Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
«Oʻzbekiston tarixi» телеканалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ватанимизнинг қадимий ва бой тарихини чуқур ўрганиш, ушбу йўналишдаги илмий-тадқиқот ишларини фаоллаштириш, ёш авлодни миллий қадриятлар ва аждодларимизнинг бебаҳо мероси асосида тарбиялаш, жамиятда ватанпарварлик ва ўз халқи билан ғурурланиш туйғусини шакллантириш асосида миллий ўзликни англаш ҳиссини мустаҳкамлаш ва ватандошларимиз дунёқарашини кенгайтириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (кейинги ўринларда — Ўзбекистон МТРК), Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, Фанлар академияси, Республика «Маънавият ва маърифат» маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасининг 2019 йил 1 сентябрдан «Oʻzbekiston tarixi» телеканалини ташкил этиш тўғрисида республиканинг кенг жамоатчилиги томонидан қўллаб-қувватланган таклифи маъқуллансин.
2. Қуйидагилар «Oʻzbekiston tarixi» телеканали фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари деб ҳисоблансин:
минг йиллар қаърига илдиз отган Ўзбекистоннинг кўҳна ва бой тарихи, халқимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ғоят катта илмий, маданий ва маънавий ҳиссаси ҳақида мамлакатимиз аҳолисини, шунингдек, чет эл жамоатчилигини кенг кўламда хабардор қилиш;
ҳар бир воқеанинг мазмун-моҳиятини изчил ва тизимли очиб бериш орқали буюк тарихимизнинг барча даврларини чуқур илмий тадқиқотларнинг холисона натижалари асосида кўрсатиб берувчи ахборот-таҳлилий ва мавзули телекўрсатувлар, ток-шоу, «давра суҳбатлари»ни юқори профессионал ва ғоявий-бадиий савияда тайёрлашни ташкиллаштириш;
буюк ватандошларимиз — олимлар, мутафаккирлар ва азиз-авлиёлар, шоир ва ёзувчилар, саркардалар, давлат арбобларининг бебаҳо меросини кенг кўламда ўрганиш ва оммалаштириш мақсадида уларнинг ҳаёт йўли ва қаҳрамонлиги тўғрисида, шунингдек, дунё аҳамиятига эга бўлган Ўзбекистон энг янги тарихининг ғоят ёрқин ва унутилмас саҳифалари ҳақида ҳикоя қилувчи илмий-оммабоп дастурлар ва ҳужжатли фильмлар туркумларини яратиш;
доимий ишлаб турувчи телевизион студия — «мунозара майдончаси» фаолиятини таъминлаш, Ўзбекистон тарихи бўйича илмий тадқиқотлар натижаларини, маданий ва кўҳна ёдгорликларни сақлаш билан боғлиқ муаммоларни, шунингдек, халқимиз тарихига тааллуқли ва умуммиллий аҳамиятга эга бўлган бошқа ғоят муҳим масалаларни очиқ муҳокама қилиш учун олимлар, тарихчилар, тадқиқотчилар, ўқувчи ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакилларини таклиф қилиш;
чет элларга ижодий сафарлар давомида халқимизнинг моддий ва номоддий мероси, Ўзбекистон тарихи билан боғлиқ бўлган нодир қўлёзмалар, китобларни излаш, амалий санъат буюмлари ҳамда музейлар коллекцияларида, хорижий давлатларнинг илмий марказларида, шунингдек, жаҳон тарихий меросини ўрганаётган жамғармаларда сақланаётган қимматли топилмаларни ўрганиш натижалари бўйича махсус телекўрсатувлар тайёрлаш;
хорижий телеканаллар, илмий-тадқиқот марказлари ва жамғармалар томонидан тайёрланган, жаҳон тарихининг аҳамиятли лавҳаларини акс эттирувчи, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида минг йиллар давомида содир бўлган тарихий жараёнлар билан боғлиқ бўлган воқеалар ва шахслар тўғрисида ҳикоя қилувчи кўрсатувларни сотиб олиш, ўзбек тилига таржима қилишни ташкиллаштириш ва миллий телерадиоканаллар эфирларида жойлаштиришга кўмаклашиш;
Ўзбекистон тарихи ва жаҳон тарихида ёрқин из қолдирган воқеалар ва шахсларга бағишланган маҳаллий ва хорижий бадиий фильмларни мунтазам намойиш қилиш, шунингдек, ушбу мавзу бўйича мамлакатимиз кино санъати усталари билан бадиий фильмлар ва телесериаллар яратишда иштирок этиш.
