Протокол
Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси маблағлари ҳисобига барпо этилган ижтимоий соҳа объектларига эгалик қилиш ҳуқуқларини ўзаро тан олиш
Ушбу Протокол қатнашчилари бўлган давлатларнинг Ҳукуматлари, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталади,
иқтисодий муносабатларни Томонлардан ҳар бирининг мулкка эгалик қилиш ҳуқуқларини ўзаро ҳурмат қилиш асосида қуриш учун ўз интилишларини тасдиқлаб, қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Томонлар мазкур Протокол қатнашчилари бўлган давлатларнинг мулки ҳисобланадиган корхоналар ва ижтимоий соҳа объектларининг ўз ҳудудларида бўлишини тан олишнинг зарурлиги тўғрисида келишиб олдилар.
Санаторийлар, санаторий-профилакторийлар, дам олиш уйлари ва шунга ўхшаш жойлар, пансионатлар, меҳмонхоналар ва кемпинглар, туристик ва йўл-йўлакай дам оладиган жойлар, болалар соғломлаштириш муассасалари мазкур Протоколда кўриб чиқиладиган объектлар ҳисобланади. Ижтимоий соҳанинг бошқа объектлари Томонларнинг ўзаро шартлашиб олишларига кўра ушбу Протоколнинг мавзуи бўлиши мумкин.
2-модда
Томонлар бир-бирларининг ҳудудларида Протокол тузиш қатнашчилари бўлган давлатларнинг юридик ва жисмоний шахсларига қарашли бўлган ижтимоий соҳа объектларини, шу жумладан, қўшма объектларни барпо этишга кўмаклашадилар.
3-модда
Томонлар бошқа давлатлар ҳудудларидаги республика бюджетлари маблағлари, шунингдек, республикага ва собиқ иттифоққа бўйсунувчи корхоналар ва ташкилотлар маблағлари ҳисобига илгари барпо этилган корхоналар ва ижтимоий (ёки тегишли ҳисса қўшилган) соҳа объектлари давлатларнинг еки уларни бунёд этишда ким пул билан таъминлаб турган бўлса, ўшаларнинг ёхуд юқорида кўрсатилган республикага ва собиқ иттифоққа бўйсунувчи корхоналар ва ташкилотлар кимга тегишли бўлса, ўшаларнинг мулки ҳисобланишини тан олиш зарурлигини келишиб олдилар.
4-модда
Томонлар қонуний равишда олинган пул даромадларини ва қўшма объектлар ва бошқа протокол қатнашчилари бўлган давлатларнинг, уларнинг жисмоний ва юридик шахсларининг мулки ҳисобланадиган объектларнинг тўловларини (объект жойлашган давлатнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган солиқлар ва йиғимлар тўлангандан сўнг) ҳеч қандай тўсиқларсиз ўтказишни кафолатлашнинг зарурлиги тўғрисида келишиб олдилар.
Пул ўтказиш Томонларнинг ҳисоб-китоб ва бошқа операцияларида рухсат этилган исталган валютада амалга оширилади.
5-модда
Томонлар ҳозир ишлаб турган ва қурилаётган ёхуд сотиб олинган объектларга ердан фойдаланганлик учун объект жойлашган давлатнинг қонун ҳужжатларида аниқлаб бериладиган умумий шартларда тўловларни белгилайдилар.
6-модда
Томонлар шуни шартлашиб олдиларки, бир давлат мулкига тегишли бўлган ва бошқа давлат ҳудудида жойлашган ижтимоий соҳа объектларини хусусийлаштириш мулк эгасининг қарорига кўра амалга оширилади. Хусусийлаштириш тартиби ва шартлари Томонлар ўртасида тузилган битим билан белгиланади.
7-модда
Томонлар Протокол қатнашчилари бўлган давлатларнинг юридик ва жисмоний шахсларига тегишли бўлган ижтимоий соҳа объектларига нисбатан мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи шу объектлар ҳудудида жойлашган давлат томонидан таъминланадиган тўлиқ ва сўзсиз ҳуқуқий ҳимоядан ҳамда Томонлар ўртасидаги шартномалардан фойдаланишларини тасдиқлайдилар.
8-модда
Томонлар 1994 йилнинг 1 мартигача ҳуқуқларни ўзаро тан олиш ва мазкур Протокол қатнашчилари бўлган давлатлар юридик ҳамда жисмоний шахсларининг мулкчилик муносабатларини тартибга солиш тўғрисида ҳукуматлараро Битим тузишнинг зарурлиги ҳақида келишиб олдилар.
9-модда
Мазкур Протоколни талқин қилиш ва унинг нормаларини қўлланишга нисбатан баҳслар Томонларнинг тегишли органлари ўртасида музокаралар йўли билан қараб чиқилиши керак.
Протокол 1994 йил 2 февралда Тошкент шаҳрида икки асл нусхада ўзбек, қирғиз ва рус тилларида тузилди.
(имзолар)