Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
Қўшма қарори
Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика Комиссияси минтақавий Ишчи гуруҳларининг фаолияти тўғрисида
Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика Комиссиясининг (бундан буён матнда Республика Комиссияси деб юритилади) 5 та минтақавий Ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг 7 ойида муайян ишлар амалга оширилган.
Хусусан, республиканинг барча ҳудудларида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар ҳолати атрофлича ўрганилиб, Республика Комиссияси ҳамда жойлардаги халқ депутатлари Кенгашларининг қўшма йиғилишларида танқидий муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган.
Муҳокамалар натижасига кўра, ўз фаолиятида хато ва камчиликларга йўл қўйган 237 нафар масъул шахсга нисбатан интизомий чоралар кўрилган.
Жиноятларнинг сони ошган айрим ҳудудларда жиноят содир этилишига имкон бераётган шарт-шароитлар ўрганилиб, ҳар бир жиноят тури бўйича уларнинг барвақт олдини олишга қаратилган «Йўл харитаси» ишлаб чиқилган ва амалиётга татбиқ этилган.
Натижада жорий йилнинг 7 ойида мамлакатда содир этилган умумий жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 38,2 фоизга, жиноят-қидирув йўналишидаги жиноятлар эса 38,3 фоизга камайган.
Бироқ, минтақавий Ишчи гуруҳларининг жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасидаги фаолиятида тизимли камчиликлар ҳанузгача сақланиб қолмоқда.
Жумладан, ҳудудлардаги жиноятчилик ҳолати, криминоген вазият ҳамда сони ошган жиноятларнинг содир этилишига имкон бераётган шарт-шароитлар чуқур таҳлил қилинмаган.
Аксарият ҳолларда, минтақавий Ишчи гуруҳларнинг ўрганишлари юзаки ўтказилган, барча соҳалар тўлиқ қамраб олинмаган, режавий тадбирларнинг ижроси юзасидан Республика Комиссиясига тақдим қилинган маълумотномалар сифатсиз тузилган.
Шунингдек, Республика Комиссияси ва маҳаллий Кенгашлар томонидан қабул қилинган қўшма қарорларнинг ижроси тўлиқ таъминланмаган, айрим ҳолларда амалга оширилган ишлар натижаси бўйича ўз вақтида Комиссияга ахборотлар тақдим этилмаган.
Муайян минтақавий Ишчи гуруҳи фаолиятида аниқланган камчиликлардан бошқа минтақавий Ишчи гуруҳ раҳбарлари ва аъзолари ўзларига тегишли хулоса чиқармаган.
Хусусан, деярли барча ҳудудлардаги ички ишлар органлари ва маҳаллаларда Республика Комиссияси қарорлари мавжуд эмас.
Айрим ҳудудларда ҳар бир жиноятни жиноят содир бўлган ва жиноят содир қилган шахснинг яшаш жойидаги маҳаллаларда кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда муҳокама қилиш амалиёти ҳамон йўлга қўйилмаган.
Шунингдек, бошқа ҳудуддан келиб жиноят содир этган фуқаролар ҳақида уларнинг яшаш жойларига хабар бериш амалиёти ҳамон тўғри йўлга қўйилмаган.
Жумладан, биргина Тошкент шаҳар, Тошкент ва Наманган вилоятлари ички ишлар органлари томонидан 658 нафар бошқа ҳудудда яшовчи шахсларнинг яшаш жойларига уларнинг содир этган жиноятларининг муҳокама қилинишини таъминлаш учун хабарномалар юборилмаган.
Ҳудудларда «Жамоатчилик назорати» масканларининг иш фаолияти тўлиқ йўлга қўйилмаган, баъзилари эса «хўжакўрсинга» ташкил қилинган.
Жиноятларнинг олдини олиш мақсадида муайян маҳаллага олиб кирувчи кўчалар бошига видеокузатув камераларининг ўрнатилишида сусткашликка йўл қўйилмоқда.
Хусусан, Сирдарё вилоятидаги 221 та маҳалланинг 3.534 та кўчасидан атиги 23 тасига (0,6%) камералар ўрнатилган, холос.
Оқибатда, Республикадаги 8.999 та маҳалланинг 5.315 тасида ёки 59,1 фоизида жиноятлар содир этилган, уларнинг ҳар тўртинчисида (28,2%) эса, жиноятлар сони ошган.
Ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахслар билан профилактик тадбирлар етарли даражада олиб борилмаган, ишсизларнинг бандлигини таъминлаш борасида масъулиятсизликка йўл қўйилган.
Минтақавий Ишчи гуруҳлар томонидан ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларни содир этиш сабаблари ва шарт-шароитларини чуқур таҳлил қилиш, аниқлаш ва бартараф этиш бўйича тизимли ва самарали чора-тадбирлар кўрилмаган.
Уларнинг иш фаолияти асосан, содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг оқибатларига қарши курашни ташкил этишдан иборат бўлиб қолган.
Тезкор-қидирув фаолияти талаб даражасида ташкил этилмаган, шунингдек тергов ва суддан яширинган жиноятчиларга қўлланилган эҳтиёт чорасини қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасига ўзгартириш ишлари ниҳоясига етказилмаган.
