Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг
қарори
«Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонунга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига тақдим этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди Раис Б. Мустафоев, судьялар Б. Мирбобоев, У. Бозоров, Г. Пиржанов ва С. Ҳакимовадан иборат таркибда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 82-моддаси ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасига амал қилган ҳолда, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонунга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун лойиҳасини кўриб чиқиш учун Олий Мажлисга тақдим этиш тўғрисидаги ишни очиқ суд мажлисида кўриб чиқди.
Ишни кўришга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 2003 йил 24 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун асос бўлди.
Маърузачи Конституциявий суд Раиси Б. Мустафоевнинг ахборотини, судьялар Б. Мирбобоев, У. Бозоров, Г. Пиржанов, С. Ҳакимова, Конституциявий суд котибияти мудири М. Алиева, катта эксперт Н. Кариева ҳамда эксперт И. Юсубжоновнинг фикрларини эшитиб, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонунга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун лойиҳасини муҳокама қилиб, Конституциявий суд қуйидагиларни аниқлади:
2003 йил 24 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунга ва 2000 йил 14 декабрда қабул қилинган «Судлар тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 30 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуннинг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 9, 178-модда; 2003 йил, № 1, 8-модда) 1, 2, 10, 13, 17 (ўзбек тилидаги), 18, 19, 21 ва 31-моддаларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш зарурияти пайдо бўлди.
Юқорида баён қилинганларга асосланиб ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуннинг 25 ва 26-моддаларига амал қилган ҳолда, Конституциявий суд қарор қилди:
«Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонунга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун лойиҳаси қонунчилик ташаббуси тартибида Олий Мажлисга тақдим этилсин:
Конституциявий суд
тақдим этган лойиҳа
тақдим этган лойиҳа
Ўзбекистон Республикасининг қонуни
«Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конунга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади:
Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 30 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 9, 178-модда; 2003 йил, № 1, 8-модда) қуйидаги ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилсин:
1) 1-модда:
иккинчи қисмининг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Конституциявий суд:
Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонларининг, ҳукумат ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мослигини аниқлайди»;
иккинчи қисми қуйидаги мазмундаги тўртинчи ва бешинчи хатбошилари билан тўлдирилсин:
«Сайловлар ва референдумларнинг конституциявийлиги билан боғлиқ низоларни ҳал этади;
Сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари ёки бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларнинг конституциявийлигини аниқлайди»;
тўртинчи хатбошиси олтинчи хатбошиси деб ҳисоблансин;
2) 2-моддасининг:
биринчи ва тўртинчи қисмларидаги «Олий Мажлис» деган сўзлар «Олий Мажлиснинг Сенати» деган сўзлар билан,
иккинчи қисмидаги «Олий Мажлис депутатлари» деган сўзлар «Олий Мажлис Сенати аъзолари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
бешинчи қисми чиқариб ташлансин;
3) 10-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«10-модда. Конституциявий суднинг қонунчилик ташаббуси
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 83-моддасига мувофиқ Конституциявий суд қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқ Конституциявий суд томонидан қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга оширилади»;
4) 13-моддасининг биринчи қисми «Конституциявий» деган сўздан аввал «Илк бор» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
5) ўзбек тилидаги 17-моддасининг биринчи қисми «қуйидаги ҳолларда» деган сўзлардан кейин «Конституциявий суд қарори билан» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
6) 18-моддадаги «Олий Мажлис» деган сўзлар «Олий Мажлис Сенатининг» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
7) 19-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«19-модда. Конституциявий судга масалаларни киритиш ҳуқуқи
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери, Олий Мажлис Сенатининг Раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат депутатлар гуруҳи, Олий Мажлис Сенати аъзолари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат сенаторлар гуруҳи, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Олий хўжалик судининг раиси ва Бош прокурори Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масалалар киритиш ҳуқуқига эгадирлар. Масала Конституциявий суднинг камида уч судьяси ташаббуси билан ҳам киритилиши мумкин»;
8) 21-моддадаги «Олий Мажлис Раиси, унинг ўринбосарлари» деган сўзлар «Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери, унинг ўринбосарлари, Олий Мажлис Сенатининг Раиси, унинг ўринбосарлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
9) 31-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«31-модда. Конституциявий суд судьяларининг моддий таъминоти
Конституциявий суд судьясининг иш ҳақи миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган лавозим маошидан, малака даражаси, кўп йиллик хизмати учун тўланадиган устама ҳақлардан иборат бўлади.
Конституциявий суд судьяларига ҳар йили ўттиз олти иш кунидан иборат ҳақ тўланадиган таътил берилади»;
10) Қонун қуйидаги мазмундаги 311-модда билан тўлдирилсин:
«311-модда. Конституциявий суд судьяларини ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий муҳофаза қилиш чоралари
Конституциявий суд судьяларининг ҳаёти ва соғлиғи давлатнинг алоҳида муҳофазасида бўлади ҳамда республика бюджети маблағлари ҳисобидан давлат томонидан мажбурий тартибда суғурта қилинади.
Қуйидаги ҳолларда давлат суғурта органлари суғурта суммаларини тўлайди:
судья ишлаётган даврида ёки ваколат муддати тугаганидан кейин ҳалок бўлса (вафот этса), агар бу судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан олган тан жароҳатлари ёки соғлиғининг бошқача шикастланиши оқибатида рўй берган бўлса, унинг меросхўрларига судьянинг эллик ойлик иш ҳақи миқдорида;
судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан келгусида касбга доир фаолият билан шуғулланиш имкониятини истисно этадиган даражада майиб бўлиб қолса ёки унинг соғлиғига бошқача шикаст етказилганида — судьянинг йигирма беш ойлик иш ҳақи миқдорида;
судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан касбга доир фаолият билан шуғулланиш имкониятини истисно этмайдиган ва меҳнат қобилиятининг доимий йўқолишига олиб келмайдиган тан жароҳатлари ёки унинг соғлиғига бошқача шикаст етказилганида — судьянинг беш ойлик иш ҳақи миқдорида.
Судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан келгусида касбга доир фаолият билан шуғулланиш имкониятини истисно этадиган даражада майиб бўлиб қолганида ёки унинг соғлиғига бошқача шикаст етказилганида мажбурий давлат суғуртаси бўйича олинган тўловларни ҳисобга олмаган ҳолда унга иш ҳақи ва тайин этилган пенсия ўртасидаги фарқ ҳар ойда тўлаб борилади.
Судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан олган тан жароҳатлари ёки унинг соғлиғига бошқача шикаст етказилиши оқибатида ҳалок бўлса (вафот этса), унинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоларига судья иш ҳақининг уларнинг ҳиссасига тўғри келадиган қисми ва боқувчисини йўқотганлиги муносабати билан уларга тайинланган пенсия ўртасидаги фарқ ҳар ойда, мажбурий давлат суғуртаси бўйича олинган тўловларни ҳисобга олмаган ҳолда тўланади.
Судьянинг ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан унга тегишли мол-мулкни йўқ қилиш ёки шикастлаш оқибатида етказилган зарар судьяга ёки унинг оила аъзоларига тўлалигича қопланади.
Ушбу модданинг иккинчи, учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган зарарни қоплаш бўйича тўловлар республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиб, кейинчалик улар айбдор шахслардан қонунда белгиланган тартибда ундириб олинади».
Тошкент ш.,
2003 йил 1 июль