Сирдарё вилояти ҳокимининг
Қарори
Ичимлик сув таъминоти хизматлари тарифларига махсус устама ҳақ белгилаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-2900-сонли ва 2018 йил 30 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4040-сонли қарорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2019 йил 25 февралдаги 05/1-4774-сонли топшириғига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунининг 6, 14-моддалари ва «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6, 25-моддаларига асосланиб, қарор қиламан:
1. Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш манбаларидан бири сифатида ичимлик сув хизматлари тарифларига 50 сўм/м3 ва канализация хизматлари тарифларига 50 сўм/м3 миқдорида устама ҳақ белгилансин.
2. Белгилаб қўйилсинки, ичимлик сув таъминоти хизматлари тарифларига белгиланган махсус устама ҳақ суммаси мақсадли тушум ҳисобланади, барча солиқ турларини ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблашда солиққа тортиладиган базага киритилмайди, шунингдек, сув таъминоти ташкилотларининг молиявий натижалари тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилмайди.
3. Вилоят молия бош бошқармаси (А. Рахимов), Монополияга қарши курашиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси (З. Маматкаримов), туман ва шаҳар ҳокимликларига жойларда ичимлик сув таъминоти ва канализация хизматлари тарифларига белгиланган махсус устама ҳақ миқдорига қатъий риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширсин.
4. Туман, шаҳар ҳокимликлари вилоят «Сувоқова» Давлат унитар корхонаси ва унинг шаҳар-туман филиаллари билан биргаликда фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситалари орқали ҳамда бошқа қулай, самарали усулларда юридик шахслар, жумладан тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига ичимлик сув таъминоти ва канализация хизматлари тарифлари учун устама ҳақларини тартибини белгиланган тартибда етказиш вазифаси юклатилсин.
5. Сирдарё вилоят ҳокимининг 2018 йил 14 февралдаги «Ичимлик сув таъминоти хизматлари тарифларига махсус устама ҳақ белгилаш тўғрисида»ги 100-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Қарор расмий нашрда эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
7. Қарор «Сирдарё ҳақиқати» газетасида чоп этилсин ва вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
8. Вилоят ҳокимлиги девонхона мудири (Ғ. Содиқов) мазкур қарор қонуний кучга кирган куни туман, шаҳар ҳокимликларига, тегишли давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмаларига юборилишини таъминласин.
9. Қарорнинг бажарилишини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари Ж. Ибрахимов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Ғ. МИРЗАЕВ
Гулистон ш.,
1 мая 2019 г.,
№ 70
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.05.2019 й., 11/19/70/3091-сон)