Тошкент шаҳар ҳокимининг
Қарори
Тошкент шаҳрида ичимлик сув таъминоти ва канализация хизматлари тарифларига махсус устама ҳақ миқдорини белгилаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-2900-сонли (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 17-сон, 291-модда) 2018 йил 30 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4040-сонли (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2018 й., 48-сон, 923-модда) ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 январдаги «Тошкент шаҳрининг уй-жой коммунал инфратузилмасини бошқаришни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 5-сонли (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси) қарорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2019 йил 25 февралдаги 05/1-4774-сонли топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида, қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2019 йил 25 февралдаги 05/1-4774-сонли топшириғи ижро учун қабул қилинсин.
2. Тошкент шаҳридаги истеъмолчилар учун:
ичимлик сув таъминоти хизматлари учун Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 12 январдаги 69-сонли қарори билан белгиланган махсус 100 сўм/м3 миқдоридаги устама ҳақ 2019 йилдан амал қилиниши узайтирилсин;
канализация хизматлари учун махсус устама ҳақ миқдори — 100 сўм/м3 этиб белгилансин.
3. Ичимлик сув ва канализация таъминоти хизматлари тарифлари бўйича белгиланган махсус устама ҳақ мақсадли тушум ҳисобланиб, барча солиқ турларини ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблашда солиққа тортиладиган базага киритилмаслиги, шунингдек ичимлик ва оқова сув таъминоти ташкилотларининг молиявий натижалари тўғрисидаги ҳисоботида акс эттирилмаслиги инобатга олинсин.
4. Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари (Б. Рахманкулов), «Сувсоз» давлат унитар корхонаси (Т. Мирхидоятов):
ичимлик сув ва канализация таъминоти хизматлари тарифларига махсус устама ҳақ маблағларини жамлаш учун «Сувсоз» давлат унитар корхонасига хизмат кўрсатувчи банкдаги очилган махсус ҳисоб рақамига жамланган кунлик тушум бўйича махсус устама ҳақ Тошкент шаҳар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш Бош бошқармаси ҳузуридаги Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармасига 40 фоизи йўналтирилиши таъминлансин.
5. «Тошкент оқшоми» ва «Вечерний Ташкент» газеталари таҳририяти (А. Акромов), Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш бўлими (Ф. Аминов), Матбуот хизмати (Х. Эргашев):
ушбу қарор расмий эълон қилиниши ва www.toshkent.uz веб-сайтига жойлаштирилиши таъминлансин.
6. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Б. Рахманкулов зиммасига юклатилсин.
Тошкент шаҳар ҳоким Ж. АРТИКХОДЖАЕВ
Тошкент ш.,
2019 йил 2 апрель,
499-сон