Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЭЛЧИХОНАЛАРИДА САВДО-ИҚТИСОДИЙ МАСАЛАЛАР БЎЙИЧА МАСЛАҲАТЧИ ЛАВОЗИМИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий алоқаларини кенгайтириш, дипломатия ваколатхоналари томонидан савдо-иқтисодий тусдаги масалаларни самарали ҳал этиш, ҳамкорликнинг янги соҳалари ва истиқболли шаклларини аниқлаш, шунингдек, чет эл инвестицияларини жалб этишга кўмаклашиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг 1-иловага мувофиқ чет эллардаги элчихоналарининг штат жадвалига қўшимча равишда савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи лавозими киритилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси элчихоналарининг штат жадвалига 1-иловага мувофиқ тегишли ўзгартиришлар киритсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 1-иловага мувофиқ савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиларнинг штат бирликларини молиявий таъминлаш учун зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи лавозими Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги номенклатурасига киради;
савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи лавозимга Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг тақдимномасига кўра Ташқи ишлар вазирининг буйруғи билан тайинланади;
лавозимга кадрлар танлаш ва уларни кейинчалик алмаштириш Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишган ҳолда Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги томонидан амалга оширилади;
савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчини маблағ билан таъминлаш, унга иш ҳақи тўлаш ва унинг ижтимоий-маиший харажатлари элчихонани маблағ билан таъминлаш смета харажатлари ҳисобига амалга оширилади;
савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчининг фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Элчиси раҳбарлигида амалга оширилади ва у Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига ҳисоб беради;
савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи элчихонадаги иш даврида дипломатия ходимига берилган барча имтиёзлар ва шахсий дахлсизликдан фойдаланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги норматив-ҳуқуқий қоидаларининг барча талабларини бажаради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 8 июль,
238-сон
Штат жадвалига савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этиш мўлжалланаётган Ўзбекистон Республикаси элчихоналари
1. Ўзбекистон Республикасининг Австриядаги элчихонаси.
2. Ўзбекистон Республикасининг Бельгиядаги элчихонаси.
3. Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британиядаги элчихонаси.
4. Ўзбекистон Республикасининг Германиядаги элчихонаси.
5. Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистондаги элчихонаси.
6. Ўзбекистон Республикасининг Хитойдаги элчихонаси.
7. Ўзбекистон Республикасининг Латвия, Литвадаги элчихонаси.
8. Ўзбекистон Республикасининг Россиядаги элчихонаси.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 12 январдаги ПҚ-563-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган)
10. Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги элчихонаси.
11. Ўзбекистон Республикасининг Украинадаги элчихонаси.
12. Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонаси.
13. Ўзбекистон Республикасининг Жанубий Кореядаги элчихонаси.
14. Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги элчихонаси.
Ўзбекистон Республикаси элчихонаси таркибидаги савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи (мақоми ва функционал вазифалари) тўғрисида
НИЗОМ
1. Савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи (кейинги ўринларда маслаҳатчи деб аталади) савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикасининг вакили ҳисобланади.
2. Маслаҳатчининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тартибга солинади, Ўзбекистон Республикаси Элчисининг раҳбарлиги остида амалга оширилади ва ўз фаолияти ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига ҳисоб беради.
3. Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги элчихоналаридаги маслаҳатчилар лавозимларини тўлдириш Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги томонидан ўз кадрлар аппарати ҳисобига амалга оширилади.
Маслаҳатчи Ташқи ишлар вазирлиги билан келишган ҳолда бир вақтнинг ўзида Ташқи ишлар вазирлиги ихтиёрига хизмат сафарига юборилган ҳолда Ташқи иқтисодий алоқалар вазирининг буйруғи билан лавозимга тақдим этилади.
Ташқи ишлар вазирлиги Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг тақдимномаси асосида Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги элчихонасига савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчини лавозимга белгиланган тартибда тайинлайди.
Маслаҳатчи лавозимини эгаллаб турган шахслар Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги элчихоналарида хизмат муддати тамом бўлгандан кейин Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг кадрлар аппаратига қайтадилар.
4. Маслаҳатчи Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги элчихонасида ишлаш учун одатда икки йилгача муддатга юборилади, бу муддат яна бир йилга узайтирилиши мумкин.
5. Зарур ҳолларда тегишли тайёргарлик кўриш, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, ваколатхоналари ва чет элдаги муассасалари аппаратининг иши, амалиёти ва ўзига хослигини ўрганиш учун маслаҳатчи Ташқи ишлар вазирлиги марказий аппаратида уч ойдан кўп бўлмаган муддатда стажировка ўтайди.
