Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ягона буюртмачи хизматлари (инжиниринг компаниялари) раҳбар ходимлари ва мутахассислари учун белгиланадиган ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тариф коэффициентларига оширувчи коэффициентларнинг чекланган миқдорларига ўзгартириш киритиш тўғрисида
Объектларни марказлаштирилган манбалар ҳисобига қуришда ягона буюртмачи хизматлари, дирекциялар, инжиниринг компаниялари (кейинги ўринларда ягона буюртмачи хизматлари деб аталади) ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 16 майдаги 124-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2014 й., 5-сон, 48-модда) билан тасдиқланган Ягона буюртмачи хизматлари (инжиниринг компаниялари) раҳбар ходимлари ва мутахассислари учун белгиланадиган ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тариф коэффициентларига оширувчи коэффициентларнинг чекланган миқдорларининг изоҳ қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«*) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Молия-хўжалик департаменти, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг «Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси» ДУК ва Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар автомобиль йўллари бўйича ҳудудий бошқармалар ҳузуридаги «Минтақавий автомобиль йўллари бўйича буюртмачи хизмати» ДУКнинг ягона буюртмачи хизматлари учун инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ҳажмларидан қатъи назар, 2,0 миқдорида оширилган коэффициент қўлланилади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Ички ишлар вазирлиги ва Мудофаа вазирлигининг ягона буюртмачи хизматлари учун инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ҳажмларидан қатъи назар, 3,0 миқдорида оширилган коэффициент қўлланилади.
**) Оширилган коэффициент миқдори молиялаштиришнинг барча манбалари бўйича инвестиция лойиҳалари ҳажмларига ўзгартиришлар киритилгандан кейин навбатдаги ойдан бошлаб қайта кўриб чиқилади».
2. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — транспорт вазири А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 9 октябрь,
854-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.10.2019 й., 09/19/854/3842-сон)