Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Беларусь Республикаси Ҳукумати ўртасида
Баённома
1994 йил 22 декабрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Хукумати билан Беларусь Республикаси Ҳукумати ўртасида Халқаро автомобиль транспорти қатнови тўғрисидаги Битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Беларусь Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
икки давлат ташувчилари учун қулай режим яратиш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
1994 йил 22 декабрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Беларусь Республикаси Ҳукумати ўртасида халқаро автомобиль транспорти катнови тўгрисидаги Битимга қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин (кейинги ўринларда — Битим);
1. Битимнинг 1-моддаси 3-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. «Рухсатнома» тушунчаси Аҳдлашувчи томонлар давлатларининг ҳудудлари ўртасида, уларнинг ҳудудларидан транзит тарзда, шунингдек, бошқа Аҳдлашувчи томон давлати ҳудудидан учинчи давлат ҳудудига ва/ёки учинчи давлат ҳудудидан бошқа Аҳдлашувчи томон давлати ҳудудига (йўл йиғимлари тўлови билан ёки йўл йиғимлари тўловисиз) амалга ошириладиган ташишлар ҳуқуқини берувчи ҳужжатни англатади»;
2. Битимнинг 1-моддаси 4-бандидаги, 2-моддаси 2-бандидаги, 8-моддаси иккинчи хатбошисидаги ва 14-моддасидаги «Аҳдлашувчи томонларнинг» сўзлари «Ахдлашувчи томонлар давлатларининг» сўзлари билан алмаштирилсин;
3. Битимнинг 1-моддаси 7-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«7. «Ваколатли органлар» тушунчаси қуйидагиларни англатади:
Ўзбекистон Республикаси учун — Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги;
Беларусь Республикаси учун — Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги.»;
4. Битимнинг 3-моддасидаги «иккала Аҳдлашувчи томонларнинг» сўзлари «иккала Аҳдлашувчи томонлар давлатларининг» сўзлари билан алмаштирилсин;
5. Битимнинг 4-моддасидаги «иккинчи Аҳдлашувчи томоннинг», 8-моддаси биринчи хатбошидаги ва 12-моддасидаги «бошқа Аҳдлашувчи томоннинг» сўзлари «бошқа Ахдлашувчи томон давлатининг» сўзлари билан алмаштирилсин;
6. Битимнинг 4 ва 11-моддаларидаги «бир Аҳдлашувчи томоннинг» сўзлари «бир Аҳдлашувчи томон давлатининг» сўзлари билан алмаштирилсин;
7. Битимнинг 6-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Аҳдлашувчи томонлар давлатларининг ҳудудлари ўртасида, уларнинг ҳудудларидан транзит тарзда юк ташишлар, шунингдек, бошқа Аҳдлашувчи томон давлати ҳудудидан учинчи давлат ҳудудига ва/ёки учинчи давлат ҳудудидан бошқа Аҳдлашувчи томон давлати ҳудудига юк ташишлар Аҳдлашувчи томонлар давлатларининг ваколатли органлари тарафидан бериладиган рухсатномалар асосида амалга оширилади, мазкур Битимнинг 7-моддасида назарда тутилган ташишлар бундан мустасно.
2. Ҳар бир автотранспорт воситаси учун алоҳида рухсатнома берилиши лозим. Ҳар бир шундай рухсатнома бир маротаба манзилга бориш ва қайтишни амалга ошириш ҳуқуқини беради.
3. Рухсатнома ҳар бир механик узатмали автотранспорт воситаси учун талаб этилади. У бир вақтнинг ўзида тиркама ёки ярим тиркама учун ҳам, унинг рўйхатга олинган жойидан қатъи назар, ҳақиқий ҳисобланади. Ташиш жараёнида тиркама ёки ярим тиркама алмаштирилган тақдирда қўшимча рухсатнома талаб этилмайди.
4. Аҳдлашувчи томонлар давлатларининг ваколатли органлари ҳар йили тенг шартлар асосида (йўл йиғимлари тўлови билан ёки йўл йиғимлари тўловисиз) юкларни ташиш учун рухсатнома бланкалари сонини ўзаро келишиб оладилар ва бир-бирларига тақдим қиладилар. Йил давомида берилган рухсатномалар келгуси йилнинг 31 январига қадар ҳақиқий ҳисобланади».