3. Ўзбекистон МТРК таркибига кирувчи ташкилотлар ходимлари сонини оптималлаштириш ҳисобига шакллантириладиган, ходимларининг чекланган умумий сони 116 нафардан иборат бўлган, «Oʻzbekiston» телерадиоканали» давлат унитар корхонаси қошидаги «Oʻzbekiston tarixi» телеканалининг тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилансинки, «Oʻzbekiston tarixi» телеканали:
Ўзбекистон МТРКнинг «Oʻzbekiston» телерадиоканали» давлат унитар корхонаси қошидаги «UzНD» телеканали негизида юридик шахс ташкил этмасдан НD форматида ташкил этилади;
республиканинг бутун ҳудуди бўйлаб тарқатиладиган рақамли кўрсатувнинг ҳаммабоп ижтимоий пакети таркибига киритилади;
эфирни сифатли ҳужжатли ва бадиий фильмлар билан, шу жумладан тайёр телемаҳсулотга буюртма бериш шартлари асосида тўлдириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича жамоатчилик кенгаши, оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги, шунингдек, бошқа кино- ва видео суратга олиш студиялари билан мустаҳкам ҳамкорлик қилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси доимий асосда «Oʻzbekiston tarixi» телеканалига эфирга узатиш учун материаллар тайёрлашда, жумладан уларнинг ишончлилиги ҳамда тарихий воқеа ва фактларга мос келиши нуқтаи назаридан кўриб чиқилишида амалий ёрдам кўрсатсин, шунингдек, олиб борилган илмий тадқиқотлар натижаларини телеканал орқали ёритиш учун тақдим этиб борсин.
6. «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ва Ўзбекистон МТРК икки ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобига «Ўзбеккино» Миллий агентлиги томонидан тасвирга олинадиган тарихий шахслар тўғрисида, миллий қадриятлар, анъаналар, Ўзбекистоннинг қарор топиши ва давлат сифатида ривожланишининг тарихий босқичларини акс эттирувчи бадиий, бадиий-публицистик, ҳужжатли фильмлар, сериалларни ҳамда анимацион фильмларни ҳамкорликда ишлаб чиқариш форматларини тасдиқласин.
7. Ўзбекистон МТРК бир ой муддатда:
«Oʻzbekiston tarixi» телеканалининг штатлар жадвали ва харажатлар сметасини ишлаб чиқиш ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлашни;
«Oʻzbekiston tarixi» телеканали ҳар томонлама тайёрланган, шу жумладан Ватанимиз ҳамда жаҳон цивилизациясининг қадимий ва бой тарихини юқори профессионал даражада биладиган малакали мутахассислар билан тўлдирилишини таъминласин.
8. «Oʻzbekiston tarixi» телеканали Тошкент шаҳар, Олмазор кўчаси, 2-уй манзили бўйича Ўзбекистон МТРК биносида жойлаштирилсин ва доимий ишлайдиган «мунозара майдончаси»ни ташкил этиш учун студиялардан бири телеканалга бириктириб қўйилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
2019 йилда янги ташкил этилаётган «Oʻzbekiston tarixi» телеканали таъминотига, шу жумладан жаҳондаги ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини намойиш этишнинг лицензия ҳуқуқларини сотиб олишга, шунингдек, республика ҳудуди бўйлаб теледастурларни тарқатиш учун Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташкилотларига ҳақ тўлашни киритган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг жорий йилги параметрлари доирасида маблағ излаб топсин ва Ўзбекистон МТРКга ажратсин, 2020 йилдан бошлаб ҳар йилги Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети параметрларида зарур молиялаштиришни назарда тутсин;
Ўзбекистон МТРКнинг асослантирилган ҳисоб-китоблари бўйича «Oʻzbekiston tarixi» телеканали студияларини жиҳозлаш ва декорациялар тайёрлаш учун зарур бўлган 1,5 миллиард сўмгача миқдордаги маблағни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан ажратиб берилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон МТРК раисига:
сифатли контентни шакллантириш бўйича ишларни ташкил этиш ва самарали ижодий жараённи йўлга қўйиш мақсадида «Oʻzbekiston tarixi» телеканалининг Эксперт (маслаҳат) кенгашини шакллантириш ва унинг таркибини тасдиқлаш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
юқори малакали хорижий мутахассисларни шартнома асосида жалб этиш ва ишга қабул қилиш ҳамда ажратилган бюджет маблағлари доирасида уларга иш ҳақини миллий валютада ёки хориждаги ҳисобварақларига ўтказган ҳолда чет эл валютасида тўлаш ҳуқуқи берилсин.
(10-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июлдаги ПФ-6021-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.07.2020 й., 06/20/6021/1047-сон — 2020 йил 1 августдан кучга киради)
11. Ўзбекистон МТРК:
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда янги ташкил этилаётган «Oʻzbekiston tarixi» телеканалини замонавий телевизион ускуналар комплекси билан жиҳозлаш;
икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Ф.Ш. Махмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2019 йил 11 июль,
ПҚ-4390-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 июлдаги ПҚ-4390-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
«Oʻzbekiston» телерадиоканали» давлат унитар корхонаси қошидаги «Oʻzbekiston tarixi» телеканалининг
ТУЗИЛМАСИ
Ходимларнинг умумий чекланган сони — 116 нафар, шундан бошқарув ходими — 1 нафар.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.07.2019 й., 07/19/4390/3405-сон; 09.07.2020 й., 06/20/6021/1047-сон)