Хоразм вилояти ҳокимининг
қарори
Хоразм вилоятида ичимлик суви таъминоти хизматлари тарифларига махсус устама ҳақ тўлаш миқдорини белгилаш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг 2021 йил 26 майдаги 27-141-сонли «Хоразм вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 3 июндан ўз кучини йўқотади.
«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги «Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5017-сонли Фармонига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-2900-сонли қарорига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2017 йил 15 декабрдаги 05/1-804-сонли «Ичимлик суви таъминоти хизматлари тарифларига махсус устама ҳақ белгилаш тўғрисида»ги топшириғининг ижросини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2017 йил 15 декабрдаги 05/1-804-сонли «Ичимлик суви таъминоти хизматлари тарифларига махсус устама ҳақ белгилаш тўғрисида»ги топшириғи ижро учун қабул қилинсин.
2. 2018 йил 1 февралдан бошлаб вилоятда сув таъминоти бўйича амал қиладиган тарифларни шакллантириш жараёнида 20 сўм махсус устама ҳақ миқдори харажатлар таркибига киритилсин.
3. Вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси (О. Холбоев) йигирма кун муддатда:
вилоятнинг хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ёки турар-жой ва нотурар-жой мулкдорлари билан шартнома асосида кўп хонадонли уй-жой фондини ҳамда унинг атрофидаги ҳудудларни сақлаш ва фойдаланиш борасидаги тизимли ишларни самарали ташкил қилиш борасида;
кўп хонадонли уй-жой фондини мавсумий фойдаланишга ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш борасида ҳамда кўп хонадонли уй-жой фондини мукаммал ва жорий таъмирлаш шунингдек кўп хонадонли уй-жой фонди теварак-атрофидаги ҳудудни ободонлаштириш сув таъминоти ва оқава хизматлар тизимини, иссиқлик таъминоти тизимини мукаммал таъмирлаш, реконструкция қилиш ва қуриш бўйича 2018 йилга мўлжалланган манзилли рўйхатлар шакллантириб тасдиқлаш учун киритсин.
4. Мазкур қарор «Хоразм хақиқати» ва «Хорезмская правда» газеталарида эълон қилинсин.
5. Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги «Вилоят компьютерлаштириш маркази» ДУК (С. Садиқов) мазкур қарорни вилоят ҳокимлигининг xorazm.uz расмий веб-сайтига жойлаштирилишини таъминласин.
6. Ушбу қарорнинг ижросини назорати вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш. Абдуллаев зиммасига юклансин.
Ҳоким И. САБИРОВ
Урганч ш.,
2018 йил 7 февраль,
71қ-сон