сирдарё вилояти Оқолтин тумани ҳокими
Қарор
Қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникани, шунингдек машина трактор парклари, устахона ва сервис пунктларининг асбоб ускуналарини техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг 2021 йил 28 майдаги 150/22-6-сонли «Сирдарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 12 июндан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 6 декабрдаги 345-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Машина ва асбоб ускуналарнинг техник ҳолатини назорат қилиш давлат бош инспекцияси тўғрисида»ги Низом (Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й 50-сон, 559-модда), Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг 2013 йил 2 апрелдаги 58-сонли буйруғи билан тасдиқланган «Қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникани, шунингдек машина — трактор парклари, устахона ва сервис пунктларининг асбоб- ускуналарини техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низомга асосан (рўйхат рақами 2452, 25.04.2013 й Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами 2013 й, 17- сон 229-модда) туманда 2019 йилда қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техника, машина-трактор парклари, устахона ва сервис пунктларининг, асбоб-ускуналарини ҳар йиллик техник кўрикдан ўтказиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг 6,25-моддаларига асосан қарор қиламан:
1 .Туманда мулкчилик шаклидан қатъий назар корхона, ташкилот, машина трактор парки, очиқ акциядорлик жамияти, муқобил машина трактор парклари ва мелиоратив техникани, фермер хўжаликлар ва фуқароларда мавжуд бўлган қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникани, шунингдек машина трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб- ускуналарини ҳисобга олиш ва уларни техник ҳолатини йиллик кўрикдан ўтказиш жадвали 1-иловага, техник кўрикдан ўтказиш бўйича комиссия таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари (Ё. Абдурахимов) ҳамда туман ички ишлар бўлими бошлиги (Ж. Шерқулов):
мулкчилик шаклидан қатъий назар барча русумли қишлоқ хўжалик ва мелиоратив йўл-қурилиш техника воситалари йиллик техник кўрикдан ўтказиш майдончаларига йиғилишини таъминлаш топширилсин.
3. Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш Инспекциясининг Оқолтин тумани бўлими бошлиғи (А.А. Шукуров):
Мулкчилик шаклидан қатъий назар барча русумдаги қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив йўл қурилиш техника воситалари, машина асбоб-ускуналари йиллик техник кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги жадвални юридик ва жисмоний шахсларга етказиш;
техник кўрикдан ўтган техникаларни далолатномалар ҳамда сертификатлар асосида ишлашга рухсат беришини ташкил қилиш вазифаси топширилсин.
4. Барча корхона, ташкилот, машина трактор парки очиқ акциядорлик жамиятлари, муқобил машина трактор парклари, фермер хўжаликлари раҳбарларига:
Ҳисобида мавжуд бўлган қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив, йўл-қурилиш техникаларини, машина ва асбоб-ускуналарни техник кўрикдан ўтказиш учун тайёрлаб, белгиланган майдончаларга йиғиш ва техник кўрикка тааллуқли тўловларни тўланишини таъминлаш топширилсин.
5. Туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари (О. Абдуллаев) Оқолтин туманидаги корхона, ташкилот, машина трактор парки очиқ акциядорлик жамиятлари, муқобил машина трактор парклари, фермер хўжаликлари ва фуқароларда мавжуд бўлган қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив йўл-қурилиш техникаларини, машина ва асбоб-ускуналарни ҳисобга олиш ва уларни техник ҳолатини йиллик техник кўрикдан ўтказиш билан боғлиқ бўлган йиғимларни тўлашга амалдаги тартибларга асосан амалий ёрдам бериш вазифаси топширилсин.
6. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан туман ҳокимининг 02.02.2018 йилдаги № 183-сонли «Қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникани, шунингдек машина трактор парклари, устахона ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарини техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида»ги қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Туман ҳокимининг тегишли соҳа бош мутахассислари девонхонаси (М. Азамов) мазкур норматив ҳуқуқий ҳужжат «Оқолтин овози» рўзномасида чоп этилишини ва туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилишини, электрон шаклда бир кунлик муддатда ижрочилар, ўзини-ўзи бошқариш органларига ҳамда тегишли ташкилотларга ўз вақтида етказилишини ташкиллаштирсин.
8. Ушбу қарор расмий эълон қилингандан кундан эътиборан кучга киради.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг қишлоқ ва сув ҳўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Е. Абдурахимов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Д. ФАЗИЛОВ
Сардоба ш.,
2019 йил 28 январь,
409-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 22.04.2019 й., 11/19/409/2988-сон)