Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НАВОИЙ ВИЛОЯТИНИНГ ТОМДИ ВА УЧҚУДУҚ ТУМАНЛАРИ ҚОРАКЎЛЧИЛИК ФЕРМАЛАРИНИ ХУСУСИЙЛАШТИРИШНИ ЧУҚУРЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Чўл зонаси шароитларида қоракўлчилик фермаларининг бир меъёрда фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Томди ва Учқудуқ туманлари қоракўлчилик хўжаликлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги фанлар академиясининг қоракўлчилик хўжаликлари фермаларини ёпиқ турдаги акционерлик жамиятларига, фермаларга хизмат кўрсатувчи бўлинмаларни — кооперативларга, хўжаликларнинг ўзларини эса — 1-иловага* мувофиқ уларнинг уюшмасига айлантириш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.
* Илова берилмайди*
2. Томди ва Учқудуқ туманлари қоракўлчилик хўжаликларини хусусийлаштириш тартиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Навоий вилояти ҳокимлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат мулки қўмитаси ва Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлар академияси амалдаги қонунчиликка ва илова қилинаётган Тартибга мувофиқ қоракўлчилик хўжаликларининг 1996 йил охиригача қайта ташкил этсинлар.
3. Томди ва Учқудуқ туманлари акционерлик жамиятларига, уларга хизмат кўрсатувчи кооперативларга ва уюшмаларга, шунингдек вилоятнинг бошқа қоракўлчилик хўжаликларига «Навоийқоракўл» вилоят ишлаб чиқариш бирлашмаси негизида:
маркетинг, қоракўлчиликнинг услубий ва ахборот билан таъминлаш;
маҳсулот сотиладиган бозорларни ўрганиш, экспорт имкониятларини кенгайтириш;
хорижий инвестицияларни жалб этиш, замонавий технологиялар асосида қоракўл териси, жун, гўштни қайта ишловчи, халқ истеъмол моллари ишлаб чиқарувчи қувватлар барпо этиш;
моддий-техника таъминоти, чўпонлар ва уларнинг оила аъзоларининг меҳнат шароитларини яхшилаш каби асосий вазифаларини ҳал этиш учун Навоий вилоят қоракўлчилик акционерлик жамиятлари ва кооперативлари уюшмасини ташкил этиш тавсия қилинсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Қоракўлчилик фермаларини ва ташкил этилаётган уюшмаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида:
1996 — 1998 йилларга Томди ва Учқудуқ туманларининг ёпиқ турдаги қоракўлчилик акционерлик жамиятлари учун бир бош қоракўл қўйини боқиш харажатларига тегишли равишда йилига 70 ва 90 сўм миқдорида дотация белгилансин. Молия вазирлиги икки ҳафта муддатда дотацияни тўлаш тартибини ишлаб чиқсин. Кўрсатиб ўтилган дотациядан солиқ олинмайди ва ҳисобга ўтказиш билан боғлиқ ҳисоб-китоблар амалга оширилганлиги учун ҳақ ундирилмайди;
хусусийлаштирилган фермалар ва уларнинг уюшмалари 3 йилга ер солиғи тўлашдан озод қилинсин;
қоракўл қўйларини боқиш ва фермаларни қишловга тайёрлаш учун 1996 йилга Учқудуқ тумани қоракўлчилик фермаларига 150 тонна ёнилғи-мойлаш материаллари ва 1,5 минг тонна омихта ем, Томди тумани фермаларига 250 тонна ёнилғи-мойлаш материаллари ва 2,5 минг тонна омихта ем мақсадли ажратилсин.
5. Марказий банк, «Пахта-банк» ва «Ўзсаноатқурилишбанк»ка кредитлардан фойдаланганлик учун қўшилган 19,2 млн. сўм миқдоридаги фоизларни белгиланган тартибда ҳисобдан чиқариш, шунингдек банк ссудалари бўйича 109,8 млн. сўм миқдоридаги муддати ўтказиб юборилган ва илгари тўлов муддати кечиктирилган қарзларнинг тўлов муддатини 2000 йилгача кечиктириш;
«Бизнес-фонд» ва «Мадад» агентлигига Томди ва Учқудуқ туманларининг янгидан ташкил этилган хусусийлаштириш субъектларига қоракўлчилик маҳсулотларини қайта ишлаш ва халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш учун технологиялар ва асбоб-ускуналар харид қилишга 3 йил муддатга имтиёзли кредитлар ажратиш тавсия этилсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг ўринбосарлари Р.А. Гиниятуллин, В.А. Чжен зиммасига юклансин.
Мазкур қарорнинг қандай бажарилаётганлиги тўғрисида 1996 йил 10 октябргача ва 1997 йил 20 январгача ахборот берилсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 11 июль,
246-сон
Томди ва Учқудуқ туманларининг қоракўлчилик хўжаликларини хусусийлаштириш
ТАРТИБИ
УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
Ушбу тартиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 19 июндаги 266-ф-сон фармойишига мувофиқ ишлаб чиқилган ва қоракўлчилик хўжаликларини хусусийлаштиришнинг навбатдаги босқичини назарда тутади.