Хусусан, жойларда ўтказилган ўрганишларда тергов ва суд органларидан яширинган 1.329 нафар қидирувдаги шахсларга нисбатан қўлланилган тилхат эҳтиёт чорасини қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасига ўзгартириш бўйича Республика Комиссиясининг қарорларида тегишли кўрсатмалар берилган бўлсада, 261 нафар шахс (уларнинг 38 нафари оғир ва ўта оғир жиноят содир қилган) ҳамон тилхат эҳтиёт чораси асосида қидирилмоқда.
Фуқароларнинг ўз жонига қасд ёки суиқасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш юзасидан давлат органлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган чора-тадбирлар кутилган самарани бермаган.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Навоий, Тошкент, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида ўз жонига қасд ёки суиқасд қилиш ҳодисалари ошган.
Шунингдек, ўз жонига қасд қилган аёллар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21 тага ошиб, 564 нафарни ташкил этган.
Айрим ҳудудларда тунги кўнгилочар жойларининг фаолият кўрсатишига ҳали-ҳамон чек қўйилмаган.
Республика Комиссияси аъзолари ҳисобланган Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши бошқаруви ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг раҳбарлари, аксарият ҳолатларда, жойларда ўтказиб келинган Комиссия ва маҳаллий Кенгашларнинг қўшма йиғилишларида иштирок этмаган.
Мавжуд ҳолат минтақавий Ишчи гуруҳ аъзоларининг шахсий масъулиятини ошириш лозимлигини тақозо этмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси, Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика Комиссияси Раиси Н. Йўлдошевнинг Республика Комиссияси минтақавий Ишчи гуруҳларининг фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Минтақавий Ишчи гуруҳлари аъзолари томонидан фаолиятда хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги таъкидлансин.
3. Минтақавий Ишчи гуруҳ раҳбарлари (К. Камилов, П. Бобожонов, Э. Таджиев, Э. Юлдашев, С. Саидкаримов):
ишчи гуруҳ аъзоларини ўрганишларга тўлиқ жалб этган ҳолда, юклатилган вазифаларни бажаришда уларнинг масъулиятини ошириш нуқтаи назаридан талабчанликни оширсин;
жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашишда жойлардаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек давлат ҳамда жамоат ташкилотларининг келгусидаги фаолиятларини «Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати» тизими асосида ташкил этсин;
жорий йилнинг 7 ойи якуни бўйича бириктирилган ҳудудлардаги жиноятчилик ҳолатини чуқур таҳлил қилиб, ҳар бир маҳалла, туман (шаҳар)га криминоген вазиятдан келиб чиқиб «диагноз» қўйилиши, шунингдек ҳудудлар ҳамда республиканинг криминоген хариталари ишлаб чиқилишини таъминласин;
ҳар бир секторда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида амалга оширилган ишларни аниқ сарҳисоб қилиш мезонларини ишлаб чиқсин;
секторлар раҳбарларининг жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида амалга оширган ишларини таҳлил қилиб, уларнинг фаолиятига холисона баҳо берган ҳолда, айбдор шахсларга нисбатан таъсирчан чоралар кўрсин;
ҳудудлардаги криминоген вазият ва жиноятлар динамикаси тўлиқ таҳлил қилиниб, жиноятлар сони ошган маҳаллаларга мавжуд куч ва воситаларнинг тўғри тақсимланишини таъминласин;
оила-турмуш доирасида, яъни яқин қариндошлар ўртасида содир этиладиган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларни янада кучайтирсин;
ўз жонига қасд ёки суиқасд қилиш ҳолатлари чуқур таҳлил этилиб, мутасадди идораларнинг бундай ноҳуш ҳолатларнинг олдини олиш борасидаги фаолияти тизимли равишда муҳокама қилиб борилсин;
ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортиб, мунтазам равишда ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилиб келаётган, шунингдек, вояга етмаган болаларини тарбиялаш ва уларни таълимга жалб қилиш борасидаги мажбуриятларини сурункали тарзда бажармаган ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни суд тартибида ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш ёки чеклаш бўйича даъво аризалари киритиш амалиётидан самарали фойдаланилишини таъминласин;
амалга оширилган ишлар тўғрисида Республика Комиссиясига жорий йилнинг 26 август кунига қадар ахборот тақдим этсин.
4. Минтақавий Ишчи гуруҳлари Республика Комиссиясининг 2018 йил 26 февралдаги 1-сон қарори ижросини таъминлаб, амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳар ойнинг 10 санасига Республика Комиссиясига ахборот тақдим этиб борсин.
5. Ушбу Қўшма қарорнинг ижросини назорат қилиш Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика Комиссияси Ишчи органи раҳбари Б. Абдуллаев зиммасига юклансин.
6. Ушбу Қўшма қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 11 август,
1897-III-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Н. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
2018 йил 11 август,
КҚ-393-III-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.08.2018 й., 04/19/1897-III/КҚ-393-III/2829-сон)