8. Битимнинг 7-моддаси 1-банди қуйидаги мазмундаги з) кичик банди билан тўлдирилсин:
«з) юк кўтариш қобилияти тиркама билан 3,5 тонна ёки рухсат этилган умумий оғирлиги тиркама билан бирга 6,0 тоннагача бўлган автотранспорт воситаларида амалга ошириладиган ташишда.»;
9. Битимнинг 9-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ташувчилар ва уларнинг автотранспорт воситалари экипажлари бошқа Аҳдлашувчи томон давлати ҳудудида ташишларни амалга оширишда мазкур Аҳдлашувчи томон давлатининг миллий қонунчилигига, шунингдек, Аҳдлашувчи томонларнинг давлатлари иштирокчилар ҳисобланган халқаро шартномалар коидаларига риоя этишлари лозим.»;
10. Битимнинг 11-моддаси «ушбу Аҳдлашувчи томон» сўзларидан сўнг «давлатининг» сўзи билан тўлдирилсин;
11. Битимнинг 13-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Бир Аҳдлашувчи томон давлати ташувчиси томонидан бошқа Аҳдлашувчи томон давлатининг ҳудудида жойлашган икки пункт оралиғида амалга ошириладиган йўловчи ёки юкларни ташиш (каботаж) тақиқланади.»;
12. Битимнинг 16-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Ушбу Битим доирасида ташишларни амалга ошираётган ва йиғимларни тўламаслик ҳуқуқини берувчи рухсатномага эга бўлган бир Ахдлашувчи томон давлатининг автотранспорт воситалари автотранспорт воситасига эгалик қилиш ёки ундан фойдаланиш, бошқа Ахдлашувчи томон давлатининг автомобиль йўлларидан фойдаланиш ёки уларни саклаш билан боғлиқ йиғим ва тўловлардан ўзаро озод этилади, қуйидагилар бундан мустасно:
автотранспорт воситасининг вазни, габаритлари ва юк кўтариш қобилияти ушбу Аҳдлашувчи томон давлатининг миллий қонунчилигида белгиланган меъёрлардан ошиб кетганлиги учун йиғим ва тўловлар;
пуллик автомобиль йўллари, автомагистраллар, кўприклар ва тоннеллардан фойдаланганлик учун йиғим ва тўловлар, башарти бундай йиғим ва тўловлар, шу жумладан, ушбу Аҳдлашувчи томон давлатининг автотранспорт воситаларидан ҳам ундирилиши лозим бўлса.
2. Ушбу Битимга асосан ташишлар амалга оширилаётганда, қуйидагилар бошқа Аҳдлашувчи томон давлатининг ҳудудига вақтинча олиб киришда божхона тўлов ва йиғимларидан тегишли Аҳдлашувчи томон давлатининг миллий қонунчилигида ўрнатилган тартибда озод этилади:
а) ишлаб чиқарувчи завод томонидан ҳар бир автотранспорт воситаси модели учун кўзда тутилган, двигателнинг таъминот тизими билан технологик ва конструктив боғлиқ бўлган сиғимлардаги ёқилғи, шунингдек, рефрижераторнинг совутгич ускуналари ишлаши учун мўлжалланган ёқилғи;
б) ташиш жараёнида автотранспорт воситасини нормал эксплуатация қилиш учун зарур миқдордаги мойлаш материаллари;
в) халқаро ташишларни бажараётган автотранспорт воситаларини таъмирлаш учун мўлжалланган эҳтиёт қисмлар ва асбоблар.
3. Асбоблар ва фойдаланилмаган эҳтиёт қисмлар қайта олиб чиқиб кетилиши лозим, алмаштирилган эҳтиёт қисмлар эса Аҳдлашувчи томон давлатининг ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши ёки йўқ қилиниши ёхуд тегишли Аҳдлашувчи томон давлатининг миллий қонунчилигида белгиланган тартибда топширилиши лозим.»;
13. Битим қуйидаги мазмундаги 191-модда билан тўлдирилсин:
«191-модда
Ушбу Битимга Аҳдлашувчи томонларнинг ўзаро келишуви асосида унинг ажралмас кисми ҳисобланадиган ва Битимнинг 20-моддасида белгиланган тартибда кучга кирадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.».
2-модда
Мазкур Баённома Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади ва Аҳдлашувчи Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида охирги ёзма хабарнома олинган санадан бошлаб кучга киради ҳамда Битим билан бир вақтда унинг амал қилиши тугатилади.
Тошкент шаҳрида 2018 йил 13 сентябрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, беларус ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Баённома қоидаларини талқин килишда рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)