ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДАГИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
қарори
АВИАЦИЯ ВА АВТОМОБИЛДА ТАШИШ ТАРИФЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ёқилғи, авиация ва автомобиль техникаси, асбоб-ускуналар ва бошқа моддий ресурслар нархлари ошган шароитда республика фуқаро авиацияси ва автотранспорт корхоналарининг нормал иш режимини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 1992 йилнинг 6 майидан бошлаб авиаташишлар ва фуқаро авиацияси хизматларини, автомобиль транспортида бажариладиган шаҳарлараро автобус маршрутларида юк ва йўловчилар ташишни шартномавий (эркин) нархларга ўтказиш амалга оширилсин.
2. Авиация ва автомобиль транспорти йўловчиларининг алоҳида тоифалари учун қонунчилик билан назарда тутилган, 1992 йилнинг 6 майигача амалда бўлган имтиёзлар сақлаб қолинсин.
3. Авиация ва автотранспорт корхоналари учун Ўзбекистон Республикаси бюджетига ўтказиладиган ажратмаларнинг миқдори сақлаб қолинсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 9 январдаги 4-сон ва 1992 йил 21 январдаги 20-сон қарорлари билан тасдиқланган ҳаво транспортида ташиш, юк автомобилларида юк, шаҳарлараро автобус маршрутларида йўловчилар ташиш учун тарифларнинг чегаравий миқдорлари бекор қилинсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 4 май,
221-сон