Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Андижон вилоятида инновацион технологиялар трансферини фаоллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Андижон вилоятида инновацион инфратузилмани янада ривожлантириш, тадбиркорликни фаоллаштириш ва инвестицион салоҳиятни ошириш учун қулай шароитлар яратиш, инновацион ишланма ва технологияларни ишлаб чиқариш жараёнига кенг жорий қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Андижон вилояти ҳокимлигининг Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази тизимида «Андижон тажриба-кўргазма майдони» давлат муассасасини (кейинги ўринларда Кўргазма майдони деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Қуйидагилар Кўргазма майдонининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
маҳаллий ва хорижий илмий ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш;
инновацион технологияларни яратиш, жорий этиш ва фойдаланиш;
инновацион фаолиятни ташкил этиш ва бошқариш, технологияларнинг трансфери ва интеллектуал мулк объектларини тижоратлаштириш;
илмий конференциялар, семинарлар, тренинглар ва маҳорат дарсларини ташкиллаштириш;
олий таълим ва илмий муассасалар, тадбиркорлик субъектлари ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш;
инновацион ғоялар ва лойиҳалар, маҳсулотлар ва технологияларнинг истиқболли турларини ишлаб чиқишда ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш;
кўргазма майдони олий таълим ва илмий муассасалар ўртасида инновацион ғоялар ва лойиҳалар, ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатлари ривожланиши, илмий ва лаборатория тадқиқотлари олиб бориш, инновацион фаолият натижаларини тижоратлаштириш, ёшлар, олимлар ва ўқитувчиларни иқтисодиёт соҳаларида илмий-техник муаммоларини ҳал этишга жалб қилиш;
илмий ва лаборатория тадқиқотларини олиб бориш, тажриба намуналарини, саноат маҳсулотларининг прототипларини ишлаб чиқиш ва уларнинг натижаларини ишлаб чиқаришга жорий қилиш;
мунтазам равишда янги технологиялар кўргазмасини ташкил этиш асосида технологиялар трансферини амалга ошириш.
3. Кўргазма майдонига уни жойлаштириш ва фаолият юритиши учун Андижон вилояти Марҳамат туманининг З.М. Бобур номли массивидан 9 гектар ер майдони доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
4. Кўргазма майдонининг бино ва иншоотларини қуриш ва лойиҳа ишларини амалга оширишда:
Андижон вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси — буюртмачи;
«Kommunal taʼmirlash» МЧЖ — бош лойиҳачи ва бош пудратчи этиб белгилансин.
5. Белгилансинки, Кўргазма майдонининг:
а) янги технологияларни маҳаллий тадбиркорликка трансфер қилиш фаолиятидан олинган даромадлари бўйича белгиланган трансфер шарти устамалари 5 фоиздан ошмаган миқдорда ўрнатилади;
б) биносини қуриш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда лаборатория ускуналарини харид қилиш билан боғлиқ харажатлар қуйидаги манбалар ҳисобидан қопланади:
Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари;
халқаро молия ва бошқа институтлар кредитлари, хорижий ташкилотларнинг грантлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Андижон вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Инновацион технологияларни жорий этиш марказини Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази ҳузурида қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги бир ой муддатда:
Кўргазма майдонини малакали кадрлар билан тўлдиришни таъминласин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И.Ю. Абдураҳмонов ва Андижон вилояти ҳокими Ш.К. Абдураҳмонов зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 21 октябрь,
884-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 22.10.2019 й., 09/19/884/3962-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.08.2021 й., 09/21/545/0832-сон)