Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг
Қарори
Сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14 ва 16-моддаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг айрим қарорлари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари М. Истамов зиммасига юклансин.
Раис М. АБДУСАЛОМОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 5 октябрь,
951-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 5 октябрдаги 951-сонли қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар тўғрисида
НИЗОМ
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексининг 33-моддаси, Ўзбекистон Республикасининг «Сиёсий партиялар тўғрисида», «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кузатувчиларининг (бундан буён матнда кузатувчи деб юритилади) ҳуқуқий мақомини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳамда уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш тартибини белгилайди.
I. Умумий қоидалар
1. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида кузатувчи қатнашиш ҳуқуқига эга.
2. Кузатувнинг мақсади сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шу жумладан сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдан иборат.
3. Сайлов комиссиялари кузатувчини мандати ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатига асосан рўйхатга олгандан кейин унга ўз ваколатларини тўлақонли ҳамда тўсқинликсиз амалга ошириши учун шароит яратиб беради.
4. Сиёсий партия аъзоси ёки тарафдори ёхуд сиёсий партияга хайрихоҳ бўлган ҳар қандай Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқароси сиёсий партиядан кузатувчи бўлиши мумкин.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли), унинг ўринбосари, маслаҳатчиси, шунингдек фуқаролар йиғини органларининг бошқа мансабдор шахслари кузатувчи бўлиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
II. Кузатувчиларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш
5. Сиёсий партиянинг туман (шаҳар) ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига ушбу сиёсий партиядан кўрсатилган номзод рўйхатга олинган кундан бошлаб округ сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат қилади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари округ сайлов комиссияси тузилганидан кейин уларга ариза билан мурожаат қилади.
Аризага кузатувчиларнинг рўйхати (исми-фамилияси, лавозими, яшаш манзили ва телефон рақами кўрсатилган ҳолда), уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхалари, 3х4 см. ўлчамдаги икки дона фотосурат илова қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўз кузатувчилари тўғрисида округ сайлов комиссияларига сайловга камида ўн беш кун қолгунга қадар мурожаат қилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Округ сайлов комиссияси сиёсий партия ташкилотининг ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг аризасини олгандан кейин беш кун ичида қарор қабул қилади ва кузатувчи учун мандат беради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Мандат намунаси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 29 июлдаги 924-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисидаги низом билан белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Мандатда сиёсий партияни бошқа сиёсий партиядан ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан фарқлаш учун алоҳида белгилар (мандат ранги ёки бошқа) акс эттирилиши мумкин.
9. Сиёсий партия ташкилоти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари округ сайлов комиссиясидан мандатларни олгандан сўнг уларни кузатувчиларга етказилишини таъминлайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Қуйидаги ҳолларда кузатувчига мандат бериш рад этилиши мумкин:
кузатувчига номзод 18 ёшга тўлмаган бўлса ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса;
сайловга ўн беш кундан кам муддат қолганда мурожаат этилса;
Кейинги таҳрирга қаранг.
тегишли сайлов округи бўйича сиёсий партиядан номзод рўйхатга олинмаган бўлса (сиёсий партиянинг кузатувчилари учун);
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг мансабдор шахси бўлмаса (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг кузатувчилари учун);
мазкур Низомнинг 5-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаса.
11. Кузатувчи сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек овоз бериш куни мандатни тақиб юриши шарт.
12. Кузатувчининг ваколат муддати унга мандат берилган кундан бошланади ва сайлов якунлари расман эълон қилинган куни тугайди.
Тегишли сайлов комиссияси томонидан такрорий овоз бериш ёки такрорий сайлов ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, кузатувчилар мандатининг амал қилиши тегишли муддатга узайтирилади.
III. Кузатувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
13. Кузатувчи:
сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш;
номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида иштирок этиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
сайлов участкасида ҳозир бўлиш, тайёргарлик ишларининг боришини, яширин овоз бериш кабиналарининг ёки хоналарининг жойлаштирилишини ва сайлов қутиларининг муҳрланишини, фуқароларнинг рўйхатга олинишини, сайлов бюллетенларининг уларга берилишини кузатиш;
сайлов куни овоз бериш жараёнини кузатиш;
муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти ва жойи ҳақида хабардор бўлиш ҳамда ушбу жараённи кузатиш;
сайловчининг турган жойида унинг рухсати билан овоз бериш жараёнини кузатиш;
овозлар санаб чиқилаётганда ва сайлов комиссиясининг баённомаси тузилаётганда ҳозир бўлиш;
сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаларини сўраш ва олиш;
сайлов жараёни ва овоз беришнинг яширинлигини бузмасдан фото, видео, аудио ёзувларни амалга ошириш (қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойлари, ҳарбий қисмлар, даволаш муассасалари бундан мустасно);
кузатув натижалари тўғрисида оммавий ахборот воситалари вакилларига мурожаат қилиш;
округ сайлов комиссияси томонидан участка сайлов комиссияларидан овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомаларни қабул қилиб олиш ҳамда округ бўйича сайлов натижаларини аниқлаш жараёнида ҳозир бўлиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларидаги сайлов жараёнини кузатиш хоҳиши тўғрисида округ сайлов комиссиясига сайловга камида уч кун қолганда хабар бериш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
агар сайлов участкасида сайлов қонунчилиги талаблари бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асослар бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида ушбу участка сайлов комиссияси аъзоларига уларнинг ишига аралашмаган ҳолда маълум қилиш, шунингдек юқори турувчи сайлов комиссияларига хабар бериш;
сайлов тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳақида, шунингдек сайловга тайёргарлик кўриш ва унинг ўтказилиши бўйича ўз фикрини баён қилиш ҳуқуқига эга.
Кузатувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланади.
14. Кузатувчи:
ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Сайлов кодексига, Марказий сайлов комиссиясининг қарорларига амал қилиши;
барча даражадаги сайлов комиссияларига, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ва бошқа ташкилотларга ташриф буюрганида унга берилган мандатни ҳамда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни ёнида олиб юриши ҳамда мансабдор шахслар талабига мувофиқ уларни кўрсатиши;
ўз хулосаларини шахсан ўтказилган кузатув ва ҳақиқий материаллар билан асослаши шарт.
15. Кузатувчига қуйидагилар ман этилади:
сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш;
сайловчиларга таъсир ўтказиш, бирон бир ташвиқот материали ёки адабиётини тарқатиш;
сайловчилардан улар кимни ёқлаб овоз берганликларини суриштириш ёки сайловчиларга бюллетенга белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш;
участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан сайлов қутилари муҳрланаётган, очилаётган, овозлар санаб чиқилаётганда аралашиш;
сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш.
16. Кузатувчи Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси талабларига ва ушбу Низом қоидаларига риоя этмаган тақдирда, округ сайлов комиссияси унинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
IV. Якуний қоидалар
17. Кузатувчи сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида юқори турувчи сайлов комиссиясига ёки судга шикоят қилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кузатувчи шикоятни кўриб чиқишда бевосита иштирок этиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 5 октябрдаги 951-сонли қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг ўз кучини йўқотган деб топилган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сайловини ўтказиш билан боғлиқ Марказий сайлов комиссиясининг низом ва йўриқномалари тўғрисида» 2004 йил 18 сентябрдаги 198-сон қарори 8-банди ва 8-иловаси.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов ўтказиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2014 йил 11 сентябрдаги 618-сон қарори 1-бандининг тўққизинчи хатбошиси ва 8-иловаси.
3. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашувчи сиёсий партияларнинг кузатувчилари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида» 2016 йил 7 октябрдаги 752-сон қарори.