Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ОИТС билан касалланишнинг олдини олишни кучайтириш чоралари тўғрисида
ОИТС билан касалланишнинг олдини олиш ишларини кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасида ОИТС (орттирилган иммунитет танқислик синдроми) касаллигига қарши курашнинг давлат тармоқлараро дастури иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
*Илова берилмайди.
2. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, Ижтимоий таъминот вазирлиги одамнинг орттирилган иммунитет танқислик вируси билан зарарланган ёки ОИТС касаллигига чалинган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини кўрсинлар, бунда қуйидагиларни назарда тутсинлар:
одамнинг иммунитет танқислик вируси билан зарарланган ёки ОИТС касаллигига чалинган 16 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар учун ойлик иш ҳақининг энг кам миқдори ҳажмида давлат нафақаси тайинлаш;
иммунитет танқислик вируси билан зарарланган одам ёки ОИТС касаллигига чалинган 16 ёшгача бўлган болага қараш муносабати билан ота-онанинг меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда вақтинчалик меҳнатга яроқсизлик бўйича нафақани ҳисоблаб чиқиш учун улардан бирида узлуксиз иш стажини сақлаб қолиш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Молия вазирлиги ОИТС касаллигига чалинган беморларни даволаш-профилактика қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш билан банд бўлган ҳамда иммунитет танқислик вируси билан бевосита ишловчи ходимларнинг меҳнат таътилларини 36 иш куни қилиб, касби туфайли вирус билан зарарланган ҳолларда саломатлигига етказилган зарар учун бир йўла тўланадиган пул товони миқдорларини соғлиқни сақлаш тармоғида ишловчи бир ходимнинг ўртача ойлик маошининг уч йиллик ҳажмида белгиласинлар, бу харажатларни республика бюджети маблағлари ҳисобидан ажратсинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
иммунитет танқислик вируси билан зарарланган ёки ОИТС касаллигига чалинган беморларни даволаш учун дори-дармонларни бепул бериш тартибини, шунингдек, уларнинг республика доирасида даволаниш жойларига бепул бориб келишлари билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплаш тартибини белгиласин;
аҳолини, биринчи навбатда, иммунитет танқислик вируси юқиш хавфи юқори бўлган шахсларни, шунингдек, вирус билан зарарланганларни ҳозирги замон даражасида текширувдан ўтказишни, профилактик кузатиш ва даволашни, уларга маслаҳатлар берилишини, касалликнинг олдини олиш воситалари билан таъминлашни, донорлик қони ва қон маҳсулотлари қуйиш жараёнида ниналар, шприцлар ва бошқа тиббий асбоб-анжомларни стерилизация қилишда ўта хавфсизликни таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги касалхоналарда, реабилитация марказларида ва уй шароитида даволанаётган одамнинг иммунитет танқислик вируси билан зарарланган ёки ОИТС касаллигига чалинган болалар ва ўсмирлар учун ўрта умумтаълим мактаблари ва ҳунар-техника таълимининг махсус ўқув дастурлари бўйича ўтишни ташкил этсин.
6. Ўзбекистон Давлат телевидение ва радиоэшиттириш компанияси, Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитаси, республика рўзномалари ва журналлари таҳририятлари оммавий ахборот воситаларида ОИТС касаллигининг олдини олиш, одамнинг иммунитет танқислик вируси юққан ёки ОИТС касаллигига чалинган беморларга нисбатан меҳр-шафқатли муносабатда бўлиш ҳислатини тарбиялаш масалаларини кенг ёритсинлар.
7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
фоҳишабозлик, гиёҳвандлик ва дайдиликка қарши курашни кучайтирсин;
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда хорижий фуқароларнинг республикада амалда бўлган хулқ-атвор қоидаларига сўзсиз риоя қилишлари бўйича қўшимча чоралар кўрсин.
8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг ижтимоий масалалар, фан ва таълим бўлимига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. МУТАЛОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 26 июнь,
298-сон