Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси КЕнгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
Қўшма қарори
Мамлакатда жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши кураш ҳолати тўғрисида
Мамлакатимизда сўнгги йилларда ўтказилган ислоҳотлар натижасида жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда янги иш услублари татбиқ қилиниб, аҳоли ва жамоатчилик билан узвий мулоқот йўлга қўйилди, ушбу соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилди.
Жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик янада кучайтирилди.
Олиб борилаётган кенг кўламли ишлар натижасида фуқароларда жиноятчиликка қарши курашишга ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга дахлдорлик ҳисси шаклланди.
Амалга оширилган тизимли ишлар натижасида 2018 йилнинг 7 ойида умумий жиноятларнинг 38,2 фоизга, жиноят-қидирув йўналишидаги жиноятларнинг 38,3 фоизга камайишига эришилди.
Бироқ, жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасидаги фаолиятда ечимини кутаётган хато ва камчиликлар ҳамда фойдаланилмаётган имкониятлар мавжуд.
Ўтказилган тадбирлар ва кўрилган чоралар етарли даражада самара бермаганлиги оқибатида, Андижон, Сурхондарё вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикасида қотиллик ва баданга оғир тан жароҳати етказиш, Фарғона вилоятида номусга тегиш, Жиззах вилоятида босқинчилик, Наманган, Жиззах вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида транспорт воситасини олиб қочиш жиноятлари ошган.
Ички ишлар, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа жамоат ташкилотлари фаолияти ҳам кутилган натижаларни бермаган.
Жиноятларнинг қарийб 30 фоизи вояга етмаганлар ва ёшлар, 12,5 фоизи хотин-қизлар томонидан содир этилган.
Бухоро, Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятларида хотин-қизлар томонидан фоҳишалик билан шуғулланиш каби салбий ҳолатлар кўпайган.
Маҳалла фаоллари, жамоат ташкилотлари ва профилактика инспекторлари томонидан нотинч ва ноқобил оилаларни, ўз вақтида аниқлаш, уларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, оиладаги маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштиришга қаратилган ишлар тўғри йўлга қўйилмаганлиги оқибатида, ўта оғир жиноятлар содир этилган.
Хусусан, 277 та қотиллик жиноятининг 116 таси ёки 42 фоизи қариндош-уруғларнинг оила-турмуш доирасидаги жанжаллари, 25 таси ёки 9 фоизи эса, қўни-қўшниларнинг ўзаро келишмовчиликлари замирида келиб чиққан.
Айниқса, маиший ва мулкий низолар замирида содир этилган енгил тан жароҳати етказиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар таҳлил қилиниб, келгусида жиноятларнинг олдини олиш ва низони ҳал этишга қаратилган чоралар кўрилмаганлиги оқибатида, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилган.
Илгари судланган шахсларни профилактик ҳисобга олиш ва улар билан профилактик тадбирлар ўтказишда ҳам жиддий камчиликларга йўл қўйилган.
Жумладан, ушбу тоифадаги шахслар томонидан жиноят содир этиш ҳолатлари Жиззах вилоятида ошган, Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Фарғона вилоятлари, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида эса юқорилигича қолган.
Бундан ташқари, содир бўлган ҳар бир жиноятни аввало, жиноят содир бўлган ва жиноят содир қилган шахснинг яшаш жойидаги маҳаллаларда кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда муҳокама қилиш тўлиқ таъминланмаган.
Ички ишлар органлари томонидан бошқа ҳудуддан келиб жиноят содир этган фуқароларнинг қилмишлари ҳақида уларнинг яшаш жойларига хабар бериш амалиёти тўғри йўлга қўйилмаган.
Айрим ҳудудларда «Жамоатчилик назорати» масканларининг иш фаолияти талаб даражасида ташкил қилинмаган.
Тезкор-қидирув ишлари тўғри ташкил қилинмаганлиги сабабли, умумий жиноятларнинг 6 фоизи, жиноят-қидирув йўналишидаги жиноятларнинг 8,1 фоизи фош этилмаган. Тергов ва суд органларидан яширинган қидирувдаги шахсларнинг 71,5 фоизи ушланмаган.
Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида ўтказилган тадбирлар самарасиз бўлганлиги боис, Наманган, Андижон, Навоий, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида одам ўлимига сабабчи бўлган йўл-транспорт ҳодисалари ошган.
Ички ишлар органлари ходимлари томонидан жиноят ҳақидаги ариза ва хабарларни қайд этмаслик йўли билан жиноятларни ҳисобдан яшириш ҳолатларига ҳамон барҳам берилмаган.
Хусусан, 48 та жиноятлар қайд этмаслик йўли билан ҳисобдан яширилган.
«Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонунга ҳамда фоҳишалик билан шуғулланганлик учун жавобгарликни кучайтириш юзасидан қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масаласи охирига етказилмаган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ичкиликка ружу қўйган, гиёҳвандликка чалинган шахсларни ва тажовузкор руҳий касалларни даволаш муассасаларини муайян ҳудуд географиясидан келиб чиққан ҳолда сони ва қамровини ошириш ҳамда уларни тегишли мутахассис ва анжомлар билан таъминлаш масалалари бўйича ҳанузгача амалий ишга киришилмаган.
Давлат органлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилган чора-тадбирлар самарали ташкил этилмаганлиги боис, фуқароларнинг ўз жонига қасд ёки суиқасд қилиш ҳолатлари Бухоро, Жиззах, Навоий, Фарғона, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида ошган.
Ёшлар ўртасида уларнинг соғлиғи, тарбияси ва руҳиятига салбий таъсир кўрсатувчи трамадол, соннат ва лирика каби психофаол дори воситаларига ружу қўйиш ҳолатлари кўпайган.
Айни пайтда, қонун ҳужжатларида ушбу воситаларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланганлик учун жавобгарлик назарда тутилмаган.
Қайд қилинганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси, Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш Республика Комиссияси Раиси Н. Йўлдошевнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш фаолиятида «Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати» тизимини татбиқ этиш ҳамда «Ёшлар — келажагимиз» Давлат дастури ижроси устидан парламент ва жамоатчилик назоратини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг устувор вазифаларидан бири этиб белгилансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қўмиталари томонидан Ички ишлар, Халқ таълими, Олий ва ўрта-махсус таълим, Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликларининг жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасидаги фаолияти юзасидан ахборотини мунтазам равишда эшитиб бориш амалиёти жорий этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
«Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонунга ҳамда фоҳишалик билан шуғулланганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш жараёнини жадаллаштирсин;
тергов ва суд органларидан яширинган шахсларга нисбатан фақатгина қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш бўйича қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, тегишли тартибда Қонунчилик палатасига киритсин;
трамадол, соннат ва лирика психофаол дори воситаларини Наркотик моддалар устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат комиссиясининг 2016 йил 22 мартдаги 13/16-сонли қарори билан тасдиқланган «Қонунга хилоф равишда муомалада бўлган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг миқдорлари рўйхати»га киритиш масаласини кўриб чиқсин;
мулкчилик шаклидан қатъий назар, чакана савдо объектларида алкоголли маҳсулотларни сотиш вақтини соат 20:00 гача ҳамда умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларнинг (боулинг, сауна, дискотека ва бошқалар) хизмат кўрсатишини соат 23:00 гача белгилаш масаласини кўриб чиқсин;
ичкиликка ружу қўйган, гиёҳвандликка чалинган ва тажовузкор руҳий касалларни даволаш муассасаларини муайян ҳудуд географиясидан келиб чиққан ҳолда сони ва қамровини ошириш ҳамда уларни тегишли мутахассис ва анжомлар билан таъминлаш масалаларини ўрганиб, уларнинг фаолиятини тубдан яхшилаш чораларини кўрсин;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси, Фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Маънавият ва маърифат маркази, Миллий телерадиокомпанияси томонидан жорий йилнинг 7 ойида таҳлил натижасида кўплаб жиноят содир этилган туман(шаҳар)даги соҳага оид ишларни намунавий ташкил қилиш ва ушбу амалиётни барча ҳудудларда оммалаштириш чораларини кўрсин;
