Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Давлат тиббиёт ташкилотларига ҳамда аҳолига дори воситаларини етказиб беришни такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, давлат тиббиёт ташкилотларига ҳамда аҳолига дори воситалари ва тиббиёт буюмларини узлуксиз етказиб бериш тадбирларини жадаллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги томонидан берилган 300 млрд сўм миқдордаги фоизсиз бюджет ссудасининг 260 млрд сўмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қайтарганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдуҳакимов ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шадманов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 1 август,
642-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 1 августдаги 642-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Dori-Darmon» акциядорлик компаниясини бошқариш самарадорлигини ва «Ozmedimpeks» давлат унитар корхонасининг молиявий барқарорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 22 октябрдаги 849-сон қарорининг 8-банди тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Молия вазирлиги томонидан ажратилган 300 млрд сўм миқдордаги фоизсиз бюджет ссудасининг 260 млрд сўмини 2019 йил 1 июлгача, қолган 40 млрд сўмини 2019 йил 1 декабргача бўлган муддатда қоплаши тўғрисидаги таклифига розилик берилсин».
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат тиббиёт ташкилотлари ҳамда республика аҳолисини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 1 мартдаги 185-сон қарорининг 5-бандидаги «эндокринологик касалликларга» сўзлари «эндокринологик ва гемофилия касалликларига» сўзлари билан алмаштирилсин.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 02.08.2019 й., 09/19/642/3626-сон)