Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Қашқадарё вилоятининг китоб туманида цемент заводини қуришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Қашқадарё вилоятида ички ва ташқи бозорларда барқарор талабга эга бўлган замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, экспорт салоҳиятини янада кенгайтиришни таъминлаш, шунингдек, янги иш ўринлари ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2018-2019-йилларда инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 19 июлдаги ПҚ-3874-сон қарорида «Anhui Conch Cement Co LTD» (ХХР) компанияси (кейинги ўринларда инвестор деб аталади) томонидан қуввати йилига 1,2 млн тонна портландцемент ишлаб чиқарадиган цемент заводи (кейинги ўринларда инвестициявий лойиҳа деб аталади) қурилиши назарда тутилганлиги;
инвестиция лойиҳасини амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қашқадарё вилоятига ташрифи якунлари бўйича 2018 йил 19 декабрдаги 23482-хх-сон баённома топшириғига мувофиқ Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида портландцемент ишлаб чиқариш учун хомашё базаси (оҳактош, лёссимон жинслар) мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилганлиги;
инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида «Anhui Conch Cement Co LTD» (ХХР) компанияси томонидан «Qarshi Conch Cement» масъулияти чекланган жамият шаклидаги хорижий корхона ташкил этилганлиги;
материаллар, асбоб-ускуналар, машина ва механизмлар, бутловчи буюмлар ва технологик жиҳозлар узеллари, приборлар, транспорт воситалари, эҳтиёт қисмлар, инструментлар, дастурий таъминот, техник ва лойиҳа ҳужжатлари етказиб беришни, шунингдек зарур ташқи инфратузилмани келтириш ишларини молиялаштириш манбалари этиб инвестор томонидан жалб этиладиган 150,51 млн АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестициялар белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. «Qarshi Conch Cement» МЧЖ ХКга, истисно тариқасида, инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида 2020 йил 1 сентябрга қадар лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтда қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга рухсат берилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Энергетика вазирлиги қурилаётган цемент заводини ташқи муҳандислик ва транспорт коммуникацияларига улашда «Qarshi Conch Cement» МЧЖ ХКга зарур ёрдам кўрсатсин.
4. Қашқадарё вилояти ҳокими З.Ш. Рўзиев зиммасига инвестиция лойиҳасини белгиланган муддатларда амалга ошириш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин, бунда 2020 йил декабр ойида қувватларни ишга туширишни ҳисобга олган ҳолда инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг тармоқ жадвали бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилиши назарда тутилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги лойиҳа-смета ҳужжатларининг белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминласин ва инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида қурилиш-монтаж ишларининг бажарилиши сифати устидан тегишли давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — транспорт вазири А.Ж. Раматов ва Қашқадарё вилояти ҳокими З.Ш. Рўзиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 3 май,
368-сон