Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва унинг рақобатбардошлигини ошириш мамлакат аҳолисининг 60 фоизидан ортиқ қисми яшаётган қишлоқларнинг фаровонлик даражасини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.
Шу муносабат билан сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини бошқариш тизимида институционал ислоҳотлар амалга оширилди, пахта хом ашёси ва бошоқли дон маҳсулотларини давлат томонидан кафолатланган харид нархларини сезиларли даражада кўпайтириш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг молиявий барқарорлиги оширилди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг кластер модели кенг жорий этилмоқда, натижада охирги йилларда пахта-тўқимачилик кластерларига ажратилган ер майдонлари ҳажми мазкур экин тури учун ажратилган қишлоқ хўжалиги ерларининг 52 фоизини ташкил этди.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашда самарали бозор механизмларининг мавжуд эмаслиги тармоқнинг рақобатбардошлигини ошириш имконини бермаяпти.
Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан бошқаришнинг яхлит тизимини шакллантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини давлат томонидан харид қилишнинг бозор механизмларини жорий этиш мақсадида, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ:
1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг (кейинги ўринларда — Вазирлик) асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:
Олдинги таҳрирга қаранг.
биринчи навбатда қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ва соҳада замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, қишлоқ хўжалиги субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларда бозор тамойилларини жорий этиш, илғор тажриба ва фан ютуқларини, замонавий ресурс тежовчи ва интенсив агротехнологияларни жорий этишни назарда тутувчи қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
(1-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги ПФ-6217-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.05.2021 й., 06/21/6217/0409-сон)
қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотишда замонавий кооперация муносабатларини кенгайтириш орқали қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг қўшилган қиймати занжири яратилишини рағбатлантириш;
агробизнеснинг кластер моделини кенг жорий этиш чора-тадбирларини амалга ошириш, кластерлаш жараёнининг ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий асосларини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида кластерларни ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш;
агротехник тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг молиявий барқарорлиги, ҳосилдорлиги паст ерлар унумдорлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини оширишга кўмаклашадиган қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини мувофиқлаштириш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, қишлоқ хўжалиги ерларини, қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ва парваришлашни мониторинг қилиш;
тупроқ бонитировкасини ўтказиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг меъёрий қийматини аниқлаш, тупроқшунослик, геоботаникага оид тадқиқотларни амалга ошириш;
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 сентябрдаги ПФ-6061-сонли Фармонига асосан олтинчи-еттинчи хатбошилар билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.09.2020 й., 06/20/6061/1262-сон)
кенг кўламли замонавий молиявий хизматларни ривожлантириш ва сифатли қишлоқ хўжалиги техникасидан фойдаланиш имкониятини ошириш орқали қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни рағбатлантириш;
қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини тайёрлаш, фойдаланиш ва экспорт қилишнинг замонавий тизимини шакллантириш, маҳаллий ва хорижий селекция навлари, шу жумладан биотехнологик навларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш ва ривожлантириш;
ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, зараркунандалар ва бегона ўтларга қарши курашиш, агрокимёвий хизмат кўрсатиш ва тупроқни муҳофаза қилиш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;
таълим, фан ва қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни тизимли асосда узвий интеграциялашувини, қишлоқ хўжалиги тармоқларининг юқори малакали соҳа мутахассисларига бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни таъминлаш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
мева-сабзавот, гўшт, сут ва бошқа қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини етиштирувчи (ишлаб чиқарувчи) корхоналар билан ушбу маҳсулотларни қайта ишловчи, тайёрловчи ва реализация қилувчи корхоналар ўртасида ўзаро манфаатли муносабатлар учун шароитлар яратиш;
маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш ва уларни диверсификация қилиш, ҳудудларнинг мавжуд табиий ва иқтисодий ресурсларидан унумли фойдаланиш асосида озиқ-овқат саноатини ривожлантиришнинг стратегия ва моделларини ишлаб чиқиш;
мева-сабзавот, гўшт, сут ва бошқа қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишловчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг молиявий ва номолиявий чоралари — янги воситалар ва ахборот тизимларини яратиш, юқори самара берувчи йўналишларда лойиҳаларни амалга ошириш;
озиқ-овқат саноатининг ривожланишига хусусий ва тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари оқимининг таъсирини таҳлил қилиш, прогнозлаш ва бу борада тегишли таклифларни ишлаб чиқиш;
замонавий савдо ва логистика марказларини ташкил этиш, маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларини жаҳон бозорларида илгари суриш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ҳамда импорт ҳажмини камайтириш чораларини кўриш;
органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва мақбул қишлоқ хўжалиги амалиёти (Global G.A.P.) доирасида барча манфаатдор ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва тартибга солиш;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни ташкил этиш ва муҳофаза қилиш соҳасида самарали давлат назоратини амалга ошириш.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги ПФ-6217-сонли Фармонига асосан хатбошилар билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.05.2021 й., 06/21/6217/0409-сон)
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази ва унинг илмий-тадқиқот муассасалари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази этиб қайта ташкил этилган ҳолда;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологияларини сертификатлаш ва синаш давлат маркази Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологияларини сертификатлаш ва синаш маркази этиб қайта ташкил этилган ҳолда;
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази ва унинг бўлинмалари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази этиб қайта ташкил этилган ҳолда;
Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиаллари амалдаги молиялаштириш тартибини сақлаб қолган ҳолда Вазирлик ихтиёрига ўтказилсин.
