иштирок этиш тартиби ва шартларини белгилаб берадилар.
8-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг ваколатли органларига ушбу Битимнинг бажарилиши билан боғлиқ бўлган ишларга тегишли шартномалар тузишни топширадилар.
9-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Битим қоидаларини бажаришга кўмаклашадиган Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари вакилларидан иборат бўлган Қўшма комиссия тузиш тўғрисида келишиб олдилар.
2. Битимнинг бажарилиши масалаларини кўриш учун Қўшма комиссия заруратга қараб, навбати билан Тошкент, Бишкек, Ўшда йиғилиш ўтказиб туради.
10-модда
Ушбу Битимни бажариш ва талқин қилиш бўйича ҳар қандай баҳслар музокара ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал қилинади.
Музокаралар йўли билан ҳал қилинмайдиган ёки бошқа бир усул билан келишиб бўлмайдиган ҳар қандай баҳс Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг илтимосига кўра Қўшма комиссияга кўриб чиқиш учун берилади.
11-модда
Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзлари иштирокчи ҳисобланган бошқа халқаро шартномалар бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларига даҳл қилмайди.
12-модда
Рус тили иш тили ҳисобланади.
13-модда
Ушбу Битимга Аҳдлашувчи Томонларнинг ёзма шаклдаги розилиги билан ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин, булар ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган протоколлар билан расмийлаштирилади.
14-модда
1. Ушбу Битим имзоланган вақтдан бошлаб кучга киради.
2. Ушбу Битим беш йиллик муддатга тузилади ва ҳар сафар, агар Аҳдлашувчи Томонлардан бири бошқа Аҳдлашувчи Томонни ушбу Битимнинг тегишли амал муддати ўтишидан камида 6 ой илгари унинг амалини тўхтатиш нияти борлиги тўғрисида ёзма шаклда хабарнома бермаса, ўз-ўзидан кейинги беш йилга чўзилаверади.
Тошкент шаҳрида 1997 йил 25 апрелда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, қирғиз ва рус тилларида тузилди, ҳамма матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битимнинг қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)