«Жиноятга қарши кураш ҳақиқати ва адолати» тизимини жорий этишга қаратилган аёллар, мактаб ўқувчилари, ёшлар ёки бошқа аҳоли қатламлари томонидан жиноят содир этилганлиги ҳолатлари бўйича вазирлик ва идораларнинг масъул раҳбарлари томонидан жойларга бориб, жиноятнинг сабабларини ўрганиш ва жамоатчилик орасида муҳокама қилиш, жиноят келгусида такрорланишининг олдини олишга қаратилган аниқ чоралар кўриш, жиноятга қарши курашиш адолатини таъминлаш орқали жиноят содир этган айбдор шахслар аниқланиб, уларга нисбатан қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлиги асосида қатъий чоралар кўриш ҳамда бу жараёнларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш тартибини жорий қилсин;
давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида қуйи тизимлар томонидан юқори турувчи органга ходимнинг содир этган жинояти ҳақида ахборот тақдим этиш, шу билан бирга, жиноятнинг сабаблари ва унга имкон берган шарт-шароитларни ўрганиб, ҳар чорак якуни бўйича ҳайъат мажлисларида муҳокама қилиш ва жиноятнинг келгусида такрорланишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар белгиласин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар, вилоят ва туман (шаҳар) Кенгашларига Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоят ва туман (шаҳар) прокурорлари, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларининг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари раҳбарларининг жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида амалга оширган ишлари тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиб бориш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси, фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Маънавият ва маърифат маркази, Миллий телерадиокомпанияси раҳбарлари Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика Комиссиясининг 2018 йил 26 февралдаги 1-сон қарори ижросини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
жиноятларнинг айрим турлари ошган ҳудудлардаги криминоген вазиятни танқидий таҳлил қилиб, уларнинг ортиш сабабларини аниқлаш ва бартараф қилишга қаратилган қатъий чоралар кўрсин;
«Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати» тизимидан келиб чиқиб, вазирлик тегишли тармоқларининг фаолият йўналишларини белгиловчи «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқсин;
вазирлик билан давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ўртасида тузилган ўзаро ҳамкорлик меморандумларини соддалаштириш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқсин;
бошқа ҳудудлардан келиб жиноят содир этган фуқароларнинг қилмиши тўғрисида уларнинг яшаш жойларидаги фуқаролар йиғинларига хабарномалар юбориш, профилактика инспекторлари ҳамда ички ишлар органлари раҳбарларининг, тегишинча, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида ҳисоботлар бериш амалиётини танқидий ўрганиб, аниқланган камчиликларни бартараф этишга қаратилган қатъий чоралар кўрсин;
Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ва Ёшлар иттифоқи ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда таълим муассасалари ўқувчиларининг дарс вақтида бозорлар, савдо марказлари, ҳиёбонлар ва кўнгилочиш жойларида бўлишини олдини олиш борасида мунтазам равишда тадбирлар ўтказиб борсин;
шахсий таркиб ўртасида хизмат ва ижро интизомига риоя қилиш ва ички муҳитни соғломлаштириш борасидаги ишларни кучайтириб, ходимлар томонидан қонун бузилиши ҳолатлари содир қилинишининг олдини олиш чораларини кўрсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси:
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда Вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссиялари фаолиятини янада кучайтирсин;
ўз жонига қасд ёки суиқасд қилиш ҳолатларини чуқур таҳлил этиб, мутасадди идораларнинг бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш борасидаги фаолияти устидан назоратни кучайтириш чораларини кўрсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Олий судига маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ва фуқаролик ишларини кўриш жараёнида низо замирида келгусида жиноят содир этилиши мумкин бўлган ҳолатлар аниқланган тақдирда уларнинг олдини олиш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабарнома юбориш амалиётини жорий этиш тавсия этилсин.
10. Ушбу Қўшма қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Х. Кетмонов ва Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари С. Артикова зиммасига юклансин.
11. Ушбу Қўшма қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 11 август,
1896-III-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Н. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
2018 йил 11 август,
КҚ-392-III-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.08.2018 й., 04/19/1896-III/КҚ-392-III/2828-сон)