Томди ва Учқудуқ туманларининг қоракўлчилик хўжаликларини хусусийлаштириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
вилоят ҳокимлиги, Давлат мулки қўмитаси, молия, адлия вилоят бошқармалари, туманлар ҳокимликлари, «Пахта-банк»нинг вилоят бўлими, «Навоийқоракўл» ишлаб чиқариш бирлашмаси, манфаатдор ташкилотлар ва корхоналар вакилларидан, шунингдек Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг қоракўлчилик ва бозор ислоҳотлари илмий-тадқиқот институтларининг олимларидан иборат таркибда вилоят комиссияси тузилади;
вилоят комиссияси туманларда қоракўлчилик хўжаликларини хусусийлаштириш бўйича ўтказилаётган ишларни мувофиқлаштириб боради ва қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни таъминлайди;
умумий мажлис қарорига кўра ҳар бир хўжаликда хўжаликларни қайта ташкил этиш ва хусусийлаштириш бўйича ишчи комиссия тузилади.
Ишчи комиссия хўжалик балансида бўлган барча мол-мулкларни қайта рўйхатдан ўтказади, мол-мулкларни акциялаштириш ва хусусийлаштириш қатнашчилари сонини аниқлайди, тегишли далолатномаларни расмийлаштиради.
Ишчи комиссия хусусийлаштириш жараёни қатнашчилари ўртасида хўжаликни қайта ташкил этиш механизми ва тамойиллари тўғрисида тушунтириш ишларини ўтказади, хусусийлаштиришга доир ҳужжатларнинг тегишли пакетини тайёрлайди ва уни тегишли экспертизадан ўтказиш учун вилоят комиссиясига топширади.
Хўжаликнинг ишчи комиссияси вилоят комиссиясининг хулосасини олгач уларни умумий мажлисга кўриб чиқиш учун киритади, умумий мажлис мол-мулкни баҳолашнинг йиғма далолатномасини ва хусусийлаштириш режасини тасдиқлайди. Хусусийлаштириш режасига мувофиқ Навоий вилояти уюшмасининг туман ҳокимлиги билан келишилган қарори асосида хўжалик, акционерлик жамияти, кооператив ҳар бир аъзосининг мол-мулкка бўлган ҳуқуқлари расмийлаштирилади.
Қоракўлчилик хўжаликлари негизида ташкил этиладиган акционерлик фермалари, кооперативлар ва уларнинг уюшмалари қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади, мустақил балансга ва банк муассасаларида ҳисоб рақамларига эга бўлишади, ўзаро муносабатларини шартнома асосида ўрнатишади.
ФЕРМАЛАРНИ ХУСУСИЙЛАШТИРИШ
Қоракўлчилик хўжаликларининг барча фермалари ёпиқ турдаги акционерлик жамиятларига айлантирилади. Фермаларнинг хусусийлаштириш кунидаги доимий ходимлари ва улар билан боғлиқ бўлинмаларнинг ходимлари бундай жамиятнинг таъсисчилари ҳисобланадилар. Хусусийлаштирилаётган фермалардаги барча турдаги чорва моллари, мол-мулклар ва объектлар, шу жумладан қудуқлар, кошарлар ва бошқа иморатлар далолатномалар бўйича уларга мулк қилиб берилади. Далолатномаларда фермалар янги эгаларининг чорва молларини сақлаш бўйича яқин 5 йил учун аниқ мажбуриятлари кўрсатилади. Далолатнома ишчи комиссия ва хусусийлаштирилган фермаларнинг ишончли шахслари томонидан тасдиқланади.
Мол-мулклар қиймати амалдаги тартибга мувофиқ баҳоланади. Асосий фондлар ва айланма маблағлар акционерлик жамиятининг устав фондини ташкил этади. Устав фонди асосида акциялар чиқарилади ва тақсимланади. Ферма рентабелли ишлаган тақдирда жамият аъзолари — муассислар дивидендлар олишади.
Акционерлик жамиятларида (фермаларда) эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда кошар-бригадалар, қўзиларни сўйиш, териларга дастлабки ишлов бериш ва қўйлар жунини олиш пунктлари, қўйларни озуқа ва сув билан таъминлаш бўлинмалари мавжуд бўлади. Ушбу бўлинмаларнинг ходимлари ҳам мазкур ферманинг акционерлари ҳисобланишади.
Фермалар жамоаларига мулк қилиб берилаётган мол-мулкни баҳолашда мавжуд барча пассивлар (хўжаликнинг қарзлари) чорва молларининг ҳар бош мол ҳисобидаги қийматига қўшилади.
Фермаларни мулк қилиб бериш далолатномасини тузиш чоғида, ҳар 100 бош мол ҳисобига тўғри келадиган яйловлар миқдорини, яйловлар оборотини ва чўпон бригадаларини жойлаштиришнинг қарор топган тартибини ҳисобга олган ҳолда, фермаларга ер майдонларини бириктириш тўғрисидаги далолатнома ҳам тузилади.
