Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида «Хоразм вилоятида сув таъминоти ва канализация тизимларини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Хоразм вилоятининг Урганч, Питнак шаҳарлари ва Боғот, Гурлан, Шовот, Хонқа ва Ҳазорасп туманлари аҳолиси ва хўжалик юритувчи субъектларини сифатли ичимлик сув билан таъминлашни янада яхшилаш, шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
а) Европа тикланиш ва тараққиёт банки (кейинги ўринларда ЕТТБ деб аталади) билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида 2018 йил 8 октябрда «Хоразм вилоятида сув таъминоти ва канализация тизимларини модернизация қилиш» лойиҳасини (кейинги ўринларда лойиҳа деб аталади) амалга ошириш учун 4 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган 15 йил мобайнида қайтариш муддати билан 60,0 млн АҚШ доллари миқдорида қарз бериш тўғрисида қарз битими имзоланганлиги;
б) лойиҳанинг умумий қиймати 74,61 млн АҚШ долларини, шу жумладан:
ЕТТБ қарзи — 60,0 млн АҚШ долларини ташкил этиши;
лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг ҳиссаси — солиқ ва божхона имтиёзлари бериш, ЕТТБ кредити бўйича фоизлар ва инвестиция даврида мажбуриятлар бўйича воситачилик ҳақи тўлаш тарзида — 14,61 млн АҚШ долларига тенг эканлиги;
в) лойиҳани амалга ошириш даври 4 йилни (2019 — 2022 йиллар) ташкил этиши маълумот учун қабул қилинсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Қуйидагилар:
«Хоразм вилоятида сув таъминоти ва канализация тизимларини модернизация қилиш» лойиҳасининг техник-иқтисодий асосланишининг асосий техник-иқтисодий параметрлари 1-иловага* мувофиқ;
«Хоразм вилоятида сув таъминоти ва канализация тизимларини модернизация қилиш» лойиҳаси бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банки қарзини қайтариш ва фоизларни тўлашнинг прогноз жадвали 2-иловага* мувофиқ;
«Хоразм вилоятида сув таъминоти ва канализация тизимларини модернизация қилиш» лойиҳаси бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг қарзига хизмат кўрсатиш харажатларини қоплаш юзасидан улушларни тақсимлаш прогнози 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
1 — 3-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
3. Белгилаб қўйилсинки:
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги «Коммунхизмат» агентлиги (кейинги ўринларда «Коммунхизмат» агентлиги деб аталади) лойиҳа амалга оширилиши, ЕТТБнинг қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъул бўлган ижро этувчи агентлик ҳисобланади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
қарз умумий суммасининг 1 фоизи миқдорида ЕТТБ қарзининг бирйўла воситачилик ҳақини тўлаш ЕТТБнинг қарз маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
4. Ўзбекистон Республикаси молия вазирига ЕТТБ қарзини Ўзбекистон Республикаси, «Коммунхизмат» агентлиги, «Туямўйин — Урганч» минтақалараро сув қувуридан фойдаланиш бошқармаси (кейинги ўринларда «Туямўйин — Урганч» МСҚФБ деб аталади) ва Хоразм вилояти ҳокимлиги ўртасида қайта кредитлаш тўғрисидаги битимни имзолаш ваколати берилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ва ЕТТБ ўртасидаги қарз битими ҳамда ЕТТБ қарзини Ўзбекистон Республикаси, «Коммунхизмат» агентлиги, «Туямўйин-Урганч» МСҚФБ ва Хоразм вилояти ҳокимлиги ўртасида қайта кредитлаш тўғрисидаги битим бўйича белгиланган тартибда юридик хулоса берсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири, «Коммунхизмат» агентлиги бош директори ва Хоразм вилояти ҳокимига:
Кейинги таҳрирга қаранг.
лойиҳанинг тасдиқланган техник-иқтисодий асосланиши асосий техник-иқтисодий параметрларига мувофиқ лойиҳа ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлайдиган ташкилий-техник тадбирлар амалга оширилиши;
ЕТТБ қарзини қайта кредитлаш тўғрисидаги битимга мувофиқ ЕТТБ қарзини қайтариш ва у бўйича фоизларни тўлаш учун зарур бўлган маблағлар «Туямўйин-Урганч» МСҚФБ томонидан ўз вақтида жамланиб борилишини таъминлаш учун шахсий жавобгарлик юклансин.
7. Хоразм вилояти ҳокимлиги:
сув қувурлари иншоотлари ва тармоқларини қуриш учун зарур бўлган ер участкалари белгиланган тартибда ажратилишини таъминласин;
2020 йилдан бошлаб Хоразм вилояти маҳаллий бюджети параметрларида ЕТТБнинг қарзи бўйича фоизларни тўлашга, асосий қарзни қайтаришга «Туямўйин-Урганч» МСҚФБнинг ушбу мақсадларга йўналтириладиган ўз маблағларига қўшимча равишда маблағларни назарда тутсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги лойиҳа 2020 йил ва кейинги йиллар учун мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурларига белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.
9. «Коммунхизмат» агентлиги бир ой муддатда ЕТТБ лойиҳаларини мувофиқлаштириш гуруҳини ташкил этсин, унга имзоланган қарз битимига мувофиқ сув таъминоти ва канализация соҳасида лойиҳаларни мувофиқлаштириш ва бошқариш функцияларини юкласин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — транспорт вазири А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Э.М. Ғаниев ва Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири М.Х. Салиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 7 май,
383-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 08.05.2019 й., 09/19/383/3103-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2021 й., 09/21/786/1216-сон; 20.08.2024 й., 09/24/517/0632-сон; 28.07.2026 й., 06/26/140/0792-сон)