3. Белгилансинки:
Вазирлик тизимидаги илмий-тадқиқот муассасаларининг био ва нанотехнологиялар, қишлоқ хўжалиги экинларининг янги навларини яратиш ва жорий этиш бўйича фаолияти Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади;
қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши соҳасида меҳнат ва моддий-техник ресурслар сарфи меъёрларини ишлаб чиқиш ва янгилаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.
4. Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва «Ўзагрокимёҳимоя» АЖ билан биргаликда бир ой муддатда қишлоқ хўжалигига агрокимёвий хизмат кўрсатиш ва ўсимликлар ҳимоясини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин, бунда Вазирлик ҳузурида қуйидаги вазифаларни амалга оширувчи ихтисослашган хизмат ташкил этилиши назарда тутилсин:
қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини ўсимликларни ҳимоя қилиш кимёвий ва биологик воситалар билан таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича профилактик ва интеграциялаштирилган чора-тадбирларни ўз вақтида ташкил этиш;
мулкчилик шаклидан қатъи назар экин майдонларида, томорқа ерларда, иссиқхона хўжаликларида фитосанитария ҳолати устидан доимий кузатув ва назорат олиб бориш, қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтлар ривожланиши ва тарқалишини прогноз қилиш;
ўсимликларни ҳимоя қилиш кимёвий воситаларини ташиш, сақлаш, сотиш ва қўллаш, қишлоқ хўжалиги учун минерал ўғитларни агрокимё хаританомалари асосида тупроқни озуқа моддалари билан таъминланганлигини ҳисобга олиб, табақалаштирилган ҳолда етказиб бериш бўйича белгиланган қоидаларга риоя этилиши устидан назорат қилиш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда халқаро молия институтларини жалб қилган ҳолда уч ой муддатда ишлаб чиқилаётган «Ақлли қишлоқ хўжалиги» концепцияси доирасида қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш соҳасини молиялаштириш лойиҳалари ва манбалари бўйича таклифлар киритсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Белгилаб қўйилсинки:
Вазирлик ихтиёрига ўтказиладиган ташкилотлар тегишли ташкилотларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан халқаро шартномалар бўйича ҳуқуқий ворислари ҳисобланади;
лимон ва грек ёнғоғи ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар, картошка ишлаб чиқарувчилар уюшмалари раҳбарлари таъсисчилар умумий йиғилиши қарори билан сайланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири тақдимномасига кўра Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, Вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари, шу жумладан вақтинча бўш турган бюджетдан ташқари маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан, хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Вазирлик марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари ва туманлар (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлимлари фаолиятини молиялаштириш, ходимларни моддий рағбатлантириш (иш ҳақи, мукофот пуллари, устамалар ва бошқа пул мукофотлари тўлаш) манбалари ҳисобланади.
7. Вазирлик, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда халқаро молия институтлари экспертларини жалб қилган ҳолда уч ой муддатда дон маҳсулотлари нархларини тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий этиш бўйича таклифларни;
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда халқаро (хорижий) молия институтлари ва маслаҳатчиларни жалб этган ҳолда бир ой муддатда хорижий тажриба ва жойлардаги ҳақиқий аҳволни чуқур таҳлил қилиш асосида аниқ молиявий манбаларни ва механизмларни кўрсатган ҳолда қуйидагиларни назарда тутувчи 2019 — 2021 йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун фойдаланилмаётган ер майдонларини ўзлаштириш концепцияси лойиҳасини киритсин:
замонавий ирригация ва мелиорация технологиялари ҳамда ерларни суғориш усулларини кенг жорий этиш;
тўғридан-тўғри инвестицияларни, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида фаол жалб этиш;
Концепцияни амалга оширишда иштирок этувчи тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 апрелдаги «Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5418-сон Фармонининг 2 ва 8-бандлари;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3671-сон қарорининг 1 ва 2-бандлари.
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази фаолиятини ташкил этиш;
Тошкент давлат аграр университети фаолиятини такомиллаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Уруғчиликни ривожлантириш маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари лойиҳаларини киритсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Вазирлик икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2019 йил 17 апрель,
ПФ-5708-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.04.2019 й., 06/19/5708/2962-сон; 07.09.2020 й., 06/20/6061/1262-сон; 01.05.2021 й., 06/21/6217/0409-сон; 12.06.2023 й., 06/23/90/0352-сон)