Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
2017 — 2021 йилларда углеводород хомашёсини қазиб чиқаришни кўпайтириш дастурининг биринчи босқичини амалга ошириш доирасида «Bank GPB International S.A.» кредит маблағларини жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 — 2021 йилларда углеводород хомашёси қазиб чиқаришни кўпайтириш дастурини тасдиқлаш тўғрисида» 2017 йил 9 мартдаги ПҚ-2822-сон ва «2017 — 2021 йилларда углеводород хомашёси қазиб чиқаришни кўпайтириш дастурининг биринчи босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 3 ноябрдаги ПҚ-3373-сон қарорларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 2017 — 2021 йилларда углеводород хомашёси қазиб чиқаришни кўпайтириш дастурини (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) амалга ошириш доирасида қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:
а) 2019 йил 1 март ҳолатига 222 та нефть ва газ қудуқларини қуриш ишлари якунланди ва 229 та нефть ва газ қудуқлари мукаммал таъмирланди, капитал қўйилмалар ҳажми 644,1 млн. АҚШ долларини ва 701,8 млрд. сўмни ташкил этди, 4 468,5 млн. куб. м табиий газ ва 210,2 минг тонна суюқ углеводородлар қазиб чиқарилди;
б) «Natural Gas-Stream» МЧЖ қўшма корхонаси (кейинги ўринларда қўшма корхона деб аталади) ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан «Bank GPB International S.А.» (Люксембург) банкининг Дастур доирасидаги чора-тадбирларнинг хорижий валютадаги харажатларини молиялаштириш мақсадида 176,5 млн. евро миқдоридаги кредити куйидаги шартлар асосида жалб этиш масаласи ишлаб чиқилди:
кредит муддати — 2020 йил якунигача;
кредит фоиз ставкаси — бир ойлик Euribor + 4,95 йиллик фоиз ёки «Bank GPB International S.А.» билан кредит-таъминот ҳужжатларида келишилган бошқа базавий ставкаси;
кредит линиясини очиш ва захиралаш учун комиссия — бирйўла кредитлаш суммасининг 0,3 фоизи ва ҳисобланган фоизлар ундириладиган муддатда жалб қилинмаган кредитлаш лимитининг йиллик 0,5 фоизи миқдорида.
2. «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва қўшма корхонанинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 ноябрдаги ПҚ-3373-сон қарори билан тасдиқланган Дастур доирасида биргаликдаги фаолиятни олиб бориш ва масъулиятни чеклаш механизмлари асосида тайёрланган қуйидаги таклифларига:
а) қуйидаги мажбуриятларини бажариш учун 2019-2020 йилларда қўшма корхонага сотиладиган табиий газнинг умумий ҳажмини газни етказиб бериш шартномасига мувофиқ 1 413 млн. куб.м миқдорида (табиий газнинг 185 АҚШ доллари/минг куб.м ҳисобланган экспорт нархи бўйича) кейинчалик комиссия шартномаси асосида экспорта йўналтириш тўғрисида:
«Ўзнефтгазқазибчиқариш» АЖнинг — қўшма корхонанинг қудуқларни бурғулаш, жиҳозлаш ва капитал таъмирлаш, шунингдек технологик объектларни «Ўзнефтгазқазибчиқариш» АЖ конларида қуриш юзасидан уч томонлама шартномалар асосида сарф-харажатларини қоплаш бўйича;
қўшма корхонанинг — «Bank GPB International S.A.» (Люксембург) кредити бўйича асосий қарзни тўлаш, фоизлар, комиссиялар, бошқа харажатлар ва тўловларни тўлаш бўйича;
6) 2019-2020 йилларда қўшма корхонага сотиладиган табиий газ ҳажмига газни экспорт қилиш комиссияси шартномасига ва ушбу шартномалар тарафлари томонидан газни харид қилиш шартномаларига мувофиқ ўзгартиришлар киритиш ҳамда «Bank GPB International S.A.» олдидаги тақдим этилган кредитлар бўйича барча мажбуриятлар бажарилганидан кейин ушбу шартномаларни муддатидан олдин бекор қилиш тўғрисида;
в) Дастурнинг биринчи босқичини 2019 йилнинг охиригача амалга оширишга розилик берилсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири А.С. Султонов ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси Б.Б. Сидиқов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 15 май,
405-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.05.2019 й., 09/19/405/3137-сон)