Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ногиронлиги бўлган фарзандларнинг оналарини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий аҳамиятли товарларни (хизматларни) эркин нархларда сотилишини таъминлашга йўналтирилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 декабрдаги 791-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида» 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сон Фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида» 2018 йил 21 ноябрдаги ПҚ-4023-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 18 март,
229-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 мартдаги 229-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш учун зарур бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида» 2011 йил 7 апрелдаги 107-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2011 й., 4-сон, 27-модда):
а) 1-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга, меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга ҳамда болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин»;
б) 2-иловада:
Низомнинг номланиши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга, меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга ҳамда болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низом»;
1-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«1. Ушбу Низом «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат пенсиясини тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга, меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга ва болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга ҳар ойлик нафақалар (кейинги ўринларда нафақа деб аталади) тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.»;
6-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«6. Ёшга доир нафақа:
эркакларга — 65 ёшга етганларида;
аёлларга — 60 ёшга етганларида;
болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга — 55 ёшга етганларида тайинланади.»;
биринчи хатбошига «Иш стажига эга бўлмаган шахсга» сўзларидан кейин «(болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналардан ташқари)» сўзлари қўшилсин;
қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«Болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга ёшга доир нафақа фарзанди болаликдан ногирон деб эътироф этилганлиги тўғрисида Тиббий-маслаҳат комиссиясининг (кейинги ўринларда ТМК деб юритилади) тиббий хулосаси ёки Тиббий меҳнат экспертиза комиссиясининг (кейинги ўринларда ТМЭК деб юритилади) ногиронлик тўғрисидаги маълумотномаси билан тасдиқланган тақдирда тайинланади. Бунда нафақа миқдори пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қариялар ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларнинг нафақаси миқдорида белгиланади.»;
10-банддаги «тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари (кейинги ўринларда ТМЭК деб аталади)» сўзлари «ТМЭК» сўзи билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги «в1» кичик хатбоши қўшилсин:
«в1) болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга ёшга доир нафақа тайинлашда — болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси, фарзанди болаликдан ногирон деб эътироф этилганлиги тўғрисида ТМК томонидан берилган тиббий хулоса ёки ТМЭКнинг ногиронлик тўғрисидаги маълумотномасининг тегишли қисми»;
бешинчи хатбошига «Иш стажига эга бўлмаган шахсга» сўзларидан кейин «(болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналардан ташқари)» сўзлари қўшилсин;
иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
учинчи хатбоши иккинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 мартдаги 249-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2018 й., 3-сон, 70-модда) билан тасдиқланган Нархлари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятли товарлар (хизматлар) ва уларнинг стратегик турлари Рўйхатининг 3 ва 9-бандлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.03.2019 й., 09/19/229/2786-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.03.2023 й., 09/23/119/0160-сон)