Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Sergeli Industrial Park» кичик саноат зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Тошкент шаҳридаги кичик саноат зоналари фаолиятини фаоллаштириш, бўш турган ер майдонларидан унумли фойдаланиш, янги рақобатбардош саноат ишлаб чиқаришлари ва кичик корхоналарни ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, шу асосда Тошкент шаҳрида янги иш ўринлари яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент шаҳрида инвестиция иқлимини яхшилаш бўйича экспериментни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 15 августдаги ПФ-5511-сон Фармонига мувофиқ ҳамда топшириш ва қабул-қилиш далолатномалари асосида Тошкент шаҳри, Сергели тумани, Райхон кўчасида жойлашган «САР» авиакомпаниясининг бинолари, иншоотлари ва бошқа инфратузилма объектлари кейинчалик уларнинг негизида «Sergeli Industrial Park» кичик саноат зонасини ташкил этиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлигига бепул берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Тошкент шаҳар ҳокимлиги хамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг «Sergeli Industrial Park» кичик саноат зонаси ҳудудида давлат унитар корхонаси шаклида алоҳида Дирекция ташкил этиш орқали бошқарувнинг махсус тартибини жорий қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин, Дирекцияга қуйидаги вазифалар юклансин:
буюртмачининг функцияларини бажариш, «Sergeli Industrial Park» кичик саноат зонаси ҳудудидаги объектлар қурилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш, шу жумладан, кичик саноат зонаси ҳудудини муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш, кириш йўллари, автомобиль тўхташ жойлари қурилиши билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш;
етакчи маҳаллий ва хорижий лойиҳалаш ташкилотларини жалб қилган ҳолда «Sergeli Industrial Park» кичик саноат зонасининг бош режаси ишлаб чиқилишини ташкил этиш;
ташқи бозорларда талаб юқори бўлган ва импортнинг ўрнини босадиган юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш мақсадида тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб қилиш;
лойиҳаларни амалга ошириш бўйича инвесторлар билан музокаралар олиб бориш, салоҳиятли инвесторларни танлаш, улар билан «Sergeli Industrial Park» кичик саноат зонаси ҳудудига инвестиция киритиш тўғрисида битимлар тузиш, шунингдек, Тошкент шаҳридаги эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари Маъмурий кенгашига (кейинги ўринларда Маъмурий кенгаш деб аталади) инвесторга белгиланган тартибда қурилиш мақсадларида доимий фойдаланиш учун ер участкаси ажратиш ва кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини расмийлаштириш бўйича таклифлар киритиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
«Sergeli Industrial Park» кичик саноат зонаси ҳудудида объектлар курилишини лойиҳалаштиришда лойиҳалаш ташкилотлари томонидан замонавий энергияни тежайдиган технологиялар, шунингдек, юқори технологик материаллар ва буюмлардан самарали фойдаланилишини таъминлаш устидан назорат қилиш;
«Sergeli Industrial Park» кичик саноат зонаси ҳудудида умумий фойдаланиш жойлари, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасидан фойдаланиш ва хизмат кўрсатишни ташкил этиш.
3. Белгилансинки, Дирекция қуйидаги ҳуқуқларга эга:
инвесторлар томонидан ўз зиммасига олинган инвестицион ва ижтимоий мажбуриятлар зарур тарзда бажарилишини назорат қилиш;
«Sergeli Industrial Park» кичик саноат зонаси иштирокчилари томонидан битимлар ва шартнома шартлари бузилган, шунингдек, улар томонидан инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, ишлаб чиқариш майдонлари ижарасининг битимлари ва шартномаларини ва (ёки) ер участкаларидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини белгиланган тартибда бекор қилиш ва тўхтатиш масалаларини Маъмурий кенгашга кўриб чиқиш учун киритиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда инвесторлар, ишлар (хизматлар)ни бажарувчилар, бинолар, иншоотлар ва объектлар эгалари ва фойдаланувчилари томонидан ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидалари, қурилиш-монтаж ишлари ҳамда объектлардан фойдаланишда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан техник назоратни амалга ошириш.
4. Белгилансинки:
«Sergeli Industrial Park» кичик саноат зонаси ҳудудида жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаш инвестиция лойиҳаларининг бизнес-режаларини ўз ичига олган инвесторларнинг буюртмалари асосида Маъмурий кенгаш томонидан амалга оширилади;
«Sergeli Industrial Park» кичик саноат зонасининг лойиҳа-режа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, шу жумладан, ер участкаларини танлаш ва ажратиш бўйича материаллар тайёрлаш Дирекция томонидан Тошкент шаҳар ҳокимлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига таъминланади;
Дирекциянинг кичик саноат зонаси ҳудудларини тозалаш, ер ишларини амалга ошириш, муҳандислик-коммуникация объектларининг (электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва техник сув, канализация, автомобиль йўллари) ички майдонларини қуриш, умумий фойдаланиладиган ҳудудларни ободонлаштириш, реклама кампаниялари ва тақдимот тадбирлари ҳамда Дирекциянинг самарали фаолияти учун зарур бўлган маъмурий бино, конференц-зал ва бошқа иншоотларнинг қурилишига харажатлар «Sergeli Industrial Park» кичик саноат зонасида белгиланган тартибда доимий фойдаланиш учун ер ажратиш эвазига олинган маблағлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига тенг улушларда қопланади;
Дирекцияни сақлаш Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ Дирекция томонидан шартнома асосида ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш)дан олинган маблағлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.
5. Маъмурий кенгашга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
«Sergeli Industrial Park» кичик саноат зонаси иштирокчиларига доимий фойдаланиш учун ер участкалари бериш тўғрисида қарор қабул қилиш;
доимий фойдаланиш учун бериладиган ер участкасининг ҳар бир гектари учун тўлов миқдорини белгилаш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Транспорт вазирлиги 2020 йил 1 июлгача бўлган муддатда «Sergeli Industrial Park» кичик саноат зонаси чегарасигача мавжуд ташқи муҳандислик коммуникациялари ва инфратузилма объектларини қуриш ва модернизация қилишни «Sergeli Industrial Park» кичик саноат зонаси ҳудудида тадбиркорлик субъектларини уларнинг узлуксиз ишлашини ҳисобга олган холда жойлаштиришнинг ишлаб чикилган лойиҳаларига мувофиқ кичик саноат зонаси ҳудудида белгиланган тартибда доимий фойдаланиш учун ер участкаларини ажратишдан тушган маблағлар ҳисобига таъминласинлар.
7. Дирекция Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда «Sergeli Industrial Park» кичик саноат зонаси бош режаси қурилишнинг қисқа ва ўрта муддатли истиқболларини ҳамда объектларни мақбул жойлаштиришни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласин.
8. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда:
«Sergeli Industrial Park» кичик саноат зонасининг самарали фаолият кўрсатиши бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши устидан таъсирчан назорат ва мониторинг ўрнатсин;
«Sergeli Industrial Park» кичик саноат зонасининг фаолияти самарадорлиги ва натижадорлиги тўғрисида ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Э.М. Ганиев ва Тошкент шаҳар ҳокими Ж.А. Артикходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 16 октябрь,
878-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.10.2019 й., 09/19/878/3929-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.06.2021 й., 06/21/6243/0540-сон)