6. Заруриятга кўра, унга юкланган функцияларни оператив ҳал этиш учун маслаҳатчи Элчининг розилиги билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида ходимларнинг қўшимча штатини шакллантиришга оид таклифлар киритади.
7. Маслаҳатчи ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суверенитетини ва иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш принципларига, халқаро иқтисодий ҳуқуқнинг умум томонидан тан олинган нормалари ва принципларига амал қилиши зарур.
Ушбу принципларни таъминлаш учун маслаҳатчи қуйидаги асосий вазифаларни ҳал этади:
ўзи турган мамлакатда Ўзбекистон Республикаси давлат ташқи иқтисодий сиёсати ўтказилишига кўмаклашади;
ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича таклифлар ишлаб чиқилишида ва халқаро шартномалар тузишга доир музокараларда қатнашади;
ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича халқаро шартномалар бажарилишини кузатади;
ташқи иқтисодий фаолиятнинг ўзбекистонлик қатнашчилари билан ўзи турган мамлакатнинг ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликнинг ривожланишига кўмаклашади;
ташқи иқтисодий фаолиятнинг ўзбекистонлик қатнашчилари томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва халқаро мажбуриятларга риоя қилиниши, уларнинг ўзи турган мамлакатдаги фаолиятини назорат қилади;
ташқи иқтисодий фаолиятнинг ўзбекистонлик қатнашчиларига ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатади.
8. Ушбу вазифаларни ҳал этиш учун савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи:
Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий сиёсатини юритиш манфаатларини кўзлаб ўзи турган мамлакатнинг расмий ва ишбилармон доиралари билан алоқага киришади;
экспорт назоратини, Ўзбекистон товарларини экспорт қилишдан олинадиган валюта тушумларини таъминлаш тадбирларида қатнашади;
ўзи турган мамлакатнинг савдо режимларини, шунингдек савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг аҳволи ва истиқболларини таҳлил этади, шунинг асосида унинг самарадорлигини ошириш юзасидан ўз тавсияларини тайёрлайди ва тегишли ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги раҳбариятига юборади;
ўзи турган мамлакатнинг иқтисодий, валюта-молиявий аҳволини, унинг ташқи иқтисодий алоқалари ривожланишининг ҳолати ва тамойилларини, ташқи иқтисодий, тадбиркорлик ва инвестиция фаолияти соҳасидаги қонунчилигини, товарлар ва хизматлар бозорида тижорат ишлари хусусиятларини, сифатга, сертификациялашга, стандартларга, экологик нормативларга қўйиладиган талабларни ўрганади, ушбу масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигини хабардор қилади;
ўзи турган мамлакатнинг давлат бошқаруви органлари олдида ташқи иқтисодий фаолиятнинг ўзбекистонлик қатнашчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини кўради ҳамда ушбу мамлакатлар давлат бошқаруви органларидан ушбу шарт-шароитлар учун зарур бўлган дастлабки ахборотни олади;
ўзи турган мамлакатда давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб беришга доир мажбуриятлар бажарилишини, кредит битимлари амалга оширилишини, шунингдек ҳукуматлараро битимлар доирасида комплект асбоб-ускуналар етказиб берилишини назорат қилади;
шериклар излаш ва танлашда, Ўзбекистон Республикасининг ва ўзи турган мамлакатнинг ташкилотлари ва фирмалари ўртасида ташқи савдо битимлари тузишга оид музокаралар ўтказилишига кўмаклашади;
Ўзбекистон Республикаси ва ўзи турган мамлакатнинг ишбилармон доиралари учун ярмаркалар, тақдимотлар ва учрашувлар ташкил этилиши юзасидан уларнинг ўтказилишига кўмаклашади;
савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссиялар ишида ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг топшириғи бўйича халқаро иқтисодий ташкилотлар фаолиятида қатнашади;
Ўзбекистон Республикасининг ўзи турган мамлакатга нисбатан ташқи-иқтисодий сиёсати стратегияси бўйича таклифларни белгиланган тартибда тайёрлайди;
ўзи турган мамлакатда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига бириктирилган давлат мулкини бошқаради;
ўз фаолиятида рақобат курашининг ноҳалол усулларига йўл қўювчи фирмалар ҳисобини юритади ва зарур ҳолларда улар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига маълум қилади;
ташқи иқтисодий фаолиятнинг ўзбекистонлик қатнашчиларига нисбатан йўл қўйилган камситиш ва мажбуриятларни бузиш ҳолларини аниқлайди, уларни бартараф этишга доир таклифлар киритади.
Кейинги таҳрирга қаранг.