Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг
қарори
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 128-моддаси тўртинчи қисмининг ўзбек ва рус тили матнларидаги номувофиқликни бартараф этиш тўғрисидаги таклифни Олий Мажлисга тақдим этиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Раис Б. Мустафоев, судьялар Б. Мирбобоев, У. Бозоров, Г. Пиржанов ва С. Ҳакимовадан иборат таркибда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 82-моддаси ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасига амал қилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 128-моддаси тўртинчи қисмининг ўзбек ва рус тили матнларидаги номувофиқликни бартараф этиш тўғрисидаги таклифни Олий Мажлисга тақдим этиш ҳақидаги ишни очиқ суд мажлисида кўриб чиқди.
Ишни кўришга Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьялари С. Ҳакимова, У. Бозоров ва Г. Пиржановнинг Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 128-моддаси тўртинчи қисмининг ўзбек ва рус тилидаги матнларини бир-бирига мувофиқлаштириш зарурлиги хусусида «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ кўрсатган ташаббуси асос бўлди.
Маърузачи-судья С. Ҳакимованинг ахборотини, Конституциявий суд Раиси Б. Мустафоев, судьялар Б. Мирбобоев, У. Бозоров, Г. Пиржановнинг фикрларини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қуйидагиларни аниқлади:
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси 128-моддаси тўртинчи қисмининг ўзбек тилидаги матнида бир йил мобайнида ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлардан тўрттасини ва ундан кўпроғини содир этиш — энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлиши белгиланган.
128-модда тўртинчи қисмининг рус тилидаги матнида эса бир йил мобайнида ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлардан тўрттасини ва ундан кўпроғини содир этиш — энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ой муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади, дейилган.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 128-моддаси тўртинчи қисмининг жазо чоралари бир хил ҳуқуқбузарлик учун ўрнатилган бўлиб, ўзбек ва рус тилидаги матнлари бир-бирига номувофиқ бўлиб қолган.
Юқорида баён қилинганларга асосланиб ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуннинг 25 ва 26-моддаларига амал қилган ҳолда, Конституциявий суд қарор қилди:
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 128-моддаси тўртинчи қисмининг ўзбек ва рус тили матнларидаги номувофиқликни бартараф этиш тўғрисидаги таклиф қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига тақдим этилсин.
Тошкент ш.,
2002 йил 14 ноябрь