Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси кенгашининг
Қарори
ТАҲРИР ГУРУҲИ ТУЗИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг Олий Мажлис ўн бешинчи сессиясидаги нутқида баён этилган таклифни амалга ошириш ҳамда парламентда қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг тили равон бўлишини, юридик атамалар барча ҳужжатларда тўғри ва бир хил қўлланилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида қуйидаги таркибдаги таҳрир гуруҳи тузилсин:
| Орипов Абдулла Орипович | — | Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси раиси (гуруҳ раҳбари) |
| Миролимов Миракмал Мираҳматович | — | Котибият Матбуот ва таржималар бўлимининг мудири (гуруҳ котиби) |
| Воҳидов Эркин Воҳидович | — | Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг раиси |
| Йўлдошев Абдуқаҳҳор Абдураҳмонович | — | Котибият Юридик бўлимининг мудири |
| Қодиров Пиримқул Қодирович | — | Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари |
| Ғофуров Иброхим Усмонович | — | «Миллий тикланиш» газетасининг бош муҳаррири |
| Ҳошимов Ўткир Ҳошимович | — | Матбуот ва ахборот қўмитасининг раиси |
2. Таҳрир гуруҳига Олий Мажлис ўн бешинчи сессиясида қабул қилинган барча ҳужжатларнинг ўзбек тилидаги матнини синчковлик билан кўриб чиқиш, уларни Давлат тили ҳақидаги Қонун талабларига мос ҳолга келтириш, юридик атамалар тўғри ва бир хил қўлланилишини таъминлаш топширилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Раиси Э. ХАЛИЛОВ
Тошкент ш.,
1999 йил 24 август,
846-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 й., 8-сон, 200-модда)