ХИЗМАТ КЎРСАТУВЧИ КООПЕРАТИВЛАР
Мол-мулкнинг (асосий ва айланма фондларининг) бир қисми, яъни фермалар ва собиқ хўжаликларнинг ишлаб чиқариш-техника хизмати кўрсатиш объектлари негизида ёпиқ турдаги акционерлик жамиятлар томонидан хизматлар кўрсатишга — зооветеринария ва техника ёрдами беришга, қўйларни сунъий қочиришга, қўйлар жунини олишга ва териларга дастлабки ишлов беришга, қудуқлар ва сувлоқларни тузатишга ихтисослаштирилган кооперативлар ташкил этилади. Кооперативнинг устав фонди ёпиқ турдаги жамият акционерлари томонидан мавжуд мол-мулклар ҳисобига шакллантирилади.
Хизмат кўрсатувчи кооперативнинг мол-мулки, акцияларнинг тақсимланган улушига мувофиқ, акционерлик фермаларига ва кооператив жамоасига тегишли бўлади.
Кооператив акционерларнинг махсус қарорисиз фаолият йўналишини ўзгартириш ҳуқуқига эга эмас, у акционерлик фермаларага кўрсатиладиган хизматлар турини кенгайтириши мумкин. Аъзолардан бири кооперативдан чиқаётганда унинг мол-мулк қийматидаги улуши аниқланади ва кооперативнинг пассивлари ва активларини ҳисобга олган ҳолда жамоа умумий мажлиси қарорига биноан унга пул товони тўланади ёки уни кўпи билан бир йил муддатда тўлаш тартиби белгиланади.
Фермалар (акционерлик жамиятлари) ва кооперативларнинг ўзаро муносабатлари ҳар йили тузиладиган шартнома шартларига биноан ўрнатилади. Кооперативнинг рентабеллигини асоссиз равишда ошириш ҳолларига йўл қўймаслик ҳамда унинг ферма ишларининг пировард натижаларидан манфаатдорлигини кучайтириш мақсадида акционерлик фермалари ва кооператив қўшма қарор билан моддий-техника ресурсларига ва кўрсатиладиган хизматларга ўзаро мақбул нархлар ва тарифлар белгилашади.
АКЦИОНЕРЛИК ФЕРМАЛАРИ ВА КООПЕРАТИВЛАР УЮШМАСИ
Акционерлик фермалари ва уларга хизмат кўрсатувчи кооперативлар томонидан Акционерлик жамиятлари ва кооперативлар уюшмаси таъсис этилади. Фермалар ва кооперативларнинг ишлаб чиқаришни ташкил этиш, зооветеринария ва наслчилик ишларини юритиш, яйловларни яхшилаш ва тиклаш, моддий-техника таъминоти ва маҳсулотларни сотиш муаммоларини ҳал этиш, банклар ва молия органлари билан ўзаро муносабатлар масалаларидаги фаолиятини мувофиқлаштириб бориш уюшманинг асосий вазифалари ҳисобланади. Ушбу функциялар акционерлик фермалари ва кооперативлар томонидан уюшмаларга берилади, у тегишли шартномалар билан белгилаб қўйилади.
Уюшма ходимлари ёллаш тартибида ишлайдилар ҳамда акционерлик фермалари ва кооперативларнинг ажратмалари, кўрсатилган хизматлар учун йиғимлар ҳисобидан маблағ билан таъминланадилар. Уюшма ишларига таъсис мажлисида 3 йил муддатга сайланадиган бошқарув раҳбарлик қилади.
Белгиланган мақсадда фойдаланиш учун мактабларни, болалар боғчаларини, яслиларни, фельдшерлик-акушерлик пунктларини ва бошқа ижтимоий-маданий-маиший объектларни ҳокимликлар ва тегишли идоралар балансига бериш хусусийлаштириш шартларидан бири ҳисобланади.
АКЦИОНЕРЛИК ЖАМИЯТЛАРИ ВА КООПЕРАТИВЛАРНИНГ ВИЛОЯТ УЮШМАСИ
«Навоийқоракўл» Навоий вилояти ишлаб чиқариш бирлашмаси негизида қайд этилган ҳамда бошқа туманларнинг акционерлик фермалари ва кооперативлари томонидан акционерлик жамиятлари ва кооперативларнинг вилоят уюшмаси таъсис этилади.
Қоракўлчилик фаолиятини маркетинг, услубий ва ахборот билан таъминлаш, маҳсулотларни сотиш бозорларини ўрганиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, маҳсулотлар экспортини кенгайтириш, янги ишчи ўринлари яратиш, қоракўлчилик фермалари ва хизмат кўрсатувчи кооперативларни моддий-техникавий таъминлашга кўмаклашиш уюшманинг асосий вазифалари ҳисобланади.
Вилоят уюшмасига ушбу ҳуқуқлар ва мажбуриятлар акционерлик жамиятлари ва кооперативларнинг таъсис мажлисида берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.